Пластик эпидемияси – инсоният организмини ҳам забт этган пластиклар ҳақида
Дастлаб, ҳаётни осонлаштириш, табиий ресурслар ўрнини босиш учун ихтиро қилинган пластик буюмлар шу даражада оммалашиб кетдики, ҳатто нафас олаётган ҳавомиз ҳам пластиклар билан тўлган. Бир марта ишлатиб отиб юборадиган елим идишлар эса 400 йилгача парчаланмай, атрофни ва ҳатто одамларни ҳам заҳарлаб ётаверади.
Инсон ҳаётини осонлаштириш учун ишлаб чиқарила бошлаган пластиклар бугун ҳатто ичадиган сувимизга ҳам қўшилиб танамизга киряпти. Кундалик ҳаётимиздаги ҳеч бир жараённи пластикларсиз тасаввур қила олмай қолганмиз. Бир марталик елим халталар, сув идишлари ва ҳоказо...
Бундай пластиклардан фаол фойдаланиши натижасида инсон ўзи билмаган ҳолатда микропластикларни доимий истеъмол қилади. Тадқиқотларга кўра, инсон ҳафтасига 5 грамм миқдорда микропластик истеъмол қилади. Тушунишингиз учун бу биз доимий ишлатадиган пластик карта ҳажмига тенг.
Бизга чексиз қулайликларни тақдим қиладиган пластик идишлар, бир марталик турли елим воситалар ва пластик пакетларнинг зарари шунчалик каттами? Нега ҳадеб улардан воз кечиш ҳақида гапириляпти?
Пластиклар тарихи
Пластик таркиби полимер моддасидан иборат. Инсоният анча олдиндан синтетик полимер олишни ўрганишга ҳаракат қилиб келган. Илк синтетик полимер 1869 йилда Жон Уэсли Хятт томонидан Нью-Йорк фирмасининг фил суяги ўрнини босадиган нарса учун ваъда қилинган 10 минг долларлик таклифидан илҳомланиб яратилган. Сунъий топилган модда ёрдамида табиий фил суягининг ўрнини босадиган шаклни ясаш ўша давр учун катта кашфиёт бўлган. Сабаби инсоният табиатдан керагича тош, ёғоч, суяк каби табиий нарсаларни олиб истеъмол қилиб келаётган, бироқ ўзи ҳам нимадир янгилик яратиб уларнинг ўрнини босувчиларни топа олиши керак эди.
1907 йилда эса Лео Бэкеланд томонидан тўлиқ синтетик пластмасса "Бакелит" яратилди. Бу таркиби табиатда учрайдиган ҳеч қандай табиий воситалар қўшилмаган биринчи синтетик пластмасса эди.
Иккинчи жаҳон уруши бошлангач, пластмассаларга эҳтиёж ҳаддан ортиқ ошади. Сабаби табиий воситаларни сақлаган ҳолатда эҳтиёжлар учун керакли воситалар ишлаб чиқарилиши керак эди. Шу даврда пластмассаларнинг мослашувчанлиги яққол кўринади. Урушда ишлатиладиган матолар, қуролларга ҳам синтетик пластмасса ишлатилади. Ва уруш йилларида пластик ишлаб чиқарилиши 300 фоизга ошади.
Пластик хавфининг пайдо бўлиши
Пластикларга “ошиқлик” жуда узоқ давом этмайди. Одамлар унинг хавфини ҳам кўра бошлашади. Илк марта океанда пластик чиқиндилар1960 йилда топилади. Шундан сўнг одамларнинг экомуаммолар ҳақида хабардорлиги ошгани сари пластик ифлосланишининг ҳам экология учун зарарли экани ҳақида билиб бораверишади.
1980 йиллардан бошлаб пластикларни қайта ишлаш ҳақида гапирила бошланди. Лекин афсуски, ҳозир ҳам ишлаб чиқарилаётган пластикларнинг 91 фоизи қайта ишланмайди. Пластик ишлаб чиқаришда унинг таркибига чидамли бўлиши учун қўшиладиган моддалар сабаб пластиклар ташлаб юборилганидан сўнг 400 йилгача йўқ бўлиб кетмаслиги мумкин.
Бугунги кунда ишлаб чиқарилаётган пластикларнинг 40 фоизини бир марталик ишлатиш воситалари ташкил қилади. Улар атиги бир неча дақиқадан бир неча соатгача ёки ундан сал кўпроқ хизмат қилади, лекин чиримасдан атроф-муҳитда бир неча юз йиллаб сақланиши мумкин.
Ишонишимиз қийин, лекин ҳозиргача ишлаб чиқарилган пластикларнинг 79 фоизи ҳали ҳам чиримасдан полигонларда ётибди. Ҳар йили 14 млн тонна пластик океанларга тушади. Пластик ифлосланиши, айниқса, чиқиндини қайта ишлаш яхши ривожланмаган Осиё ва Африка давлатларида кўпроқ учрайди.
Пластиклардан зарар кўраётганлар
Пластиклар бутун Ер сайёрасининг барча бурчакларига етиб борган. Улар Эверест чўққиси-ю Мариана ботқоғида, Антарктидада ҳам аллақачон мавжудлиги қайд этилган. Пластикларнинг бу даражада кенг тарқалиши ва уларнинг парчаланмай узоқ муддат сақланиб қолиши экологияга хавфни оширади.
Айнан пластиклар сабаб ҳар йили миллионлаб тирик организмлар: қушлардан тортиб балиқларгача ҳалок бўлади. Пластик хавфи сабаб 700 га яқин ҳайвонот тури йўқ бўлиб кетиш арафасида турибди.
Балиқларнинг доимий пластик истеъмол қилишга мажбурлиги уларнинг кўпайишига ҳам салбий таъсир қилади. Сабаби пластик уларнинг репродуктив тизимига зарар кўрсатади ва оқибатда камроқ тухум ишлаб чиқарилади.
Инсонлар ҳам пластик ейди
Биз бир йилда 8 та ярим литрли пластик идишни истеъмол қиляпмиз, аммо унинг емирилиш даври тахминан 450 йилга тенг. Бундан ташқари, пластик диетанинг бошқа жуда кўп ёқимсиз оқибатлари ҳам бор.
Вена тиббиёт университети тадқиқот гуруҳи ошқозон-ичак йўли орқали ўтадиган микропластик зарралар ичак микробиоми таркибида ўзгаришларга олиб келишини аниқлашган. Бу эса ўз навбатида метаболик касалликлар ва улар билан боғлиқ семириш, диабет ва сурункали жигар касалликларини юзага келтириши мумкин.
Ечим борми?
Пластикларнинг имкон борича дарё ва денгиз, океанларга тушишига йўл қўймаслик, пластикларни қайта ишлаш тизимини яхшилаш, кучайтириш, бир марталик пластикларнинг умри қисқалигини ҳисобга олиб уларни ишлатишни камайтириш кабилар ифлосланиш қисқаришига ёрдам бериши мумкин.
Одамларнинг ўзлари ҳам турли усулларда пластик маҳсулотларни бойкот қилиши ва мустақил экологияни оз бўлса-да асрашлари мумкин:
- Бир марталик пластикларни ишлатишдан воз кечинг.
Масалан, овқатланиш жойларида қоғоз стакан, қоғоз салфеткалар ишлатманг, ўрнига дастрўмол олиб олишингиз ва уни ишлатишингиз мумкин.
- Кўчадан сув сотиб олманг.
Ҳар йили 20 млрд дона пластик идишлар чиқиндига ташланади. Сиз эса шиша идиш олиб юриш орқали қадоқланган сув камроқ сотиб олиб, камроқ чиқинди ишлаб чиқарилишига ёрдам бера оласиз.
- Овқат буюртма қилиш ўрнига ҳам уйда таом тайёрланг, шунда буюртма овқат келадиган бир марталик идишлар тежалади.
- Иккинчи қўлдан маҳсулот сотиб олишга ўрганинг;
- Пластикларни қайта ишлаш марказларига топширинг.
Мавзуга оид
14:38 / 30.10.2024
Италияда фаррош аёл 50 минг евролик пул ва тақинчоқлар солинган эски тўшакни чиқиндига ташлаб юборди
11:46 / 30.10.2024
1 ноябрдан бошлаб чиқиндидан қарзи борларга электр учун тўлов қилиш чеклаб қўйиладими?
12:10 / 29.10.2024
Тошкент вилоятида фуқаро ўзи ташлаган чиқиндини ўзи тозалади
14:50 / 25.10.2024