Россиянинг чегара ҳудудларида эвакуация, Киевдаги вайронгарчиликлар. Уруш суратлари
Украинада урушнинг 462-куни ўтди. Асосий маълумотлар:
- Давлат думасига судланган шахслар билан ҳарбий шартномалар тузишга рухсат берувчи қонун лойиҳаси киритилди. Депутатлар буни «шартнома асосида ҳарбий хизмат ўташни истовчи фуқаролар орасида шартнома тузиш тақиқланган қатлам кўпчиликни ташкил этаётгани» билан изоҳлаган.
- Краснодар ўлкасида дронлар иккита нефтни қайта ишловчи заводга — Афипский ва Ильский заводларига ҳужум уюштирди. Ҳеч ким жабрланмаган.
- Белгород области раҳбари Вячеслав Гладков Белгород областининг чегара ҳудудлари ўққа тутилиши кучайиши муносабати билан Шебекино ва Грайворон шаҳар округларидан болалар эвакуация қилиниши бошланганини эълон қилди.
- Урушга қаршилигини билдириш учун 2022 йил 14 июнида Краснодарда ФХХ биносига Молотов коктейлини улоқтирган Игор Паскар саккиз ярим йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.
- Давлат думасининг мудофаа бўйича қўмитаси фан номзодлари ва фан докторлари учун сафарбарликни кечиктириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини қўллаб-қувватламади. Хулосада айтилишича, «фуқаронинг илмий даражага эга бўлиши унинг илмий тадқиқотларда бевосита иштирок этишини англатмайди», муҳим соҳаларда ишловчи мутахассислар эса зарурат бўлганда имтиёзга эга бўлиши мумкин.
- АҚШ Украинага 300 млн доллар миқдоридаги янги ҳарбий ёрдам пакети ажратади, бу пакет Patriot тизимлари учун ракеталар, Stinger кўчма ракета комплекслари, Avenger ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари, шунингдек радар бошқарувига эга «ҳаво-ҳаво» типидаги AIM-7 ракеталарини ўз ичига олади. Бу Американинг ҳозирги маъмурияти томонидан Украинага ажратилаётган 39-пакет бўлмоқда.
Киевга тунги ҳужумлардан кейинги вайронгарчиликлар
Май ойи охирида қаторасига уч кун давомида Россия қўшини Киевни ўққа тутди. Украина ҳукумати 28 майга ўтар кечаси амалга оширилган дронлар ҳужумини босқин бошидан буён энг «кенг кўламлиси» деб атади — Украина қуролли кучлари 50 дан ортиқ дронни уриб туширган. Парчалар тушиши оқибатида тинч аҳоли вакилларидан бир киши ҳалок бўлган.
Шаҳар 29 май куни ўққа тутилиши вақтида ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари россияликларнинг барча 40 ракета ва дронларини уриб туширган, 30 майга ўтар кечаси — 31 дрондан 29 таси урилган. Сўнгги ҳужум вақтида бир аёл ҳалок бўлган.
Қуйида Киевнинг бу зарбалардан кейинги манзаралари.
Белгород областида эвакуация қилинаётган болалар
31 май куни Белгород областининг Шебекино ва Грайворон шаҳар округларидан болаларни эвакуация қилиш бошланди. Белгород области раҳбарияти давомли ҳужумлардан кейин шундай қарорга келган, Россия томони бунда Украина қуролли кучларини айбламоқда (Киевдагилар ҳужумларга тўғридан тўғри алоқадорлигини рад этмоқда).
Шебекино ўққа тутилиши оқибатлари
Белгород области губернатори Вячеслав Гладковга кўра, 31 майга ўтар кечаси Россия ва Украина чегарасидаги Шебекино шаҳри ўққа тутилди. Бинолар ва автомобиллар шикастланган, тинч аҳоли вакилларидан тўрт киши яраланган, қурбонлар йўқ. Қуйида зарба оқибатлари акс этган суратлар.
Луҳанск областида Карпати посёлкаси ўққа тутилиши оқибатлари
Аннексия қилинган «ЛХР» расмийларига кўра, 31 май куни украин қўшини HIMARS баравар ўт очиш реактив тизимидан Луҳанскдан 45 километр ғарбда жойлашган Карпати посёлкасини ўққа тутди. Беш киши ҳалок бўлиб, 19 киши яраланган.
Авдийивка яқинидаги украин артиллериячилари
Авдйиивка — аннексия қилинган Донецк атрофидаги шаҳар бўлиб, у ҳамон Украина қуролли кучлари назоратида қолмоқда. Шаҳар учун жанг кенг кўламли босқин бошидан буён давом этмоқда — 2023 йил қишда ва баҳорда Россия армияси Авдийивкани яримқуршов ҳолатига туширди. РФ мудофаа вазирлиги 31 май куни шаҳар атрофида Донецк йўналишидаги энг шиддатли жанглар олиб борилаётганини хабар қилди.
Қуйида Украина қуролли кучлари 55-алоҳида артиллерия бригадаси жангчилари олдинги чизиқда қандай жанг қилаётгани акс этган суратлар.
Володимир Зеленский Киевдаги Болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш марказида
1 июн арафасида Володимир Зеленский Киевда Болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш марказини очиб берди — бу марказ Россиянинг украин болаларига қарши жиноятларига қарши курашиши кўзда тутилган. Очилиш маросимида президент Bring Kids Back UA ҳаракат режаси билан танишди, унга кўра, ҳукумат, хорижий ҳукуматлар ва халқаро ташкилотлар Россия томонидан олиб кетилган болаларни қайтариш устида иш олиб бориши керак. Расмий маълумотларга кўра, ҳозиргача 371 нафар болани қайтаришга муваффақ бўлинган.
Мавзуга оид
22:08 / 23.11.2024
Путин Курск областини қайтариш муддатини белгилади — Зеленский
17:55 / 23.11.2024
WSJ: Украина ўзининг баллистик ракетасини яратиш устида иш олиб бормоқда
13:12 / 23.11.2024
Курск областида яшовчи 46 киши Украинадан қайтиб келди
11:31 / 23.11.2024