БМТ томонидан ҳар йили 17 июнь — Жаҳон чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши кураш куни сифатида белгиланган. Мазкур муаммо бугунги кундаги энг ўткир муаммолардан бири саналади. Жаҳонда йилдан йилга яшил майдонлар камайиб, чўл ҳудудлари ортиб бормоқда.

Одатда чўлланиш, қурғоқчилик, озиқ-овқат муаммолари деганда кўз ўнгимизга Африка қитъасидаги ҳудудлар келади. Аммо вазият биз ўйлаганчалик фақат бир минтақа билан чегараланмаяпти. Бугун Осиё, ҳатто Европа ҳам бу муаммо билан юзлашмоқда. Инсоният улкан синов қаршисида турибди.

Маълумотларга кўра, бир дақиқада Ўзбекистоннинг 9 квадрат метр ҳудуди чўлланиб боряпти. Ҳар сонияда дунё бўйлаб 23 гектар чўлланиб боряпти. Бу ҳолат давом этаверса, 2050 йилга бориб, Ер юзининг 95 фоизи чўлланиши ва бу 3 миллиарддан зиёд одамни озиқ-овқат танқислигида қолдириши мумкин.

Инсон омили

Чўлланиш икки икки хил сабабга кўра вужудга келади: табиий ва антропоген (инсон) омил таъсирида. Табиий омил турли офатлар, қуруқ иқлим шароити таъсирида пайдо бўлади.

Инсон омили эса дарахтлар ва ўсимлик оламининг йўқ қилиниши, деҳқончилик фаолияти ва турли кимёвий ўғитлардан фойдаланиш, нотўғри суғориш тизими, ерларни ўзлаштириш таъсирида вужудга келади.

Афсуски, ҳозирда Ер юзининг 75 фоиз ҳудуди чўлланиш таъсирига учраган, 2050 йилга бориб бу ҳолат 90 фоизга етиши кутилмоқда. Чўл ҳар куни, ҳар соатда яшил ҳудудларда аждарҳодек ўз домига тортиб бормоқда.

Ҳар йили бу муаммога учраётган ер майдони ҳажми Европа Иттифоқи ҳудуди (4,2 млн. кв.км)нинг қарийб ярмига тўғри келади. Чўлланишдан энг кўп азият чекаётган минтақалар бу Африка ва Осиёдир.

Қурғоқчил иқлим ва чўл ҳудудларининг кенгайиши 2050 йилгача 700 миллиондан ошиқ кишининг ўз яшаш ҳудудини тарк этишига сабаб бўлиши кутиляпти. Энг ёмон сценарийда бу кўрсаткич 2 миллиардгача етиши мумкин. Энг катта хавф Хитой ва Ҳиндистон, Саҳройи Кабир ҳудудларига қаратилиши мумкин. Афсуски, бу муаммо Ўзбекистон жойлашган Марказий Осиёни ҳам четлаб ўтмайди.