Жаҳон | 11:03 / 09.06.2023
6419
2 дақиқада ўқилади

WSJ: Хитой ва Куба оролда АҚШни кузатиш учун база қурмоқчи

Пекин ва Ҳавана АҚШ жануби-шарқидаги алоқа тармоқлари хабарларини тутиб олиш учун Кубада база қуришга келишиб олди, деб маълум қилди WSJ. Манбаларнинг хабар беришича, Хитой Кубага оролда шундай разведка базасини ташкил этиш учун бир неча миллиард доллар тўлашга рози бўлган. Совуқ уруш даврида СССР Кубада худди шундай мақсадда базага эга эди.

Фото: wall street

Хитой ва Куба хабарларни, шу жумладан электрон почта, телефон қўнғироқлари ва сунъий йўлдош маълумотларини тутиб олиш учун Флоридадан 160 км узоқликда махсус база ташкил этиш бўйича махфий келишувга эришди. Пекин оролда шундай разведка иншоотини қуриш учун Ҳаванага бир неча миллиард доллар тўлашга рози, деб ёзади The Wall Street Journal ушбу масаладан хабардор бўлган президент Жо Байден маъмурияти вакилларига таяниб.

WSJ суҳбатдошларининг таъкидлашича, янги объект разведка хизматларига кўплаб ҳарбий базалар жойлашган АҚШ жануби-шарқий қисмида электрон почта хабарларини ушлаш ва Америка кемаларининг ҳаракатини кузатиш имконини беради. Режалаштирилган жой ҳақидаги маълумотлар Кубанинг АҚШга яқинлиги сабабли Байден маъмуриятида хавотир уйғотди. Вашингтонга кўра, илғор ҳарбий ва разведка салоҳиятига эга Хитой базаси АҚШ миллий хавфсизлиги учун мисли кўрилмаган янги таҳдидга айланиши мумкин.

7 июн, чоршанба куни АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши матбуот котиби Жон Кирби WSJ'га келишувлар бўйича изоҳ бера олмаслигини айтди. Унинг таъкидлашича, АҚШ Хитой ҳукуматининг ҳарбий тоифадаги инфратузилмага сармоя киритиш саъй-ҳаракатларини кузатмоқда ва унга қарши чоралар кўрмоқда. Хабар эълон қилинганидан сўнг, Кирби унинг репортажи "нотўғри" эканлигини айтди. У ҳеч қандай маълумот бермади, аммо Қўшма Штатлар "ички ва минтақада хавфсизликни таъминлаш бўйича барча мажбуриятларини" бажаришга қодирлигига ишонтирди.

Мавзуга оид