Европарламент ўқ-дори ишлаб чиқариш тўғрисидаги қонунни қабул қилди
Европа Иттифоқи парламентарийлари ўрта ва узоқ муддатда Украинага ўз захираларини тўлдириш ва етказиб бериш учун ЕИда ўқ-дорилар ишлаб чиқаришни кўпайтириш тўғрисидаги қонунни қўллаб-қувватладилар.
Европа парламенти 1 июн, пайшанба куни ўқ-дорилар ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги қонунни (ASAP) қабул қилди. Ушбу қонун лойиҳаси Европа Комиссиясидан келиб тушган ва Европа Иттифоқидаги мудофаа саноатининг ўқ-дорилар, артиллерия снарядлари ва ракеталарни етказиб бериш қобилиятини зудлик билан ошириш чораларини ўз ичига олади. Овоз беришда 625 депутат иштирок этди, улардан 446 нафари “маъқул”, 67 нафари “қарши” овоз берди, 112 нафари бетараф қолди.
2025 йилнинг 30 июнига қадар уларнинг ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш учун ЕИ фондларидан 500 миллион евро сармоя киритиш режалаштирилган. Янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш, мавжуд қувватларни оптималлаштириш, кенгайтириш, модернизация қилиш ёки қайта йўналтириш, ходимларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, трансчегаравий саноат шерикликларини, шу жумладан давлат-хусусий шериклик муносабатларини йўлга қўйиш учун молиявий ёрдам кўрсатилади.
“Украинадаги уруш саноат салоҳияти ва таъминот занжирларига салбий таъсир кўрсатган ўн йилликлар давомида мудофаа маблағларининг камлигининг жиддий натижасини фош қилди”, деди эстониялик депутат Свен Миксер 9 май куни Европа парламентида бу борадаги муҳокамада.
Муҳокамада иштирок этган Европа комиссари Тьерри Бретон парламентарийларга Европа Иттифоқининг турли мамлакатларидаги 15 мудофаа саноати корхонасига ташриф буюрганлигини айтди. Унинг сўзларига кўра, ишлаб чиқаришни кўпайтириш учун ирода ва имконият бор, бироқ кўплаб компаниялар Европа Иттифоқидан ташқаридаги давлатлар билан шартномалар билан боғланган. Европа комиссарининг фикрича, компанияларга порох, портловчи моддалар, асбоб-ускуналарни тезкорлик билан олишга ёрдам бериш учун мудофаа саноатини “уруш даври иқтисодиёти” негизига ўтказиш зарур. "Биз жорий ишлаб чиқаришни Европа ва Украина эҳтиёжларига қайта йўналтирамиз", деди Бретон ва бу "мутлақ шошилинчлик" туфайли зарур курс эканлигини қўшимча қилди.
Мавзуга оид
09:10 / 05.11.2024
Европарламент Майя Сандунинг РФ устидан ғалабаси ҳақида маълум қилди
15:30 / 23.10.2024
9 ойда божхонада қанча қурол ва ўқ-дори ушлаб қолингани айтилди
15:36 / 10.09.2024
2023 йилда 219 киши кассетали снарядлардан жабрланди
17:12 / 20.08.2024