Қарши ҳужумнинг илк натижалари ва Кривой Рогга зарба оқибатлари. Уруш суратлари
Украинада урушнинг 475-куни ўтди. Асосий маълумотлар:
- Россия ҳарбийлари Кривой Рогга йўллаган зарба оқибатида беш қаватли турар жой биноси вайрон бўлди. 12 киши ҳалок бўлган.
- Украина ҳукумати ва Херсон областига Россия томонидан тайинланган маъмуриятга кўра, Каховка ГЭС тўғони вайрон бўлиши оқибатида ҳалок бўлганлар сони 29 кишини ташкил этмоқда.
- Украина мудофаа вазири ўринбосари Анна Малярнинг маълум қилишича, мамлакат қуролли кучлари Донецк ва Тавр оператив районларида бир ҳафта давомида еттита аҳоли яшаш манзилини озод этган.
- Владимир Путин ҳарбий мухбирлар билан учрашув ўтказди. У илк бор Россиянинг чегарадош регионлари ўққа тутилиши юзасидан муносабат билдирди, шунингдек Украинада жанг қилаётган маҳбусларни афв этиш тўғрисида фармон имзолаганини тасдиқлади. Унинг чиқишидаги асосий гапларни ушбу ҳаволада ўқиш мумкин.
- Бундан ташқари, Путин ҳарбий хизматга чақирилувчиларнинг четга чиқиш паспортларини олиб қўйиш тўғрисидаги қонунни ва жиноят содир этган полициячилар учун жазони енгиллаштирувчи қонунни имзолади.
- Давлат думаси депутатлари уруш иштирокчиларини кичик ва ўрта оғирликдаги жиноятлар учун жавобгарликдан озод қилишни таклиф этишди.
- Петербургда сафарбарликдан дезертирлик қилган аскар (суд унинг шахсини очиқламаган) етти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди. Тергов версиясига кўра, 2022 йил октябрида ҳарбий хизматчи аннексия қилинган «ЛХР» ҳудудида мудофаа позициясига чекинишдан бош тортган ва автоматини олиб хизмат жойини тарк этган.
Донецк областида озод этилган қишлоқлар
Украина қўшини Донецк областининг ғарбий қисмидаги тўрт қишлоқни — Макаровка, Блаҳодатне, Нескучне ва Сторожевое қишлоқларини озод этган. Бу 4 июн куни бошланган қарши ҳужумнинг дастлабки натижалари бўлди. Қуйида украиналик ҳарбийлар томонидан озод этилган Нескучне қишлоғидаги вазият акс этган суратлар.
Кривой Рогга зарба оқибатлари
13 июнга ўтар кечаси Россия қўшини Днипропетровск областида, Днипро шаҳридан 140 километр жануби-ғарбда жойлашган Кривой Рог шаҳрини ўққа тутди. Ракеталардан бири беш қаватли турар жой биносига келиб урилган — сўнгги маълумотларга кўра, 12 киши ҳалок бўлган. Шаҳар маъмурияти раҳбари Олександр Вилкул беш қаватли уйдан ташқари омборхона, хусусий корхона, қутқарувчилар бўлинмаси ва яна бир объект шикастланганини хабар қилган.
РФ мудофаа вазирлиги россиялик ҳарбийлар «Украина қуролли кучларининг оператив захиралари тўпланган жойларга, шунингдек, ўқ-дорилар ва хорижда ишлаб чиқарилган қуроллар омборларига узоқ масофага юқори аниқликда ҳаракатланувчи қуроллар билан гуруҳли зарбалар йўллагани»ни маълум қилган.
Херсонда сув тошқинидан кейин илк бор кўришаётган қўшнилар