Ўзбекистон | 21:48 / 06.07.2023
12735
4 дақиқада ўқилади

“Бу глобал муаммо” — Акмал Саидов тергов ва жазони ижро этиш муассасаларидаги қийноқлар ҳақида

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Акмал Саидов Ўзбекистондаги тергов ва жазони ижро этиш муассасаларида содир бўлаётган қийноқ ҳамда ўлим ҳолатлари ҳақида гапираркан, бу бутун дунёда учрайдиган муаммо эканини таъкидлади.

Фото: ЎзА

Тошкентда “Янги Ўзбекистон: тараққиёт, инновация ва маърифат” халқаро шериклик ташаббуслари ҳафталиги тадбирлари давом этмоқда. Ҳафталикнинг бугун, 6 июль кунги дастурида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Акмал Саидов ҳам чиқиш қилди.

Тадбир давомида Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ раҳбари Kun.uz мухбирининг Ўзбекистондаги тергов ва жазони ижро этиш муассасаларида содир бўлаётган қийноқ ҳамда ўлим ҳолатлари камаймаётгани ҳақидаги саволига ҳам жавоб берди.

“Чиқаётган ҳар бир ахборотдан хабарим бор. Биз нима билан шуғулланаётганимиз, нима қилаётганимиз бўйича аввалроқ ёзма ҳисобот ҳам бердик. Умуман, қийноқлар муаммоси бу – глобал муаммо. Дунёда бирор давлат йўқки, унинг жазони ижро этиш муассасаларида қийноқ учрамаган бўлса. Ҳамма ёқда учрайди. Чунки мен ўтган йили қийноқлар бўйича БМТда Ўзбекистоннинг бешинчи маърузасини қилдим.

Албатта, 2015-16 йилгача бўлган даврда ҳам мен Ўзбекистонда қийноқлар масаласи билан шуғулланганман. Сиз ҳозир фақат Бўка ва Андижонни эсладингиз. Мен эса Андижондаги ўтган йилги ёки аввалроқ Қашқадарёдаги ҳолатларни айтаман.

Энг даҳшатлиси, Андижондаги воқеаларда ички ишлардаги 3 нафар ходим атиги 24 ёшда эди. Ички ишлар академиясини битириб бориб, энди иккинчи йил ишлаётган бўлган. Булар нега бундай иш қилди, деган савол туғилади. Бу даҳшат.

Сизни куюнчаклик билан бераётган саволга мен 100 фоиз қўшиламан. Бу ерда муаммо ички ишлар тизими билан боғлиқми ёки шахслар биланми, нима бўлганда ҳам катта муаммо. Лекин биз имкон қадар уларни камайтиришга ҳаракат қиляпмиз. Масалан, Қийноқларга қарши конвенциянинг биринчи моддасига Жиноят кодексининг 235-моддасини мослаштирдик. Аввал у тўла акс эттирмасди. Буни халқаро экспертлар билан биргалашиб қилдик. 

Қонуний асосни, яъни жавобгарликни кучайтирдик. Бизда 2016 йилгача қийноққа йўл қўйганлик учун жиноий жавобгарлик йўқ эди. Биз Жиноят кодексига алоҳида модда киритдикки, ходим буни билса, жавобгарликни ҳис қилади.

Биз шунингдек, қийноққа йўл қўйилганда раҳбарлар жавобгарлигини ҳам белгиладик. Албатта, қийноқлар бўлдими, бу сиз ва бизнинг ишимиздаги камчиликларнинг салбий натижаси. Бунинг олдини олиш керак. Биз нима қилдик? Инсон ҳуқуқлари бўйича олтита вилоятда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органнинг 350 нафар ходим учун ўқиш ташкил қилдик.

Бизда шунингдек, омбудсман ва хорижий элчихоналар вакиллари қамоқларга ташриф буюрмоқда. Улар маҳбусларнинг аҳволи билан қизиқмоқда. Шунингдек, маҳбуслар учун омбудсманга мурожаат йўлланадиган алоҳида қути ташкил қилинган. Уни қамоқхонада ҳеч ким очолмайди. Ҳатто колония раҳбари ҳам.

Албатта, биз қонунчиликни қиляпмиз. Лекин қийноққа қарши стандартларни билмаган битта одам Ўзбекистонни дунёга шарманда қилиши мумкин. Ҳа, бу ишларни аввал бекитиш мумкин эди, лекин ҳозир ижтимоий тармоқлар ривожланган, уни интернет орқали тезда бутун жаҳон билади”, – деди Акмал Саидов.

Мавзуга оид