Ўзбекистон | 20:24 / 19.06.2023
19956
7 дақиқада ўқилади

Қулай бошлаган ноқулай лифтлар: хавфсизлик учун нималарни билиш керак?

Тошкент шаҳрининг Янгиҳаёт туманида 16 қаватли уйнинг лифти 16-қаватдан пастга тушаётганида қулаб тушди, фақат бахтли тасодиф туфайли ҳеч ким ҳалок бўлмади. Воқеада 11 киши турли даражада жароҳат олди.

Kun.uz мухбирлари воқеа жойидан репортаж тайёрлашди. Унда маълум қилишича, одамлар яшаш учун кўчиб кирган қўпқаватли уйнинг йўловчи лифтлари носоз бўлган ва воқеа асносида одамлар юк ташиш учун мўлжалланган лифтдан фойдаланишган. Шахтага қулаган лифт ҳам айнан ўша юк ташийдиган лифт бўлган.

Сўнгги йилларда турар жойлар қурилиши борасида юртимизда «қурилиш буми» юз бермоқда. Катта-катта шаҳарларимизда осмонўпар турар жой бинолари ёмғирдан кейинги қўзиқориндек кўпаймоқда.

Қурилиш меъёрларига кўра, кўп қаватли турар жой биноси 5 қаватдан ошдими, у албатта лифт билан таъминланиши керак. Ҳозир шаҳарларимизда 16–25 қаватли тураржой бинолари ҳам барпо этилмоқда.

Ўз-ўзидан савол туғилади: бундай турар жой биноларидаги лифтлар белгиланган талабларга мувофиқ ўрнатилмоқдами? Ўрнатилаётган лифтлар талаб этилган сифат, хавфсизлик меъёрларига жавоб берадими? Қайсидир ташкилот уларни назорат қиляптими? Қурилиш ва коммунал хўжалик вазирлиги бу борада алоҳида тушунтириш билан чиқса, барча учун фойдали ва яхши бўлар эди.

Қурилиш ташкилотларимиз (ҳозир уларнинг катта қисми хусусий компаниялар) кўп қаватли турар жой биноларига сифатли лифтлар ўрнатишини қаттиқ назоратга олиш керак. Қурилган уйга одамлар кўчиб келмасидан аввал лифтлар соз ҳолатда экани тўлиқ синовдан ўтказилиб, ундан хавфсиз фойдаланиши мумкинлиги тўғрисида махсус сертификат берилганидан сўнггина уйга кўчиб киришга рухсат бериш керак.

Ҳозир хусусий қурилиш компанияларимиз уйларни у учун тўлов қилган одамларнинг пулларига қуришмоқда. Уйлар чала-чулпа битказилиб, эгаларига топширилмоқда. Токи лифт рисоладагидек ишлатилмас экан, ҳар қандай ҳолатда бундай уйларга кўчиб кириб яшашга рухсат бермаслик керак. Квартиралар учун пул тўлаган одамлар ҳам буни қаттиқ талаб қилишлари керак. Чунки эрта бирор нохуш кор-ҳол рўй берадиган бўлса, ўзлари жабрини тортишади.

Воқеа сабоқ бўлиши лозим

Албатта. Янгиҳаётдаги воқеа ҳам бунга бир далил. Бундай воқеаларнинг содир бўлиш эҳтимоли доимо сақланиб туради, гарчи унинг эҳтимол даражаси паст бўлса ҳам.

Маълумки, лифтлар трослар ёрдамида кўтарилиб туширилади. Замонавий лифтлар барча хавфсизлик қоидаларига мувофиқ тайёрланган, унинг барча трослари узилиб кетган тақдирда ҳам, чекловчи механизмлари ишга тушиб, лифтнинг юқоридан пастликка тезлик билан қулашининг олдини олиши лозим.

Замонавий лифтлар юқоридан учиб келиб, шахта тубига урилганида ҳам зарбанинг кучини юмшатиб, йўловчиларнинг ҳаёти ва соғлигига имкон қадар камроқ шикаст етказадиган қилиб тайёрланади, аслида.

Янгиобод туманида фавқулодда ҳолатга нима сабаб бўлгани ҳали экспертлар томонидан очиқланади, албатта. Балки лифт заводдан носоз ишлаб чиқарилгандир? Ёки қурувчи томонидан лифт белгиланган талабларга риоя қилинмасдан, нотўғри ўрнатилгандир? Балки йўловчилар фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига риоя қилишмагандир. Рўй берган воқеада мана шу учта асосий тахмин мавжуд.

Лифт қулай бошласа...

Биз шунга ўхшаш ҳолатларда қандай йўл тутишга оид айрим йўриқномалар ва тавсияларни санаб, эслатиб ўтишга қарор қилдик.

Аслида қулаётган лифтда бўлиб қолиш эҳтимоли лифт билан боғлиқ бошқа хавфлардан кўра анча паст. Одамлар одатда лифт эшиклари қисиб қолиши ёки лифтнинг бўш шахтасига тушиб кетиши оқибатида кўпроқ жабрланишади. Шунинг учун лифт чақирганингизда эшиклар очилиб, рўпарангизда лифт кабинаси ҳозир бўлганига амин бўлинг, бўш шахтага қадам ташлаб юборманг.

Лекин шунга қарамасдан, сиз минган лифт кабинаси катта тезликда пасая бошласа, нималар қилиш кераклигини билиб қўйиш фойдадан холи эмас.

Сакрамаслик керак. Одамлар кўпинча қулаётган лифт шахта тубига бориб урилиш олдидан сакраб қолишга улгурилса зарбанинг кучи камаяди, деган нотўғри фикрда бўлишади. Лекин зарба қачон рўй бериши ва қачон сакраш кераклигини қаердан биласиз? Лекин сакрашга улгуриб қолган тақдирингиздаям қулаш тезлигини ўзингизнинг эсон-омон қолишингиз учун етарли тарзда секинлаштира олмайсиз. Боз устига сакраш чоғида жароҳатланиш ҳам мумкин.

Тик турманг. Қулаётган лифтда тик туриш – ҳаётингиз учун зарарли. Зарба чоғида сизнинг ўз вазнингиздан ўн баробар куч оёқларингизга тушади ва умуртқангиз эзилиши, оёқ суякларингиз синиши мумкин.

Полга ётиб олинг. Яхшиси чалқанча ётинг, бошингизни қўлларингиз билан беркитиб олинг. Бу ҳолатда сиз зарба натижасида лифт конструкцияси парчалари билан жароҳатланишдан ҳам ўзингизни асрайсиз.

Энг асосийси, зилзила ва ёнғин юз берганида лифтлардан фойдаланмаслик кераклигини унутманг. Ёпилаётган лифт эшикларини ҳеч қачон қўлингиз ёки оёғингиз, умуман, тана қисмларингиз билан тўхтатишга уринманг.

Лифтда қамалиб қолсангиз...

Маълумки, лифтларнинг барчаси электр энергиясида ишлайди. Кундалик электр узилишлари одатий ҳолга айланиб қолди. Кундалик фойдаланишда ўзингиз яшайдиган тураржой биносидами ёки бирор корхонада лифтга қамалиб қолсангиз, нималар қилиш кераклигини ҳам ёдлаб олиш зарар қилмайди.

  • Биринчиси ва энг асосийси — тинчланинг, ваҳима кўтариб вазиятни янада оғирлаштирганингиз қолади. Клаустрофобия касалингиз бўлса ёки кутилмаган шок ва қўрқувдан қочиш учун нафас олиб-чиқариш техникалари ва медитациядан фойдаланиш мумкин.
  • Шундан сўнг кўп ҳам қўрқинчли иш юз бермагани, ваҳима кўтариш шарт эмаслигини тушунишга ҳаракат қилинг.
  • Лифтнинг барча тугмаларини кетма-кет босиб ташламанг. Лифт ичида сакраманг. Лифт кабинаси эшигини ўзингиз очишга ҳаракат қилманг.
Фото: mchs.gov.ru
  • Диспетчерни чақириш тугмаси, авария хизматини чақиришга ҳаракат қилинг. Муаммо ва жойлашган ўрнингизни аниқ тушунтиринг. Лифтдан кўп фойдаланадиган бўлсангиз, бу диспетчер қайноқ линия рақамини контактларингизга ҳар эҳтимолга қарши киритиб қўйинг.
  • Агар диспетчерлик ёки авария хизмати жавоб бермаса ёки кела олмаса, 101 рақамига – қутқарув хизматига қўнғироқ қилинг.
  • Агар ёнингизда телефон бўлмаса ёки мобил алоқа сигнали ушламаса, баланд овозда бақириб, ёрдам сўранг, кимдир етиб келса, ундан керакли хизматни чақиришда ёрдам сўранг.
  • Агар авария-қутқарув хизматини кутиш асносида қизиб кетсангиз, юқоридаги кийимларингизни ечиб олинг. Ёнингизда сув бўлса, кам-камдан ичинг. Агар ўзингизни ёмон ҳис қила бошласангиз, қўлингиздаги нарсаларни полга қўйиб, кабинага суянганча ўтириб олиб, оёқларингизни узатинг.

Энг асосийси, лифтларда кабинага сиғадиган ўртача инсонлар сони ва максимал вазн чегараси ўрнатилган. Йўловчи ташишга мўлжалланган лифтлар камида 400 кг вазн ёки ўртача 80 кг вазнга эга 5 инсонни кўтаришга мўлжалланган бўлади.

Турли айёрликларни ишга солиб, лифтни ортиқча одам ва вазн билан юритишга умуман уринманг. Яхшиси, лифт кабинасини яна бир марта чақиринг. Хавфсизлик техникасига доимо риоя қилинг.

Шуҳрат Шокиржонов тайёрлади.

Мавзуга оид