Спорт | 11:52 / 03.07.2023
25211
19 дақиқада ўқилади

«Чемпион ҳикоялари». Эдегор отаси, Мадриддаги аччиқ тажриба ва Венгер билан суҳбатлар ҳақида

Фото: Getty Images

Пеп Гвардиола шогирдлари яна мамлакат чемпиони бўлишди, аммо мавсум кўпроқ «Арсенал»нинг ёш футболчиларига аталди, дейиш ҳам мумкин. Улардан бири Мартин Эдегор. Жамоа сардори, ҳужумларнинг асосий «мотори», ҳали ёш бўлса-да, анчадан бери таниймиз. Қуйида ўз вақтида тенгқурлари ичида энг чўққида фаолиятини бошлаган, кейин эса, эътибордан четда қолиб, яна ўша чўққи сари, янада қийинроқ йўлдан одимлаётган норвегиялик вундеркинднинг ҳаёт ҳикояси келтирилади.

Мени доим «Арсенал» билан нимадир боғлаб турарди. Бу Лондонга келишимдан анча олдин рўй берган. Қандай тушунтиришни ҳам билмайман, яхшиси кичик бир воқеа билан изоҳлай қолай.

Видеоўйинларга унчалик қизиқмаганман. Асосан кўчада ўйнаб улғайган авлод вакилиман, фақат FIFA ўйини мустасно. Мен доим «карьера» режимида ўйнардим. Доим «Арсенал»ни бошқаришни танлардим. «Арсенал» менинг бу ўйиндаги жамоам бўлган.

Норвегияда улғайганим учун АПЛни кўп томоша қилардим ва «Арсенал» ҳақида доим ёрқин тасаввурлар бўлган. «Енгилмаслар» ва Анри билан боғлиқ кўп лавҳаларни кўрганман. Бу клубда Фабрегас, Ўзил, Насри каби ҳақиқий плеймейкерлар тўп сурганини томоша қилганман. Жуда ақлли, тўпни яхши назорат қиладиган ва жуда қийин узатмаларни амалга ошира оладиган футболчилар. Айнан менбоп.

Бироз улғайгач, 2015-йилларда мен ҳам FIFA’да пайдо бўлдим. Бошида ўзимга унча ўхшамасди, эслашимча, кўрсаткичим ҳам 67 атрофида бўлган, аммо мавжуд бўлганимнинг ўзи ҳам катта воқеа. Табиийки, биринчи қилган ишим – Арсен Венгер сифатида ўзимни «Арсенал»га сотиб олдим. Ха-ха-ха!

Мен ва «Арсенал». Бу миямда жуда яхши уйғунликда кўринарди. Икки йил олдин клуб билан шартнома имзолаганимдан кейин ҳаммаси ҳақиқатга айланди. Бу ҳаётимни ўзгартириб юборган қарор эди. Ахир бу ўйин эмас, ҳаёт, бу ерда ҳаммаси мураккаб, шунчаки, манзилни танлаб, у ерда пайдо бўлишнинг имкони йўқ.

Одамлар ўша ўсмирлик даврларим, атрофимда тентагона шов-шув кўтарилган пайтларда ўзимни қандай ҳис қилганим ҳақида билишни исташади. Очиғи, нима деб жавоб беришни билмайман. Бироз ғалати, аммо ўша пайтларда ҳаммаси одатийдек кўринганди. Буни тўлиқ ҳис қилиш учун балки ёш бўлгандирман, балки содда, тушуняпсизми?

Ўйлашимча, мен ҳақимда ёзилган, айтилганлардан ўзимни узоқроқ тутгандек, қандайдир иҳоталанган ҳаётни бошдан кечирганимни тасаввур қилишади. Аслида ундай бўлмаган. Ўзим ҳақимда ёзилган барчасини ўқиб чиқардим. Лекин биласизми, ҳа бу яхши, ёмон эмас, қабилида қабул қилардим, холос. 

Атрофимда яхши оила, дўстларим, яхши ҳаёт эди. Шунчаки, футболни яхши кўрадиган болакай эдим. Дреммендаги уйимиз олдида сунъий қопламали стадион бўларди, бутун болалигим ўша ерда ўтган. Баъзида, уйимга қайтаётганимда, у ерда ўйнаётган болаларни кўраман – шунчаки, чақчақлашиб, тўп тепиб туришади. «Ҳей, тўхта, биз бунақа ўйнамасдик, қоронғи тушгунча ҳаёт-мамот жангини ташкил қилардик», – дегим келади. Ҳаммаси жиддий бўлган.

Яна бир омадим келгани, отам Ганс Эрик, болаликда тўп сурган «Дреммен Стронг»да, кейин «Стремсгодсет»да мураббийим ҳам эди, улғайгунимча шахсий устозим ҳам бўлган. У Норвегия олий дивизионида яриҳимоячи сифатида тўп сурган. Болалар билан ўйнамаган пайтларимда, табиийки, отам билан шуғулланардим.  

Балки, бундай ҳикоялар сизга таниш – қаттиққўл ота ўғлини ҳар куни шуғулланишга мажбур қилади. Аслида эса, ҳаммаси тескари бўлган. Доим мен уни мажбур қилардим. Ахир бошқаларнинг отаси билмаган нарсани у билади, у футболчи, менга ўргатиши керак-да, тўғрими?

У айниқса тезкор ва ақлли ўйнашим кераклигини таъкидларди. Доим тўпни қабул қилишдан олдин атрофимга қараб, вазиятни баҳолашимни талаб қилган. Қишда, кўчада ўйнаш мумкин бўлмаган пайтларда шу машғулотни такрорлардик – у ташқаридан туриб тўпни менга ташлайди ва дарҳол мени таъқиб қилишни бошлайди. Мен ҳали тўпни қабул қилмасдан буни ҳис қилишим, мослашишим лозим. Агар ҳозир ҳам, мен тўпни қабул қилаётиб ҳимоячини доғда қолдираётганимни кўрсангиз, билингки, бу ўша спортзалдаги машғулотлар натижаси. Бу менинг отам.

13 ёшимда «Стромсгодсет»да дебют қилдим.

15 ёшимда Норвегия миллий жамоасида майдонга тушган энг ёш футболчига айландим. Ана ўшанда барчанинг эътиборига тушдим.

Болгарияга қарши Евро-2016 саралаш ўйинининг сўнгги 20 дақиқасида ўйнадим. Ослодаги стадионда, йигирма мингдан ортиқ мухлис мени олқишлар, тўп ҳар сафар менга етиб келганида қарсакларга кўмиб юборишганди. Ўша овоз ҳозир ҳам қулоғим остида жаранглайди.

Гап шундаки, Норвегияда анчадан бери ҳақиқий суперюлдуз бўлмаганди. Одамлар Дреммендан чиққан ёш болакай ҳақида эшитишган, табиийки, мен ҳақимда билишмаса ҳам, менга ишонишни, умид қилишни исташган, олқишларнинг сабаби ҳам шу. Кейин эса, «Реал» пайдо бўлиши ҳаммасини янада кўпиртириб юборди.

Клублар билан асосан отам гаплашган. «Бавария», «Боруссия», «Манчестер Юнайтед», «Ливерпуль», «Мадрид», «Арсенал»... Ҳаммасига бордик. Алоҳида самолётда клубларни айланар, ўзимизни бошқача инсонлардек ҳис қилардик.

Эслаганимнинг сабаби, аслида ўшандаёқ «Арсенал»ни танлашим мумкин эди. Бу ерга келганимда Колнида машғулот ўтадик, Арсен Венгерни учратдим. У мен ва отамни кечки овқатга таклиф қилди. Бироз ғалати, лекин ажойиб эди. Арсен Венгер кимлигини биласизми ўзи? У афсона, уни телевизорда кўрардим, энди эса, қаршисида стейк еб ўтирибман. Анча асабийлашганман, балки ҳозир ҳам мени текшираётгандир, агар картошка есам, мен ҳақимдаги фикри ўзгариб қолса-чи, деган ўйлар тинч қўймаганди.

Хўп, унда нега «Реал Мадрид»?

Мен бу ҳақида отам билан ҳам, оиладаги бошқалар билан ҳам кўп гаплашдим. Хуллас, Мадрид барибир Мадрид. Дунёнинг энг яхши футболчилари тўп сурадиган жамоа, Чемпионлар Лигаси ғолиби. Ўша пайтларда Искони жуда ёқтирардим. Кейин, уларнинг таклифининг яхши томони шу эдики, мен бирданига «Б» жамоада асосий таркибда ўйнаб кетишим мумкин эди. Жамоа мураббийи эса... Зидан. Бундан ортиғини ўйлаш қийин.

«Мартин сизларга ўтишга қарор қилди, агар ҳалиям хоҳлаётган бўлсангиз» – мана шу смсни отамнинг телефонида ёзиб, бир-икки ҳафта сақлаганмиз. Ниҳоят бир куни, «Реал»нинг ўйинини телевизорда кўриб ўтириб, отам мен томонга ўгирилди ва сўради – «жўнатаверайми?»

«Ҳа», дедим.

Бизни Норвегиядан олиб кетиш учун самолёт жўнатишди. Тасаввур қилинг, ювинишгаям улгурмай, қўлимга илинган кийимни устимга илиб, яна нималарнидир сумкамга солиб йўлга чиқдим. Майли, ҳозир Мадридга бораман, меҳмонхонада ювиниб, ўзимга қараб олишга улгураман. Қаёқда?

Самолётдан чиқишимиз билан машғулот майдонига олиб кетишди, афтидан, ҳозироқ тиббий кўрик, кейин матбуот анжумани...

«Тўхтанглар, биз нима қиламиз ҳозир?»

Ёнимда Мадрид афсонаси Эмилио Бутрегеньо ўтирибди. Улар мени ҳозир дунёга намойиш қилишади.

Расмларни кўрган бўлсангиз керак. Эски йўл-йўл жемперда, қўлларим билан кир сочимни эпақага келтиришга уринаётган мен. Ҳаётимдаги энг муҳим кун, «Реал» барча клубларни ортда қолдириб мен билан шартнома имзолаяпти, мен эса, стадионга мажбуран етаклаб олиб келинган мактаб боласидек турибман.

Биласизми, бу ҳолат менга Норвегиядаги бир анъанани эслатди. Шунақа маросим бор, боланинг улғайишини нишонлашади. Масалан, бола ўз яқинлари, қариндошлари, дўстлари олдида қанақадир нутқ ҳам сўзлайди охирида. Меники ҳам 15 ёшимда бўлган. Анча уятчан бўлганим учун ҳатто ўз оила аъзоларим орасида ҳам нима дейишни билмай, ўзимни ноқулай ҳис қилганман. Энди эса, бир йилгина ўтиб, «Реал»нинг матбуот анжуманидаман. Бунинг устига йўл-йўл жемперда. Даҳшат.

Менимча, юзимдаги қўрқувни сиз ҳам сезган бўлишингиз керак.

Навбат менга келди. Катта қулоқчинларни тақаман-да, норвег тилида бир нималар дея бошладим – «ҳа, бу катта ютуқ, мен фахрланаман.. ва ҳоказолар».

Зўрми? Бир томондан балким, бу ҳолат одамларнинг мени қабул қилишида ёрдам берди, деб ҳам ўйлайман. Қизиқ, машҳур бўлишинг билан одамлар сендан ҳар жабҳага мос бўлишни талаб қилишади, гўёки, мен футболни яхши ўйнайманми, демак, яхши гапиришим ҳам керак, ўзимга ишончим ҳам катта бўлиши шарт. Шунга ўхшаш. Лекин бу имконсиз.

Ўша матбуот анжумани одамлар учун мен оддий, 16 ёшли уятчан бола эканимни ҳам кўрсатиб берди. Клублар орасида юриб, ўзига жамоа танлаган қандайдир робот эмас, оддий болакай.

Тақдимотдан бир неча кун ўтиб, биринчи марта машғулотга бордим. Ҳали машина миниш билмайман, тасаввур қилинг, отам худди мени мактабга олиб бораётгандек Роналду, Иско, Рамос, Модрич, Бэйл, Бенземалар билан шуғуллангани олиб келмоқда.

Бошим ғовлаб кетган. Бу юлдузлар кийим алмаштириш хонасига кирганимда мени қандай қабул қилади? Испанчада гапиришни билмайдиган оддий болакай бўлсам. Лекин ҳаммаси жуда мулойим эди, ҳатто инглизчани биладиган Кроос, Модрич ва Роналду менга бошида ғамхўрлик қилишди ҳам. Кўп маслаҳатлар беришарди. Лекин ростини айтсам, 16 ёшли болакай жамоада уларнинг ўрнини олиб қўйиши мумкинлигини хаёлларига ҳам келтирмаган, назаримда.

Келишувга кўра, мен асосий жамоа билан доимий машғулотларга қатнашаман, аммо «Б» жамоада ўйнайман. Бу ўз ҳолича ақлли ечим эди, аммо ўйлайманки, ҳар икки томонда ҳам ўз ўрнимга эга бўлолмадим. Иккинчи жамоа машғулотларида қатнашмасдим, табиийки, шерикларим билан ўзаро тушуниш қийин кечарди, асосий таркибда эса, фақат машғулотларда қатнашар, ўзимни аутсайдердек ҳис қилардим. Орада қолиб кетдим.

Ўйинимдаги ўт йўқолди, қайсидир муддат ўта эҳтиёткорлик қилар, хато қилишдан қўрқардим. Шу пайтгача ўйинни ўзгартириш, қийин узатмаларни амалга оширишга ўрганган футболчи сифатида бу ҳолат менга қийин эди. Ўзимни йўқотиб қўйгандим. Анча ёш бўлсам ҳам тушундимки, майдонда ҳаққоний бўлиш шарт экан. Маълум вақт ўтиб, ўсишдан тўхтадим.

Матбуот эса, мени таъқиб қилишни кучайтирди. Осон нишон эдим. Бир сарлавҳани қаранг – «Мартин Эдегор учун ҳал қилувчи палла келди». Фаолиятимда бурилиш нуқтасида турган эканман. Менми? Ҳали 18 ёшли бола!

Балки, агар испан бўлганимда менга ўсиш учун кўпроқ вақт берган бўлишарди. Ростини айтсам, билмайман. Замонавий футболнинг ўртаси йўқ, ё энг зўр футболчисан ёки ҳеч ким. Биласизми, аслида мен «Реал»даги фаолиятимдан нолимоқчи эмасман. Ҳеч қачон. Мен у ерда чўққига чиқиш йўлларини ўргандим, дунёнинг энг зўр футболчиларидан дарс олдим. «Бернабеу»да майдонга тушдим. Янаям қатъий бўлишни, қийинчиликларни енгишни ўргандим. Шу даражага келишимнинг асосий сабабларидан бири ҳам шу. 

Бир пайтлар дунёдаги ҳар қандай клублар ичидан танлаш имконияти бор эди, икки йил ўтиб эса, энди мен учун навбатда туришмаганини ҳис қилдим. Агар FIFA’даги «карьера» режимида «Реал»дан «Ҳеренвен»га ўтсангиз, нимадир нотўғри кетган бўлади. Эредивизияни танқид қилмоқчи эмасман. Ростини айтганда, ажойиб тажриба ҳам бўлди. Асосий таркибда мунтазам ўйнаш орқали, аввал «Ҳеренвен»да шахсият сифатида, кейин «Витесс»да футболчи сифатида ўсдим.

Ҳеренвенда ҳайдовчилик гувоҳномасини олдим, масъулиятни ҳис қилишни ўргандим, «Витесс»да эса Леонид Слуцкий билан танишдим. У ажойиб эди. У менинг иқтидоримга ишонар, шу билан бирга доим сеҳргарлик талаб қилмасди. У менга майдонда тўғри қарор қабул қилиш ҳамда жамоа учун ўйнашни ўргатди.

Нидерландиядаги икки ярим йиллик фаолиятдан сўнг, Ла Лигага қайтиш ва «Реал Соседад»да камида икки йил тўп суришга тайёр эдим. Аммо бироз бошқача бўлди. «Соседад» ажойиб мухлисларга ва муҳитга эга бўлган жамоа, қайсидир жиҳатдан баск маданияти Норвегияга ҳам ўхшаб кетади. Халқи бироз совуққон ва босиқдек кўринади, лекин қалбига йўл топсангиз, сиз учун борини берадиган одамлар. Сиз ҳам улардан бирига айланасиз. Мен у ерни яхши кўриб қолдим. 

Мен яхши ўйнадим ва жуда бахтли эдим. Аммо бир йил ўтиб «Мадрид»дан қўнғироқ бўлганда, бу имкониятдан фойдаланиш кераклигини тушуниб турардим, ахир 16 ёшдан бери мени таъқиб қилаётган орзу. Бунинг устига, Зидан билан жуда яхши муносабатдаман, Мадриддалигимда менга анча ғамхўрлик қилган, бу сафар ҳаммаси яхши бўлишига ишондим.

Кейин эса, ковидга чалиниб қолдим. 2020/21 йиллар мавсумининг илк ўйинларида қатнашдим, аммо тўлиқ тикланиб улгурмагандим. Ўзимни яхши кўрсата олмадим, кейин эса, бошқа имконият берилмади. Умуман. «Реал Соседад»нинг ўйинларини томоша қилар ва улар ичида бўлишим мумкинлиги ҳақида ҳам ўйлай бошлагандим. 

Қишки трансфер ойнаси яқинлаша бошлагач, агентимга ниманидир ўзгартиришни айта бошладим: «Бирор нарса қилиш керак, мен шунчаки бу ерда бўлиш учун қайтмадим. Мен ўйнашим, яна ўсишим керак».

У менга бироз сабр қилишни маслаҳат берди, бир таклиф учун бошқа шартномани бузганимизни эслатди. Мен табиатан анча барқарор инсонман, аммо беш ой ўтиб яна қароримни ўзгартиришга мажбур эканимни тушуниб турардим. Қарорим қатъий.

Мадриддан миннатдорман. Улар 16 ёшли болага катта пул сарфлашди, албатта, яхши ниятда эдилар. Ҳеч кимни айбламайман, аммо мен доимий яшаш ва ўйнаш учун ўз жамоамни топишим керак. Ҳақиқий уй керак. Шу тариқа, Шимолий Лондонга келиб қолдим.

Агентим «Арсенал»нинг қизиқиши ҳақида гап очиши билан ёшликдаги хотиралар уйғониб кетди. Телефон орқали Артета билан гаплашганимда, у менга лойиҳаси ҳақида айтиб берди. Ўша пайтларда клубдаги ишлар у қадар яхши эмасди. Чемпионатда ҳам қуйи поғоналарда боришарди. Лекин биласизми, шу ҳолатда ҳам Артета мени сеҳрлаб қўйганди. Ростини айтсам, у билан кўп гаплашманг. Гипноз қилиб қўяди. Тушунтириш қийин. У жуда эҳтирос билан гапиради, бироз тентакроқ, худдики, нимаики деса, албатта, содир бўладигандек ишона бошлайсиз. У менга ўз режалари ҳақида айтиб берди, жамоада нимани ўзгартириш лозимлигини аниқ билишини тушунтирди. Сака, Мартинелли, Смит Роу каби ажойиб ёш футболчилар ҳақида ҳикоя қилди. Уларнинг орасига мени қандай қўшмоқчи эканини тушунтирди.

Аслида бунчалик ҳаракат қилиш ҳам шарт эмасди, менимча. Ижтимоий тармоқларда «Арсенал» мухлисларидан жуда кўп хатлар олдим. Нафақат мен, ҳатто дўстларим, оила аъзоларимга ҳам ёзишар, «Мартинга айт, «Арсенал»га ўтсин», қабилида уларни ҳам безор қилиб ташлашганди. Ҳатто мен тармоқларда белгилаган нотаниш инсонлар ҳам шу маънодаги хатларни менга кўрсатишарди. Даҳшат.

Айтишим мумкинки, келган пайтимдан буён фанатлар ўзларини ажойиб тутишмоқда. Кўпчилик футболчиларга таъсири йўқ, деб билишади, аммо бу жуда муҳим. «Эмирэйтс»даги ҳар бир ҳаракатингиз худди гол ургандек олқишланади. Бу эса, футболчига қўшимча ишонч бахш этади.

Илк мавсумимни (2020/21 йиллар) 8-ўринда тугатдик, аммо клубда ҳеч ким тўғри йўлда эканимизга шубҳа қилмади. Ҳамма бизга ишонарди. Ҳатто ўтган мавсум охирларида Чемпионлар Лигаси йўлланмасини бой берганимизда ҳам, биз кучлироқ, тажрибалироқ бўлиб қайтдик.

Чемпионлик учун курашдик. Фақат бир нарса айтаман, агар кимдир бу жамоага тўлиқ ишонмаса, билиб қўйинг, биз эришишимиз мумкин бўлмаган чўққи йўқ. Бошқача ўйлай олмайман.

Мана шундай жамоа сардори эканимдан фахрланаман ва бу ерда узоқ вақт бўлишимни ҳис қиламан.

Boxing Day’да «Вест Ҳэм» устидан ғалаба қозонганимиздан сўнг, Арсен Венгер билан суҳбатлашиш бахтига муяссар бўлдим. Ўша кечки овқат, стейк ва картошка устидаги суҳбатдан сўнг, биринчи кўришишимиз эди. Биз яхши гаплашиб ўтирдик, у мени «Реал»ни танлаганимдан сўнг ҳам эътибор билан кузатганини айтди. Маълум даврда муаммолар борлигини у ҳам сезгани ва ниҳоят ўзим учун керакли муҳитда эканимдан хурсанд эканини айтди.

Ҳа, у жуда сезгир. Норвегияни тарк этганимдан буён, ҳар бир қадамим ўзим учун вақтинчадек туюларди. Менга ўша барқарорлик етишмас, яшаган жойим, ўйнаган жамоаларимга нисбатан қандайдир чуқур риштани ҳис қилмасдим. Бу жуда муҳим.

Энди эса, «Эмирэйтс»да шерикларимни майдонга бошлаб тушар эканман, бу он ўзим билан қолади. Ҳар сафар этим жунжикади.

Кўзимни юмаман-да, болалигимга, Дреммендаги сунъий қопламали майдонга қайтаман. Ўша болакайга бугунги ҳолатим расмини кўрсатиб, «бу сенинг келажагинг» дейилса борми... У бунинг учун ўлишга тайёр бўларди, ишонаверинг.

Бу жуда қийин ва узоқ йўл эди, аммо ҳамон орзуларим билан яшайман.

Ниҳоят ўз уйимдаман.

Ва энг яхши кунлар ҳали олдинда...

 

Мартин Эдегор, ThePlayersTribune учун.

Мавзуга оид

Эълонлар

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

ЎзКейсСервис замонавий сервис марказлари ва рақамлаштириш тизими: Қишлоқ хўжалиги техникаларини таъмирлашда янги босқич

Шаржада ўтказилган Халқаро олимпиадада "Al-Jabr" мактаби ўқувчилари юқори натижаларга эришди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

ЎзКейсСервис замонавий сервис марказлари ва рақамлаштириш тизими: Қишлоқ хўжалиги техникаларини таъмирлашда янги босқич

Шаржада ўтказилган Халқаро олимпиадада "Al-Jabr" мактаби ўқувчилари юқори натижаларга эришди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди