Жаҳон | 23:24 / 11.07.2023
10827
2 дақиқада ўқилади

Россияда банклар фирибгарларга ўтказилган пулларни мижозларга қайтаришга мажбур бўлади

Банклар нафақат шубҳали ўтказмаларни синчиклаб текшириши, балки фуқароларнинг маблағлари фирибгарлар қўлига тушиб қолмаслиги учун чоралар кўриши ҳам талаб қилинади.

Фото: Depositphotos

Россия Давлат Думаси фуқароларни молиявий фирибгарлардан қўшимча ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунни қабул қилди. Унга кўра, банклар фирибгарларга ўтказилган пулларни мижозларга қайтаришга мажбур бўлади. Қонун расмий эълон қилинган кундан бошлаб бир йил ўтгач кучга киради.

Қабул қилинган ўзгартиришлар банклар ва тўлов тизимларига жисмоний шахсларнинг ҳисобварақлари ўртасидаги фирибгарлик билан боғлиқ операцияларни, ҳатто мижознинг розилиги бўлган тақдирда ҳам тўхтатиб туриш мажбуриятини юклайди.

«Қонун қабул қилингандан сўнг банклар ва бошқа операторлар нафақат шубҳали ўтказмаларни синчиклаб текшириши, балки фуқароларнинг маблағлари фирибгарлар қўлига тушиб қолмаслиги учун чоралар кўриши ҳам талаб қилинади. Ва бу мажбуриятларни эътиборсиз қолдирадиган банклар ўғирланган пулларни одамларга қайтариши шарт бўлади», деди Давлат Думаси спикери Вячеслав Володин.

Агар молия муассасаси Россия банкининг махсус маълумотлар базасига киритилган фирибгарлар ҳисоб рақамига пул ўтказилишига йўл қўйган бўлса, у мижозга пулни қайтаришга мажбур бўлади. Банк буни жабрланувчининг аризасини олгандан кейин 30 кун ичида амалга ошириши керак.

2022 йилда Россия Марказий Банки фирибгарлар фаоллиги ошгани ҳақида хабар берди. Ноябрь ойида у 110 мингдан ортиқ қонунбузарликни аниқлади, бу 2019 йилдан бери энг юқори кўрсаткичдир. 2023 йил биринчи чорагида банк мижозларининг пул маблағларини ўғирлаш бўйича ҳам рекорд ўрнатилди - 4,5 миллиард рублдан (576 млрд сўм) ортиқ.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид