Жаҳон | 10:46 / 02.06.2023
4995
2 дақиқада ўқилади

Пентагон Starlink билан Украинага сунъий йўлдош алоқа хизматларини етказиб бериш бўйича шартнома имзолади

Пентагон Украина учун Starlink сунъий йўлдош алоқа терминалларини сотиб олади. Шартнома АҚШ Мудофаа вазирлиги ва Илон Маск ўртасидаги қийин муносабатларга қарамай имзоланган. Миллиардер аввалроқ Пентагон харажатларни ўз зиммасига олмаса, Starlink компаниясининг Украина учун қилган ишларига ҳақ тўлашни тўхтатиш билан таҳдид қилган, бироқ кейинроқ ўз сўзларидан қайтганди. 

Фото: AFP

Пентагон Илон Маскнинг SpaceX компанияси билан Украина учун Starlink сунъий йўлдош алоқа тизими терминалларини сотиб олиш ва улардан фойдаланиш бўйича шартнома имзолади, деб ёзади Forbes департамент баёнотига таяниб. 

Сунъий йўлдош алоқалари «Украина алоқа тармоғининг муҳим элементидир», дея таъкидлаб ўтди Пентагон. Идора шартнома миқдори ва бошқа тафсилотларни ошкор этмади, буни хавфсизлик сабаблари билан тушунтирди. 

Пентагон, идора ва Маск ўртасидаги кескин муносабатларга қарамай, Starlink’ни сотиб олиш бўйича шартнома имзолади, деб ёзади нашрлар. Ўтган йилнинг октябр ойида миллиардер SpaceX энди Украинадаги Starlink сунъий йўлдош тармоғи фаолиятини молиялаштира олмаслигини айтган ва Пентагондан харажатларни ўз зиммасига олишни сўраган эди. Кейинчалик Маск ўз сўзларини қайтариб олди. «Starlink пул йўқотаётган бир пайтда, бошқа компаниялар солиқ тўловчилардан миллиардлаб доллар олишмоқда, аммо биз Украина ҳукуматини фақат текин молиялаштиришда давом этамиз», — деб ёзди у Twitter’да. 

Ўша ойда Маск Россия Украинадаги Starlink сунъий йўлдош интернет тизимини «ўлдиришга» фаол уринаётганини айтди. Унинг сўзларига кўра, сунъий йўлдошли интернет ҳозирда фронтда ишлашда давом этаётган ягона алоқа тизимидир. Жанговар ҳудудлардаги оптик толали кабеллар, телефон линиялари, уяли алоқа миноралари ва бошқа объектлар вайрон қилинган. Миллиардернинг таъкидлашича, Starlink Украина армияси учун фронт чизиғидаги асосий алоқа воситасидир. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид