16 май куни соат 20:30 ларда Қўқон шаҳридаги минерал ўғит ишлаб чиқарувчи Indorama Kokand Fertilizers & Chemicals корхонасида аммиак моддаси вагондан махсус идишга ўтказилаётган вақтда шлангда ёрилиш ҳосил бўлиб, атрофга аммиак сизиб чиқди. Бунинг оқибатида бир неча фуқаро заҳарланиб, шифохонага мурожаат қилган. Аҳоли заводдан доимий равишда бадбўй ҳид чиқиши, маҳалла ичида жойлашган корхонани бошқа ҳудудга кўчириб беришларини сўраб қилган мурожаатлари жавобсиз қолаётганини таъкидлади. Kun.uz мухбири воқеа жойида бўлиб, завод атрофида яшовчи аҳоли ва корхона раҳбарияти билан суҳбатлашди.
Заҳарли ҳид ҳалиям бор...
“Кеча тунда кўчамиз даҳшатли тутун билан қопланди. Кўзимиз ачиб, томоғимизга аччиқ таъм келаверди. Заводни маҳалла ичидан кўчирмасак бўлмайди. 1990 йилда кўчиш керак эди ўзи аслида. Шўрсув томонга кўчиришмоқчи эди.

Ўша пайтда нима бўлди, билмайман, кўчирмай қолдириб қўйишди. Шу билан яна ишлаяпти, ундан кейин Ҳиндистон сотиб олди. Дардимизни айтяпмиз, ҳеч ким қулоқ солмаяпти. Аҳолини, шаҳарнинг ярмини заҳарлаб юборди кеча аммиак чиқиб кетган пайтда, шабада шаҳар ичига юрган пайтда. Кечаги ҳолатдан саросимага тушиб қолдик. Айниқса ёш болаларга ачиндим ҳолатини кўриб.

Завод атрофида одам зич яшайди. Ҳар куни шу заводнинг заҳарли ҳидини ютишга мажбурмиз. Ҳалиям заҳарли ҳид бор. Ҳид буткул йўқолмаган. Нафасимиз бўғилиб ўтирибмиз”, – дейди Адҳам Ражабов.
Аммиак ҳидидан ўзимни йўқотдим
“Завод девори ҳовлимиздан кўриниб туради, заводнинг орқа томонида яшаймиз. Аммиак ҳидидан мазам қочиб, шифохонага тушиб қолдим. Таксистман. Кўчада бўлган воқеани эшитиб, фарзандларимдан хавотир олиб, уйга қайтишда ҳолатим ёмонлашди.

Тутун ҳидига чидаб бўлмас эди. Икки марта инфарктга чалинганман. Шунинг ҳисобигами, билмадим нафасим қисиб, оғир аҳволга тушиб қолдим.
5-6 йилдан бери заводдан аммиак ҳиди чиқиб туради. Тегишли идораларга ҳолат ҳақида кўп чиққанмиз. Натижа бўлмаган. Келиб ўрганишаверади, ҳеч нарса ўзгармайди. Бу завод халқнинг ичида бўлмаслиги керак, чекка томонга олиш керак. Акс ҳолда одамларни заҳарлайверади.


















