Пойтахтликларнинг суткалик сув сарфи жон бошига 400 литргача етаётгани айтилди
Сенат раиси Танзила Норбоева охирги пайтларда сув билан боғлиқ тизимли муаммолар ҳақида жамоатчилик бонг ураётгани, турли танқидий-таҳлилий чиқишлар ва асосли мулоҳазалар билдирилаётгани, бироқ масъуллар жим эканини таъкидлади.
Олий Мажлис Сенатининг қирқ иккинчи ялпи мажлисида Б.Алихонов сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш масаласи юзасидан маъруза қилди.
Маълум қилинишича, Тошкент шаҳрида сув сарфи айрим пайтларда аҳоли жон бошига суткасига 400 литрни ташкил қилмоқда. Бу дунё шаҳарлари кўрсаткичидан анча юқори. Масалан, аҳоли жон бошига суткалик сув сарфи Берлин шаҳрида 124 литрни, Амстердамда 156 литрни, Лондонда 165 литрни, Москвада 249 литрни, Хитойнинг шаҳарларида эса 204 литрни ташкил этади.
Мамлакатда олинадиган чучук сувнинг қарийб 90 фоизи қишлоқ хўжалигида фойдаланилади (дунёда ушбу кўрсаткич ўртача 65 фоизга тенг). Бу рақам коммунал соҳада 4,5 фоизни, саноат ва энергетика соҳасида 4,3 фоизни ҳамда балиқчиликда 1,2 фоизни ташкил этади.
Қишлоқ хўжалигида ҳар бир гектарга сув сарфи айрим давлатларга нисбатан 2-2,5 баробар кўп. Экин майдонларига сув етказиб беришда сезиларли йўқотишлар бор. Ирригация тизимларида носозликлар мавжуд. Қолаверса, ерости сувларининг ҳажми ва сифати ҳам тобора пасайиб бормоқда.
Алихоновга кўра, иқтисодий тармоқлар, ижтимоий объектлар ҳатто айрим ҳолатларда аграр соҳада ҳам сувдан фойдаланишнинг эскирган усул ва воситалари қўлланмоқда. Сувни бошқариш, фойдаланиш, юритиш ҳамда сув хўжалиги объектлари тўлиқ рақамлаштирилмаган. Шу билан бирга, ичимлик сувидан бошқа соҳаларда фойдаланиш авж олган. Бозорлар, кўчалар, хизмат кўрсатиш масканлари ва бошқа аҳоли гавжум жойларда ўрнатилган сув тармоқлари нуқталарида элементар қоидаларга амал қилинмаган. Масъулларнинг эътиборсизлиги ва масъулиятсизлиги туфайли сувнинг беҳуда исроф бўлиши ҳолатлари кузатилмоқда.
Сенат раиси Танзила Норбоева мамлакатнинг умумий сув ресурсларидан тежамли фойдаланишдаги муаммолар юзасидан фикр билдириб, глобал муаммога айланаётган сув танқислигидан тегишли хулосалар қилиб, бу шароитларга мослашиш, сувни тежаш ва рационал ишлатишни ўрганиш зарурлигини таъкидлади.
“Ушбу йўналишда ўз ечимини кутаётган асосий масала - сувдан фойдаланишдаги исрофгарчилик ва ўйловсиз ишлатилиши масаласи. Кундалик ҳаётимизда сувни беҳуда, мақсадсиз исроф қилиш ҳолатларига кўп дуч келмоқдамиз.
Охирги пайтларда сув билан боғлиқ тизимли муаммолар ҳақида жамоатчилик бонг урмоқда. Турли танқидий-таҳлилий чиқишлар, асосли мулоҳазалар билдирилмоқда. Бироқ масъуллар жим. Сувдан рационал фойдаланишга қаратилган кенг қамровли чора-тадбирларни кўрмаяпмиз.
Ваҳоланки, дунёнинг кўплаб тараққий этган давлатларида ҳам уларда турмуш даражаси қанчалик юқори бўлмасин, сувни асраб-авайлашга ниҳоятда жиддий эътибор қаратилади, турли инновациялар жорий этилган.
Бизда эса оддий кундалик рўзғор даражасидан тортиб, йирик давлат ташкилотларигача сувдан оқилона фойдаланиш маданияти ҳали тўлиқ шаклланмаган. Айниқса, катта шаҳарларимизда сувни исроф қилиш, тежамаслик ҳолатлари кўпроқ кўзга ташланади.
Бундай ҳолатларга чек қўйиш мақсадида ишни энг қуйидан, яъни оилалар ва маҳаллалардан бошлаш зарур. Бу борада мутасадди тузилмалар, фуқаролар йиғинлари масъуллари масъулиятни жиддий оширишлари, одамларга тушунтиришлари керак. Сувни исроф қилиш ҳолатларига нисбатан жамоатчиликнинг фаол таъсир усулларидан ҳам самарали фойдаланиш, яъни муросасиз жамоатчилик назоратини ҳам таъминлаш зарур”, дея таъкидлаб ўтган Сенат раиси.
БМТ маълумотларига кўра, ҳозирда дунёда қарийб 1,5 млрд аҳоли тоза ичимлик сувидан фойдалана олмайди, 2,3 млрд аҳоли эса санитар талабга жавоб бермайдиган сувни истеъмол қилишга мажбур бўлмоқда.
Мавзуга оид
15:05 / 12.11.2024
Тошкент ҳавосини ифлослантириши мумкин бўлган барча объектлар назоратга олинди — ҳокимлик
22:45 / 10.11.2024
Тошкентда «закладчик»ни калтаклаган уч нафар шахс қўлга олинди
10:47 / 08.11.2024
Тошкентда айрим кўчалар ёпилиши ҳақидаги хабарлар рад этилди
08:48 / 08.11.2024