20:48 / 13.07.2023
24399

Биринчи L-410 самолёти Ўзбекистонга юборилди 

Чехиянинг LET Aircraft Industries компанияси томонидан ишлаб чиқарилган L-410 самолёти «Uzbekistan Airways» авиакомпаниясига жўнатилди. 

Фото: Jan Lekeš

Июнь ойида Ўзбекистон миллий авиакомпанияси Чехия заводи билан иккита Let L-410 UVP-E20 турбовинтли самолёт сотиб олиш бўйича шартнома имзолаган эди. 

«Uzbekistan Airways» миллий авиакомпанияси учун мўлжалланган биринчи Let L-410 UVP-E20 самолёти 13 июль куни Чехиянинг Куновице шаҳридан ҳавога кўтарилди. 

Россияга нисбатан жорий қилинган санкциялар туфайли самолёт Ўзбекистонга Болгария (Бургас), Туркия (Самсун), Арманистон, Озарбойжон ва Туркманистон орқали 15 июль куни етиб келиши кутилмоқда. 

LET L-410 «Турболёт» - маҳаллий авиакомпаниялар учун мўлжалланган, енгил, кўп мақсадли икки двигателли самолёт бўлиб, 1966-1967 йилларда Чехословакиянинг Let Kunovice авиация заводи конструкторлик бюроси (ҳозир Чехиянинг LET Aircraft Industries заводи) томонидан ишлаб чиқилган. 

Самолёт махсус тайёрланмаган, асфальтланмаган, ўтлоқли йўлакларда, қорли ҳудудларда, шунингдек, қисқа учиш-қўниш йўлаклари бўлган аэродромлардан учиш учун мўлжалланган. 19 йўловчи ёки 1,8 тонна юкни 1500 км масофага ташишга қодир.

Top