Ўзбекистонда қурилиш соҳаси шиддат билан ривожланиб бормоқда. Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, сўнгги 10 йил ичида қурилиш ишлари ҳажми 11 баробар кўпайган. 2012 йилда 11,7 трлн сўмлик қурилиш ишлари бажарилган бўлса, 2022 йилда бу кўрсаткич 130,7 трлн сўмдан ошган.

Шунингдек, қурилиш корхоналари сони ҳам йилдан йилга кўпайиб бормоқда. 2022 йил 1 январ ҳолатига Ўзбекистонда 43695 та қурилиш корхонаси фаолият кўрсатган.

Рақамлар ҳайратга солади, аммо сифат қандай?

Ҳозирги вақтда кўчмас мулк бозоридан уй-жой харид қилишнинг бир неча усули бор. Улар орасида ҳали қурилиши бошланмаган ёки тугалланмаган уй-жойлар учун қурилиш корхонаси билан тўғридан тўғри шартнома тузиш, бир дона ҳам ғишти қўйилмаган уй учун олдиндан пул тўлаш ҳолатлари ҳам учрайди. Аксарият ҳолларда бундай битимлар умуман суғурталанмаяпти. Мижозлар қурилиш корхонаси раҳбарининг «чин сўзига» ишониб, катта миқдордаги маблағларни унинг қўлига топшириб қўймоқда.

Мижоз учун катта таваккалчилик билан боғлиқ бўлса-да, бундай шартномалар халқ орасида оммалашган. Афсуски, бу билан боғлиқ нохуш ҳодисалар, яъни пулларни мақсадсиз сарфлаш, талон-торож қилиш, қурилиш корхонасининг банкротга учраши, истеъмолчилар эса жуда катта маблағларидан ажралиб қолаётгани, бу пулларни қайтариш ҳам сўроқ остида қолаётгани каби ҳолатлар учрамоқда.

Бир мисол келтирамиз. Хоразм вилоятида A.K.S корхонаси раҳбари О.Қ. ва унинг ўғли Д.Қ. қурилаётган кўп қаватли уйнинг 36 та хонадонини 67 фуқарога олдиндан сотган. Қурилиш охирига етказилмай қолган, тўпланган маблағлар талон-торож қилиб юборилган. Охир-оқибат, «фирибгар қурувчилар» судланиб, тегишли жазосини олган. Суд қарорида уларнинг қилмишидан жабрланганлар сони 114 нафар экани, етказилган зарар миқдори 17 миллиард сўмдан ошгани кўрсатилган. Айбдорларга жазо тайинланган бўлса-да, жабрланувчиларнинг пулларини қайтариш масаласи мавҳум бўлиб турибди. Қонунга кўра, чала битган бино аукцион орқали сотилиб, маблағлар жабрланувчиларга қайтарилиши керак. Албатта, бу жараён тезда амалга ошмайди. Бундан ташқари, алданган одамлар пулларини тўлиқ миқдорда қайтариб олиши масаласи ҳам сўроқ остида.

Мижозлар энди ўз муаммоси билан юзма-юз қолмоқда. Улар «қурувчи-тадбиркор»нинг қуруқ ваъдасига ишониб, фириб қурбони бўлишди.

Ўзбекистонда қарийб 44 мингта қурилиш корхонаси фаолият юритаётган бўлса, уларнинг мижозлар олдидаги мажбуриятларини бажаришни ўз «виждонига» ҳавола қилиб қўйиш – нотўғри тизим. Бу борада метин қонуний дастаклар керак.