Жаҳон | 10:57 / 17.07.2023
3798
2 дақиқада ўқилади

АҚШ, Жанубий Корея ва Япония ракеталарга қарши қўшма машғулот ўтказди

Япон денгизидаги манёврлар давомида АҚШ, Жанубий Корея ва Япония ҳарбий-денгиз кучлари кемалари Шимолий Кореянинг эҳтимолий ракета учириши ҳолати бўйича мудофаа амалиётини ўтказди. Бундай машғулотлар охирги марта апрель ойида бўлиб ўтган.

Фото: South Korea Defense Ministry/AP/picture alliance

16 июль, якшанба куни АҚШ, Жанубий Корея ва Япония Шимолий Кореядан келаётган ядровий ва ракета таҳдидларига қарши қўшма ҳарбий-денгиз кучлари мудофаа машғулотларини ўтказди, деб хабар берди Жанубий Корея вакиллари.

Жанубий Корея ҳарбий-денгиз кучларига кўра, Япон денгизининг халқаро сувларида бўлиб ўтган манёврларда Американинг Aegis кўп функцияли ахборот ва бошқарув тизими билан жиҳозланган учта – ҳар бир мамлакатдан биттадан эсминец қатнашган. Ҳарбийлар маълумотига кўра, машғулотларда Шимолий Корея баллистик ракетаси учирилишига жавобан иттифоқчилар ҳаракати кўриб чиқилган, ракета парвози эса компьютер ёрдамида моделлаштирилган.

«Ушбу машғулотлар қуролли кучларимизнинг баллистик ракеталарга жавоб бериш қобилиятини оширди ҳамда Жанубий Корея, АҚШ ва Япония ўртасида хавфсизлик соҳасида ҳамкорликни кучайтирди», — деб ёзади Жанубий Кореянинг Yonhap ахборот агентлиги ҳарбий-денгиз кучлари вакилининг сўзларидан иқтибос келтирган ҳолда. «Биз Шимолий Кореядан келаётган ядровий ва ракета таҳдидларига кучли ҳарбий жавоб тизимимиз ва уч томонлама ҳамкорлик орқали самарали жавоб берамиз», — деди у. 

Бундай уч томонлама машғулотлар охирги марта апрель ойида бўлиб ўтган эди. Бундан ташқари, 13 июль куни Жанубий Корея ва АҚШ Американинг B-52H стратегик бомбардимончи самолёти иштирокида қўшма ҳаво машғулотларини ўтказди, деб эслатади Yonhap. 12 июль куни КХДР «Хвасон-18» қитъалараро баллистик ракетасини учирди. 

Мавзуга оид