Жаҳон | 18:03 / 27.06.2023
37074
9 дақиқада ўқилади

«Тепадан буйруқ келганди — қон тўкилмаслиги учун „Вагнер“нинг ишларига аралашмаслик». Исён куни Ростов-Донда нималар бўлди?

24 июнга ўтар кечаси «Вагнер» ХҲК отрядлари ҳеч қандай қаршиликсиз Ростов-Дон шаҳрига кириб келди, уларга бошчилик қилган Евгений Пригожин бундан олдинроқ Россия ҳарбий раҳбариятидаги «қонунсизлик» ва мамлактадаги «тартибсизлик»ни ҳал қилмоқчи эканини эълон қилганди.

Фото: Reuters / Scanpix / LETA

ХҲК жангчилари шаҳарнинг бир қанча марказий кварталларини, жумладан, Жанубий ҳарбий округ штаби жойлашган Пушкин кўчасини блоклашди. Шу ва унга қўшни кўчаларга улар ҳарбий техникаларни, жумладан иккита танкни жойлаштиришди («Озодлик радиоси» мухбири учта танк санаган). Техникалардан бири Ростов цирки эшигига — 4-рақамли полиция бўлими рўпарасига, яна бири — штаб биноси олдига қўйилган. Штаб ичида кейинроқ Пригожиннинг РФ мудофаа вазири ўринбосари Юнус-Бек Евкуров ҳамда Бош штаб раҳбари ўринбосари Владимир Алексеев билан музокараси бўлиб ўтади.

24 июн тонгида, вагнерчилар Ростов марказида бўлиб турганида, Жанубий ҳарбий округ штабига яқин бўлган Буденновский проспектида дорихоналар, дўконлар ва супермаркетлар ёпилади, кўплаб кафе ва ресторанлар очилишга улгурмайди, дея хабар берган 161.ru. Шаҳар марказидаги «Россия почтаси» бўлими, СДЭК етказиб бериш хизматлари ва Ozon интернет дўкони пунктлари ишламади. Мактабларда 24 июн кунига белгиланган битирув куни, олий таълим муассасаларида эса — дарслар ва имтиҳонлар бекор қилинади.

Ростовликлардан бир қисми бошлиқлар томонидан 24 июн куни ишланмайдиган кун экани ҳақида огоҳлантирилган. Шаҳар аҳолисининг бир қисми эса бу ҳақда вагнерчилардан билган: ХҲК кучлари ўраб олган ҳудуд ичида қолган гул дўконлари ва сартарошхоналар ходимлари айтиб беришича, ёлланма жангчилар уларни ёки ҳудудга киритмаган ёки ишхонани очмасликни сўраган. Шаҳар марказида ишловчиларнинг бир қисми вазият мураккаблиги туфайли иш жойларига боришдан бош тортган. Шу билан бирга, шанба куни Ростов марказида ишлаган дўконлар ва кафеларнинг ходимлари яхшигина пул ишлаб олишди, дея ёзади 161.ru.

Бу ерда Москва шаҳри, Москва ва Воронеж областларидан (ёлланма жангчиларнинг бошқа гуруҳи ушбу ҳудуд орқали пойтахт томон юриш қилаётганди) фарқли равишда, аксилтеррор амалиётлар режими эълон қилишмади. Ростов области расмийлари фақат регион бўйича «Крепость» режаси эълон қилиш ҳамда маҳаллий аҳолини «зарурат бўлмаганда» уйдан чиқмасликка чақириш билан чекланди. Аммо, ОАВда берилган репортажлардан кўриш мумкинки, одамларнинг ҳаммаси ҳам расмийларнинг чақириқларига қулоқ тутмаган.

Ростовда яшовчилар BBC рус хизмати мухбирига айтиб беришича, шаҳар марказидан ташқарида «ҳаёт одатий тарзда давом этган». Суҳбатдошлардан бири у яшайдиган шаҳарнинг чекка районида кундалик ҳаёт деярли ўзгармаган, у фақат дўконда «енгил ваҳима»ни пайқаган. «Одамлар араваларига ҳожатхона қоғозлари, гўшт консервалари, бошқа зарурий буюмларни тўлдириб олишганди. Заправкаларда ҳам навбатлар, ҳатто бензинни канистрда олиб келиб қуйишарди. Ҳолбуки маҳаллий пабликлар ваҳима қилмаслик кераклиги, тақчиллик йўқлиги ҳақида ёзаётганди», — дея ҳикоя қилади ростовлик аёл.

Ростовликларнинг айримлари шаҳарни тарк этишга уриниб кўради: шаҳар чеккасидаги темирйўл вокзалида навбатлар юзага келади, Ростовдан чиқишда эса — тирбандликлар. Шаҳарликларнинг яна бир қисми эса ҳеч қандай қаршиликсиз марказий кўчаларга келиб, ёлланма жангчилар билан гаплашиб, Путин уларни «сотқинлар» деб атаганига қарамай, улар ва ҳарбий техникалар билан суратга тушади.

«Озодлик радиоси» қайд этишича, вагнерчилар шаҳар аҳолиси билан хайрихоҳ оҳангда мулоқот қилган. Уларнинг айримларининг юзи балаклавалар билан тўсилган, бошқалари эса юзини яширмаган, аммо суратга олмасликни сўраган. Бир қанча жангчиларни «Вкусно — и точка» ресторанларидан бирида кўришган. Хабар қилишларича, ёлланма жангчилар шаҳар аҳолиси вакилларига компания байроқларини тарқатишган, одамлар эса ўз навбатида жангчиларга сув, егулик ва сигаретлар келтиришган.

Журналистларнинг хабарларига кўра, марказда йиғилганларнинг аксари ёлланма жангчиларни қўллаб-қувватлаган. «Озодлик радиоси» шаҳарда ёлланма жангчиларни яхши қабул қилишганини маҳаллий аҳолининг кўпчилигининг дўстлари ёки қариндошлари ХҲК сафларида хизмат қилиши билан изоҳлаган. Шу билан бирга, жангчилар билан баҳслашиб, улар нега «ватанни ҳимоя қилмасдан», Ростов-Донга келгани бўйича изоҳ сўраганлар ҳам топилган.

Кун ўрталарида шаҳар марказидаги вазият ўзгара бошлаган: ёллланма жангчилар аҳолидан хавфсизлик нуқтайи назаридан кўчаларни тарк этишни сўраган. Кўп ўтмай Ростовда отишма ва портлаш овозлари эшитилган. Кун охирига бориб вагнерчилар Буденновский проспектидаги «Ростелеком» биносини ҳам ўққа тутган. Бу ерда нима бўлгани ҳозирга қадар аён эмас.

Пригожиннинг исёни қанчалик кутилмаган тарзда бошланган бўлса, шундай кутилмаган тарзда якунланди. Александр Лукашенко билан музокаралар олиб борилгани тўғрисидаги хабар ва ХҲК асосчисининг ёлланма жангчилар «ўз колонналарини ортга қайтаргани» тўғрисидаги баёнотидан кейин, вагнерчилар Ростовни тарк эта бошлади.

161.ru хабарига кўра, ёлланма жангчилар бузилиб қолган зирҳли машинани шаҳарга ташлаб кетишган ва хайрлашув рамзи сифатида ҳавога ўқ узишган. Маҳаллий аҳоли вакиллари вагнерчиларни шундай ҳайқириқлар билан кузатиб қўйишган: «Вагнер!», «Ростов!», «Баракалла!».

Пригожиннинг ўзини марказий кўчалардан бирида йўлтанламасда кетаётганида учратишган. Уни ҳайқириқлар ва олқишлар билан қаршилашган, у машинага яқинлашиб келган айрим одамлар билан қўл бериб кўришган. Кремлдагилар Пригожинга қарши ҳарбий исён бўйича очилган жиноят иши тўхтатилганини, ёлланма жангчилар раҳбари Беларусга «кетиши мумкинлиги»ни маълум қилган. Бу нимани англатишига изоҳ берилмаган.

Шаҳарда шанба куни кун бўйи чечен ҳарбийлари етиб келишини кутишди, улар «кескинлик зонаси»га йўл олгани ҳақида Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров анонс қилганди. Якунда, айтишларича, улар Ростов-Дон ва Ростов областидаги дислокация пунктларига келиб жойлашишган, аммо 24 июн куни кечқурун исён кутилмаганда якунлангач, «махсус амалиёт» ҳудудига қайтишган.

Полиция ходимлари Ростов кўчаларида фақат вагнерчилар кета бошлаганидан кейин кўриниш берди, деб ёзади 161.ru. Буденновский проспектида оломон уларга ҳуштакбозлик қилган ва шундай ҳайқирган: «Хоинлар!», «Шарманда!».

Нашрнинг ҳуқуқ-тартибот органларидаги суҳбатдоши полициячиларнинг 24 июн кунги ҳаракатсизлиги бўйича тушунтириш бериб, бир кун аввал полиция ва Росгвардиянинг асосий кучлари шаҳар чеккасидаги районларда ва трассаларда мудофаани эгаллаб, исёнчилар Ростовга киритилмаслиги учун шаҳардан олиб чиқилганини айтган. Лекин манба бу ҳолатда вагнерчилар нима учун ҳеч қандай қаршиликсиз барибир шаҳарга кирганини очиқламаган.

Манбанинг сўзларига кўра, районлардаги полиция бўлимларида ҳам қўриқлаш кучайтирилган. «Асосий буйруқ келганди — қуроллар сақланадиган хоналар ва омборхоналар эгалланишига йўл қўймаслик. <…> Аввалига шаҳар ва област ИИБ қўмондонлик таркибидагиларнинг бирортаси, қолганлар ҳам биз кимни кимдан ҳимоялашимиз кераклиги, нима учун бизникилар вагнерчиларга чиқа олмаслигини тушунмасди. Барчага юқоридан буйруқ бўлганди — бир томчи қон тўкилмаслиги учун „Вагнер“нинг ишларига аралашмаслик. Ва Москванинг қарорини кутиш», — дейди 161.ru манбаси. Унинг тасдиқлашича, полициячиларга асосий мақсадлар — «тинчликни сақлаш ва ватанга хиёнат қилмоқчи бўлганларни зарарсизлантириш» — ХҲК отрядлари кетиб бўлганидан кейин тушунтирилган.

4-сонли ички ишлар бўлими ходимларидан бирининг қариндошининг айтишича, полициячиларни бўлимда қарийб бир кун давомида тутиб туришган. «Ҳеч қандай егулик бўлмаган, фақат крандан чиқадиган сувни ичишган», — деган нашр суҳбатдоши. Ҳуқуқ-тартибот органларидаги манба полиция ходимлари бўлимга чақирилганини тасдиқлаган, аммо улар бўлимда озиқ-овқатсиз қолдирилганини рад этган.

Нашрнинг кучишлатар тузилмалардаги манбаси полициячилар Жанубий ҳарбий округ штаби олдида ростовликлар уларга «Шарманда!» деб бақирганини «эслаб қолишгани»ни қайд этган. «„Позор“ кричалкаси — тинчлик сақлангани учун шапалоқ бўлди. Рўй бераётган барча ҳодисалар нафақат штаб ёки полиция бўлимларидан туриб кузатиб турилди, балки ходимларнинг бир қисми фуқаролик кийимида одамлар билан биргаликда майдонларда ҳам юришди. Қолаверса, Жанубий ҳарбий округ штабининг ўзида пойтахтдан бўлган ходимлар бор эди — улар Пригожин билан мулоқот қилишди», — дея қайд этган у.

Ёлланма жангчилар Ростовдан кетганидан кейин, шаҳар маъмурияти 10 минг квадрат метрдан ортиқ йўл қопламаси шикастланганини хабар қилди. ЖҲО штаби яқинидан ўтган Буденновский проспекти ҳаммасидан кўпроқ зарар кўрган. Ҳозирча келтирилган зарар миқдори маълум эмас. Регион губернатори Василий Голубев томонидан берилган пресс-релизда айтилишича, дастлабки маълумотларга кўра, гап миллионлаб рубл ҳақида боради.

Азиз Қаршиев
Муаллиф Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид