Ўзбекистон | 12:56 / 10.06.2023
17266
8 дақиқада ўқилади

Дунё тажрибаси: Метрода аёллар учун алоҳида вагон ажратиш – тегажоғликка қарши чора сифатида

Дунёнинг турли давлатлари метрополитенларида жинсий зўравонлик ҳаракатлари кўпайгани сари метро вагонларидан бирини аёллар учун ажратиш масаласи кўтарилган. Бу тажриба ўзини қанчалик оқлаган ёки оқламаганини Япония, Миср, Бразилия, Ҳиндистон, Индонезия, Эрон, Германия каби давлатлар мисолида кўриш мумкин.

Жамоат транспортларида аёлларга нисбатан шилқимлик ёки жинсий тегажоғлик ҳаракатлари кузатилаётгани ҳақиқат. Масалан, 2021 йилда бир эркак метро вагонида 13 ёшли қизга ножўя ҳаракатлар қилганди. Яқинда Тошкент метрополитенида “пранк” видео олиб, нотаниш қизга шилқимлик қилгани учун 2 талаба 5 суткага қамалди. Булар жамоатчиликка ошкор бўлиб қолган ҳолатлар холос. Аслида ҳақиқий манзара бундан ҳам ёмонроқ бўлиши мумкин. Чунки хотин-қизлар истиҳола қилибми, бошқа сабаб биланми, тегажоғлик ёки шилқимлик ҳақида доим ҳам хабар қилмайди ва жим кетади. Шундай ҳолатларни камайтириш, олдини олиш учун дунёнинг бир нечта давлатларида поезднинг 1 ёки 2 вагонини фақат аёллар учун ажратиш чораси кўрилган.

2000га яқин эркакнинг қамоққа олиниши

Япониянинг Токио ва Осака шаҳарлари жамоат транспорти, айниқса, метро тизими жуда яхши ташкиллаштирилган. Токионинг ўзида 1 кунда 8,7 миллион одам метродан фойдаланади. Статистикага кўра, фойдаланувчиларнинг ортиши метрода жинсий тегажоғлик кўпайишига олиб келяпти. Шу учун ҳам Япониянинг асосий катта шаҳарларида аёллар вагони алоҳида қилиб қўйиш ғояси пайдо бўлган. Япониянинг Токио, Осака ва Нагоя каби энг катта шаҳарлари метроларида тегажоғлик ҳаракатлари юзасидан шикоят ошиб кетгани сабаб, полициячилар метрополитен компанияларидан тезроқ бирор ечим ўйлаб топишни сўрашади. 

Бошида аёл ва эркакларни алоҳида-алоҳида вагонларда ташишга ҳамма компаниялар ҳам рози бўлмаган. 2004 йилда жинсий тегажоғликдан шикоятлар рекорд даражада қайд этилгандан кейин, бу масалани жиддий ўйлаб кўришади. Масалан, ўша йили тегиниш ёки бошқача жинсий тегажоғликлардан шикоят ва уларнинг расмли далиллари 2201тага етади. Бу кўрсаткич 1996 йилда 778тани ташкил этганди. Шикоятларнинг аксар қисми мактаб ўқувчи қизлари томонидан келиб тушган бўлиб, шунинг ортидан 1886 та эркак қамоққа олинади. Ҳуқуқбузарлар 14-80 ёш оралиғидаги эркаклар бўлган.

Бундан ташқари, 20-30 ёш атрофидаги аёлларнинг 2/3 қисми ҳам шилқимликнинг турли кўринишларидан жабр чеккан. Айнан шу сабаб 2005 йилдан бошлаб поездларда куннинг тиғиз вақтлари – эрталабки 6-9 оралиғи ва кечки 5-9 оралиғида – аёл ва эркаклар алоҳида вагонларда ҳаракатлана бошлаган. Вагоннинг ташқи ранги пушти бўлиб, бундан фақат аёллар учун деган маъно англашилади. Ҳозир ҳам мамлакатда фақат аёлларни ташийдиган 32та темирйўл компаниясининг 87та линияси бор.

Албатта, бошида бу тартибга норози қатлам ҳам бўлган. Айрим эркаклар буни дискриминация деб талқин қилишган бўлса, бошқалари бу ислоҳот аралаш вагонларда одам сонининг яна ҳам кўпайишига олиб келганидан ёзғирган. Айримлар эркак бўлгани учун уларга бузуқ тамғаси босиляпти деган фикрни ҳам айтишган. Бироқ шу ислоҳотдан кейин тегажоғликдан шикоятлар кескин қисқарган.

Ўртадаги 2та вагон аёлларга

Қоҳира метросининг барча поездларида ўртадаги иккита вагон – тўртинчи ва бешинчи вагонлар ва Искандариянинг барча трамвайларидаги энг олдинги вагон аёллар учун ажратилган. Шунингдек, Қоҳира метросидаги бешинчи вагондан соат 21:00дан кейин аралаш фойдаланса бўлади. Бу аёллар бошқа вагонда эркаклар бошқа вагонда кетиши шарт деган қоида эмас, балки вагонлар эркаклар билан битта вагонда кетишни истамайдиган аёллар учун хизмат қилади. Яъни аёллар истаган вақтида аралаш вагонда кетишлари мумкин. Бу сиёсат аёлларни эркаклар томонидан жинсий тегажоғликдан ҳимоя қилиш учун жорий этилган.

Ўта тиғиз вақтларда аёлларга хизмат кўрсатиш

Рио де Жанейрода ҳам жинсий тажовузларнинг олдини олиш учун 2006 йил апрелида аёллар учун алоҳида вагон жорий қилинган. 6та вагондан иборат поезднинг 1та вагони пушти рангда қилиниб, у душанбадан жумагача ўта тиқилинч соатларда – эрталаб 6-9 ва кечки 17:00дан 20:00гача фақат аёлларни ташийди. Эркаклар махсус вагонга ўтиришларига йўл қўймаслик учун метрополитенда полиция назорати ўрнатилган ва махсус вагонларга чиқиш жойида полда фақат аёллар учун мўлжалланган вагон эканини кўрсатувчи белги туради. 

Шунга ўхшаш тартиб Сан-Паулу метросида 1995 йил октябридан 1997 йил сентябригача ҳам давом этади. Аммо метрополитен эр-хотинларнинг баъзи шикоятларидан кейин бу тартибни тўхтатишга қарор қилади.

Аёллар ва болалар учун 3та вагон

Мексика пойтахтида ҳар куни содир бўладиган шилқимлик, ўғирлик ва аёлларни ўлдиришнинг олдини олиш учун поезднинг биринчи вагонларини фақат аёллар учун ажратишган. Бундай вагонларнинг кириш жойига пушти стикерлар ёпиштирилган бўлиб, бу фақат аёллар кириши мумкинлигини англатади. Стикерларга “Бу вагон душанбадан якшанбагача ҳар доим фақат аёлларга хизмат қилади”, деб ёзилган. Ёзувнинг ёнида 12 ёшгача бўлган қўшимча ёзув билан аёл ва болаларнинг пиктограммалари жойлаштирилган. Шундай қилиб поездда аёллар ва болалар учун жами учта вагон ажратилган.

Ҳиндистонда ҳолат қандай?

Ҳиндистонда узоқ масофага борадиган поездларнинг деярли ҳаммасида аёллар учун алоҳида вагонлар бор. Мумбайда эса барча шаҳар атрофи поездларида фақат аёллар учун мўлжалланган купелар бўлиб, уларга мактаб ёшидаги болалар ҳам кириши мумкин. Иккита вагон аёллар учун кунига 24 соат хизмат қилса, яна биттаси тиқилинч соатлардагина аёлларни ташийди.

2000-йилларда саёҳат қилиш керак бўлган аёллар сони икки баравар кўпайганлиги сабабли, бундай хизматларга талаб жуда кучайган. Кўпгина темирйўл хизматлари фақат аёллар учун мўлжалланган вагонларни таклиф қилади. Масалан, Мумбай ва Деҳли метросида ҳам шундай тартиб амал қилади.

Индонезия ва Германияда ўзини оқламаган вагонлар

Индонезия темирйўл компанияси PT Kereta Api 2010 йил август ойидан бошлаб баъзи шаҳарлараро поездларда фақат аёллар учун вагонларни жорий қилди. Бу жинсий тегажоғлик ҳақидаги шикоятларнинг кўпайгани фонида юз беради.

Аёллар вагонлари пушти ёки бинафша рангда бўлиб, поезднинг боши ва охиридаги вагонлар аёллар учун ажратилган бўлган. Лекин ташаббус маълум вақтдан кейин бекор қилинган. Чунки куннинг ўта тиқилинч соатларида аралаш вагонлар ҳаддан ортиқ тирбанд бўлиб, аёллар вагонлари нисбатан бўшаб қолган.

Бундай тажриба 2016 йилда Германиянинг Лейпциг-Хемниц минтақавий поездида ҳам жорий этилган эди. Бу тартибга йўловчиларнинг муносабатлари турлича бўлган. Баъзилар аёллар ўзларини хавфсизроқ ҳис қилишлари учун бу чорани олқишлаган бўлса, бошқалар бунга жинсларни ажратиш ва «қолоқ ечим» сифатида қарашган. Кейин Германия ҳам бу тартибдан воз кечган.

Эрон ва Бирлашган Араб Амирликларидаги тартиб

Бугунги кунда Эрон пойтахти Теҳрон ва Машҳад шаҳрида фақат аёлларга мўлжалланган енгил автомобиллар мавжуд. Бундан ташқари, ҳар бир поезднинг олд ва орқа вагонлари фақат аёллар чиқиши учун ажратилган.

Дубай метро тизимидаги ҳар бир поездда фақат аёллар ва болалар учун иш кунлари соат 7:00 дан 9:00 гача ва 17:00 дан 20:00 гача бўлган махсус вагон ажратилган. Бу вақтларда вагонга кирган эркаклар 100 БАА дирҳами (27,25 АҚШ доллари) миқдорида жаримага тортилади.

Зуҳра Абдуҳалимова тайёрлади

Мавзуга оид