Кўчмас мулк | 16:08 / 18.10.2025
39749
3 дақиқада ўқилади

«Tuzel Park» ТЖМ бўйича тергов бошланди. Лойиҳа Марат Ҳамдамовга тегишли «Imarat development» билан боғлиқ

Тошкент шаҳри Яшнобод тумани Уччинор маҳалласидаги «Tuzel Park» турар жой мажмуасини қураётган «PERFECT-MANSIONS» МЧЖ мансабдорларига нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Терговни Тошкент шаҳар прокуратурасининг Ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими олиб бормоқда. Бу лойиҳа жамоатчиликка «Imarat development» номи билан танилган Марат Ҳамдамов орқали таниш.

Фото: Kun.uz

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекциясининг Тошкент шаҳар ҳудудий назорат инспекцияси маълумотига кўра, Яшнобод тумани Уччинор маҳалласи ҳудудида «PERFECT-MANSIONS» МЧЖ томонидан қурилаётган кўп қаватли турар жой биноси, унинг пастки қаватларида жойлашган савдо-маиший мажмуа ҳамда ертўла қисмидаги автотураргоҳ қурилиши Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 20 апрелдаги 200-сонли қарори 5-иловаси талабларига зид равишда амалга оширилаётгани аниқланган. Хусусан, объектда белгиланган тартибда ҳудудий инспекцияда рўйхатдан ўтмасдан, ўзбошимчалик билан ер ишлари олиб борилган.

Kun.uz’да мавжуд ҳужжатга кўра, «PERFECT-MANSIONS» МЧЖ шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини бузган ҳолда, қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекциясидан рўйхатдан ўтмасдан, қурилишга рухсат берувчи ҳуқуқий жараёнларни расмийлаштирмасдан ўзбошимчалик билан кўп қаватли турар жой мажмуасини барпо этишни бошлаган.

Тошкент шаҳар прокуратурасининг Kun.uz’га маълум қилишича, «PERFECT-MANSIONS» МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 192-11-моддаси (нодавлат тижорат ташкилотида мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Терговни шаҳар прокуратурасининг Ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими олиб бормоқда.

Аввалроқ жамоатчиликка «Imarat development» номи билан танилган Марат Ҳамдамов лойиҳалари ҳақида Kun.uz эълон қилган суриштирувда «Tuzel Park» турар жой мажмуаси ҳақида ҳам сўз борганди.

Унда фуқаро Зиёда Очилова ушбу лойиҳадан 1 хонали хонадон учун қарийб 134 млн сўм пул тўлагани, аммо маълум вақт ўтса-да, қурилиш бошланавермагач, шартномани бекор қилишга ариза ёзгани ҳақида айтганди.

Шу йил июл ойида пойтахт ҳокимлиги 59 та объектда қурилиш тўхтатилиб, электр тармоғидан узиб қўйилгани ҳақида хабар берганди. Ушбу рўйхатда «Tuzel Park»ни қураётган «PERFECT-MANSIONS» МЧЖ ҳам мавжуд.

Очиқ маълумотларга кўра, «PERFECT-MANSIONS» МЧЖнинг устав капиталига Баҳром Саитов (98 фоиз) ва Муҳаммад Дилшодов (2 фоиз) эгалик қилади. Фирма раҳбари Илҳом Бобоқулов. «Imarat development» ёки Марат Ҳамдамов таъсисчилар ёки бошқарув таркибида расман кўринмайди.  

Мавзуга оид