Жаҳон | 22:59 / 06.07.2023
10728
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Украинага кассетали ўқ-дорилар етказиб бериши мумкин — ОАВ 

Аввалроқ Вашингтон тинч аҳолига таҳдид борлиги сабабли Киевга бундай ўқ-дориларни юборишга рози бўлмаган. 

Фото: Reuters

Қўшма Штатлар Украинага кассетали ўқ-дорилар етказиб беришини эълон қилмоқчи. Бу ҳақда АҚШ президенти маъмуриятининг юқори мартабали амалдорига асосланиб, The New York Times хабар берди. 

Нашрнинг қайд этишича, аввалроқ Вашингтон тинч аҳолига таҳдид борлиги сабабли Киевга бундай ўқ-дориларни юборишга рози бўлмаган. 

CBS News америкалик расмийларга таяниб, АҚШ Украинага кассетали ўқ-дорилар етказиб беришни маъқуллаш тўғрисида шу ҳафта қарор қабул қилишини ёзмоқда. Вашингтон Киевга бундай ракеталарни юбориш имкониятини кўриб чиқмоқда, чунки Украина «кутилганидан секинроқ» давом этаётган қарши ҳужум учун ўқ-дориларга муҳтож. 

Кассетали бомба портлаганда, атрофга кичикроқ портловчи ўқ-дориларни сочади. Улардан фойдаланиш тинч аҳоли учун хавф туғдиради, чунки портламай қолган бомбалар ўзига хос минага айланиши мумкин. Кассетали ўқ-дорилардан фойдаланиш 2008 йилги конвенция томонидан тақиқланган. 2022 йил ҳолатига кўра, конвенцияга жами 123 та давлат имзо чеккан. 

6 июль куни Human Rights Watch ташкилоти Россия ва Украина кучлари уруш пайтида аллақачон кассетали ўқ-дорилардан фойдалангани, бу эса тинч аҳоли орасида қурбонларга олиб келгани ҳақида хабар берди. Ҳуқуқ ҳимоячиларининг айтишича, агар Қўшма Штатлар Украинага бундай ўқ-дориларни етказиб беришга рози бўлса, бу «муқаррар равишда тинч аҳолининг қурбон бўлишига олиб келади». 

Март ойи бошида Reuters агентлиги Украина ҳукумати Қўшма Штатлардан кассетали ўқ-дорилар сўраганини ёзган эди. Киев Вашингтондан одатда самолётдан ташланадиган МК-20 кассетали бомбаларни сўраган. Ҳар бир бундай бомба ҳавода очилади ва 240 дан ортиқ ўқ-дориларни атрофга сочади. 

Мавзуга оид