Тошкентда ўтаётган “Шериклик ташаббуслари ҳафталиги”нинг 6 июл кунги дастури доирасида йирик транспорт инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда ўзаро боғлиқликни барча транспорт соҳаларда ривожлантириш масалаларига бағишланди.

Тадбирда Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон, Латвия транспорт вазирлари, халқаро ташкилотлар вакиллари ҳамда 50 дан ортиқ давлатлардан келган хорижий меҳмонлар иштирок этди.

Мутахассислар халқаро юк ташувлари ва логистикани ривожлантириш орқали давлатлар ўртасида халқаро савдони кенгайтириш, бу борада олиб борилаётган ишларнинг аҳамиятига тўхталиб ўтди.

“Охирги йилнинг ўзида қўшимча 15 та самолёт олиб келинди. Ҳаво йўллари 2027 йилга бориб ўзининг умумий флотини 2 баробарга кўтармоқчи. Яъни ҳозирда бу рақам 30 та бўлса, эндиликда 60 тага етказиши кутилмоқда. Янги хусусий авиакомпаниялар пайдо бўлгани ҳам шу жумладан.

Темирйўл соҳаси рақамлашгани, унда ягона дарча хизмати йўлга қўйилгани, янги инфратузилмавий лойиҳалар, хусусан, трансафғон, Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой темирйўл лойиҳаси ва ўрта коридор учун қилинаётган таҳлилий ишларни ҳам мисол қилиб келтирса бўлади”, – дейди транспорт вазирининг ўринбосари Жасурбек Чориев.

Сессияда халқаро транспорт коридорини ривожлантиришда тилга олинган энг йирик инфрзатузилмавий лойиҳалардан бири Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой темирйўл қурилиши бўлди.

Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт ва логистикани ривожлантириш муаммоларини ўрганиш маркази директори Бекзод Холматовнинг Kun.uz'га маълум қилишича, ҳозирда лойиҳанинг техник-иқтисодий асослари шакллантирилган, уни амалга ошириш учун Бишкекда лойиҳа офиси ҳам ташкил қилинган.

“[Тадбирда] Шу йилнинг ўзида бу темирйўл қурилишининг бошланиши, аҳамияти, бу линия қурилгач нафақат Ўзбекистон ва Қирғизистон, балки Марказий Осиё давлатлари учун янги халқаро коридор бўлиши, минтақани транзит ҳабига айлантириши мумкинлиги ҳақида қисқача тўхталиб ўтилди. Яқин кунларда Хитойнинг Сиан шаҳрида 3 томонлама учрашув бўлиши кутилмоқда. Ўша ерда лойиҳанинг техник-иқтисодий асосини қабул қилиш, келгуси ишларни амалга ошириш келишиб олиниши лозим. Лойиҳанинг маълум бир йўналиши аниқлаб олинган, эндиликда уни қандай амалга ошириш, молиялаштириш манбалари қандай бўлади, давлат-хусусий шериклик масалалари бор, консорциум тузиб, халқаро молия ташкилотларининг маблағлари ҳисобидан амалга ошириладими – мана шу масалалар кейинги учрашувда муҳокама қилинади”, –