Янги таҳрирдаги Конституцияда илк бор Ўзбекистон қўшилган халқаро шартномалари мамлакат ҳуқуқий тизимининг таркибий қисми эканлиги қайд қилинди. Шунингдек, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг қонунида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаси қоидалари қўлланиши белгиланди.

Халқаро ҳуқуқ – Ўзбекистон қўшилган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон Декларациясининг 29-моддасига кўра, ҳар бир инсон ўз ҳуқуқи ва эркинликларидан фойдаланишда ўзгаларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, ахлоқ, жамоат тартиби, умумфаровонлигининг одилона талабларини қондириш мақсадидагина қонунда белгиланган чекланишларга риоя этиши керак.

Шунингдек, Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро Пактнинг 15-моддасига кўра, “ҳеч ким … қонун ҳужжатлари ёки халқаро ҳуқуққа кўра жиноят ҳисобланмаган ҳаракати ёки хато иш қилиб қўйганлиги учун жиноят содир этганликда айбдор деб топилиши мумкин эмас”;

Ушбу пакт 18-моддасида: “дин ёки эътиқод эркинлигига фақат қонун билан белгиланган ва жамоат хавфсизлигини, тартибини, саломатлиги ва ахлоқини, шунингдек бошқа шахсларнинг асосий ҳуқуқлари ва эркинликларини муҳофаза этиш учун зарур бўлган чеклашлар белгиланиши мумкин”лиги қайд этилган.

Халқаро ҳужжатнинг 19-моддасида эса, “ҳар бир инсон ҳеч бир тўсиқсиз ўз фикрига собит бўлиш ҳуқуқига эгалиги” мустаҳкамланган.

Уларни умумлаштирган ҳолда айтиш мумкинки, инсоннинг бирор бир фикрлаши чекланмайди, фақатгина ушбу фикрни тарқатиш қонунга биноан ва мазкур Декларация ва Пактда кўрсатилган асослар бўйича чекланиши мумкин. Бироқ, бу чекловларга риоя қилмасликнинг барчаси ҳам жиноий жавобгарликка олиб келмайди.

Бугунги ахборот асрида шахснинг ўз хусусий уйидан чиқмай, ҳеч ким билан юзма-юз кўришиб-гаплашмай, ўз шахсий телефонида биргина қўл силкитиш билан англаб ёки англамаган ҳолда жиноят қилиш хавфи ошмоқда. Давлатлар учун ахборот хавфлари, хусусан диний ақидапарастлик хавфлар давлатнинг дунёвий, диний ёки бошқа кўринишга эга бўлишидан қатъий назар юзага келмоқда. Афсуски, тарихда, бугун ва келажакда ҳам бу каби омиллардан қарама-қарши манфаатли томонлар тўхтовсиз фойдаланади. Шу сабабли тегишли чораларни фақат қонун асосида “ҳўл-у қуруқни” ажратиб олган ҳолда амалга ошириш адолатдандир.