Жаҳон | 21:15 / 16.07.2023
9375
2 дақиқада ўқилади

Боку Қорабоғни Озарбойжон таркибига «тўлиқ интеграция қилиш режаси»ни тайёрлаб бўлган

Моҳиятга кўра, мазкур режа «йўл харитаси» ҳисобланади ва узоқ йиллар айирмачилик кайфиятида бўлиб келган, арманлар кўпроқ истиқомат қилувчи ҳудудни Озарбойжон Республикаси таркибига оғриқларсиз сингиб кетишини таъминлайди.

Давид Шаҳназарян. Фото: live24.am

Бу ҳақда Арманистон оммавий ахборот воситаларига Арманистон миллий хавфсизлик хизматининг собиқ раҳбари Давид Шаҳназарян хабар берган, деб ёзади haqqin.az.

Унинг сўзларига кўра, мазкур дастур-йўл харитаси интеграцион омилнинг тўртта босқичини қамраб олади:

  • ҳужжатларни алмаштириш, биринчи навбатда Озарбойжон паспортларини тарқатиш;
  • муомалага Озарбойжон миллий валютаси — манатни жорий этиш;
  • ноқонуний қуролланган гуруҳларни тўлиқ қуролсизлантириш ва тарқатиш;
  • ҳокимиятни тўлиқ Озарбойжон ҳукуматига топшириш.

Шаҳназарян бошқа тафсилотларни келтирмаган. У шунингдек, ушбу режа-йўл харитасини амалга ошириш учун ҳар бир босқичга 3 ойдан жами 12 ой вақт ажратилганини ҳам қўшимча қилган.

«Мендаги маълумотларга кўра, Озарбойжон ҳукумати ушбу режани Арманистон ҳукуматига топширган. Мен яна шуни биламанки, Арманистон ҳукумати ушбу ҳужжатни Қорабоғдаги [айирмачи] «ҳукумат»га топшириши керак», — деган Шаҳназарян.

Аввалроқ Молдова пойтахти Кишинёв шаҳрида Арманистон бош вазири Никол Пашинян ва Озарбойжон президенти Илҳом Алиев Тоғли Қорабоғ мақоми юзасидан музокара ўтказгани хабар қилинган эди. Учрашувда Франция президенти Эммануэл Макрон, Германия канцлери Олаф Шолц ва Европа кенгаши президенти Шарл Мишел ҳам иштирок этган. 

Мавзуга оид