Спорт | 19:20 / 08.07.2023
19839
2 дақиқада ўқилади

«Янги чақирувни қабул қилиш мавриди етди». Де Хеа 12 йиллик фаолиятидан кейин «МЮ» билан хайрлашди

«Манчестер Юнайтед» дарвозабони Давид Де Хеа 12 йиллик фаолиятидан кейин клуб билан хайрлашганини эълон қилди.

Фото: Getty Images

«Ўтган 12 йил давомидаги менга нисбатан меҳр ва муҳаббат учун сизларга миннатдорчилигимни етказмоқчиман. Мен учун қадрли бўлган сэр Алекс Фергюсон мени бу клубга таклиф этгач, ҳозиргача кўп нарсага эришдик. Ҳар сафар бу клуб либосини кийганимда фахр ва ғурур ҳиссини туйганман. 

Бу ерга келганимдан кейин ўтган давр мен учун муваффақиятли ва унутилмас бўлди. Мадридни тарк этган болакай сифатида Манчестерда ҳозирги даражамга етишим ҳақида ўйламагандим. 

Ҳозирга келиб янги чақирувни қабул қилиш, ўзимни янги муҳитда синаб кўришнинг мавриди етди. Манчестер ҳар доим менинг юрагимда бўлади, Манчестер мени улғайтирди ва ҳеч қачон тарк этмайди. 

Биз бунинг барчасига гувоҳ бўлдик», - дея ёзади Давид Де Хеа «твиттер»даги саҳифасида.

Маълумот учун, испаниялик 32 ёшли дарвозабоннинг «МЮ» билан амалдаги келишуви 1 июль куни якунига етганди. У 2011 йил «Атлетико»дан «Юнайтед»га ўтгач, 445 ўйинда майдонга тушиб АПЛ чемпиони, Англия кубоги, Лига кубоги, Англия Суперкубоги соҳиби ва Европа лигаси ғолибига айланди. 

Аввалроқ, «МЮ» бош мураббийи Эрик тен Ҳаг Де Хеа ўрнига «Интер» дарвозабони Андре Онанани таклиф этишни режалаштиргани ҳақида хабар қилинганди.

Мавзуга оид