Репиннинг отилган невараси: бўлажак рассомдан террорчи ясаган НКВД
Рус маданияти ва санъати тарихида ўчмас из қолдирган буюк мусаввир Илья Репиннинг невараси Сталинга суиқасд ниятида айбланиб, НКВД қўлида ҳалок бўлади. 29 яшар йигитнинг ягона айби — бобоси ўқиган жойларда ўқиб, бобосидек рассом бўлиш орзусида бўлгани ва бу йўлда ҳар қандай хатардан чўчимагани эди.
«Волгадаги бурлаклар» ва бир қатор асарлари билан машҳур бўлган рассом Илья Репин (1844–1930) октябр инқилобидан сўнг Россия империясидан мустақилликка эришган Финландиядаги ерларида қолишга қарор қилади ва Россияга қайтишни рад этади.
Репиннинг ҳузурига советларнинг чопарлари бирин-кетин келиб, «чол»га ўз фикрини ўзгартириши учун таъсир кўрсатишнинг янгидан янги усулларини (ҳисоботларда шундай ёзишган) синаб кўришади. Репин чақирилмаган меҳмонларни доим қувиб солган, кўпинча ёши ўтиб қолганини баҳона қилган.
Рассомни ўз томонига оғдира олмаганидан сўнг большевиклар унинг ўғли Юрийга таъсир ўтказа бошлашади. 1926 йил августида Финландия марказий изқувар полицияси тайёрлаган ҳисоботда «большевиклар ниҳоят Репиннинг ўғлини ўз томонига оғдиради ва Юрий Репин Россияга йўл олади», деб ёзилган.
Юрий совет иттифоқига барибир кетмайди. Бироқ Илья Репиннинг невараси Дий большевиклар томонидан ваъда қилинган яхши ҳаётга учади ва 1935 йил баҳорида СССРга яширинча қочиб ўтади. Почта идораси архивида Юрий Репиннинг шахсан Иосиф Сталинга ўз ўғли тақдирини суриштириб беришни сўраб йўллаган хати ҳам бор.
«Сиздан шу йил феврал ойи охирида СССРга ўз бахтини излаш учун ихтиёрий тарзда чиқиб кетган (ўғлим) Дий Юрьевич Репин ҳақида маълумот беришингизни сўрайман. Агар уни унутишган бўлса ёки у оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган бўлса, унга ёрдам беришни сўрайман», — дейилган хатда.
Дийнинг тақдири номаълумлигича қолган. Фақат СССР парчалангач унинг тақдирига ойдинлик киритилади. У 1935 йил августидаёқ «СССРнинг олий раҳбарларига қарши терактлар уюштириш нияти учун» отиб ташланган эди. Ўшанда у бор-йўғи 28 ёшда бўлган.
Энди Дий нега бу ишга қўл ургани ҳақида.
Бир неча йил давомида Дий Швеция кемаларида денгизчи бўлиб ишлаган. Бу даврда у кучли, қўрқмас ва мустақил инсонга айланган. 1929 йилда у онаси оғир бетоблиги туфайли отасини қўллаб туриш учун кемадан тушгач, онаси, бобоси ва аммасининг ўлимига гувоҳ бўлади…
Ижодий муҳитда тарбия топган Дий болалигидан мўъжаз атмосферани симирган, рассомлик касбини танлаш фикри вақти-вақти билан йигитчани безовта қилиб турарди.
Кейинчалик бу бутун ҳаётининг ғоясига айланади. 1930-йиллар бошида Дий Ленинград пролетариат тасвирий санъат институти (Собиқ бадиий академия)га киришга қарор қилади. Бироқ, 1932 йилда виза олиш учун совет консуллигига ҳужжат топшириб, рад жавобини олади.
Шунда отаси ўғлини қўллаш учун оиланинг Парижда яшовчи азалий танишидан Париж санъат академиясига ўғлини киритишда ёрдам сўрайди, лекин бундан иш чиқмайди.
Дий иш тополмаётганди, лекин у рассом бўлиш орзусига қайтса, унинг ҳаёти мазмун билан тўлишидан умид қиларди.
Дий катта таваккалчиликка қўл уради: у совет чегарасини кесиб ўтиб, Ленинградга етиб олгач, бобосининг дўстларидан ёрдам сўрамоқчи бўлади. Энг аввало, у отаси яқинда хат ёзган рассом Исаак Бродскийни топмоқчи бўлади.
Бродский яқин таниш — бобосининг шогирди, отасининг курсдоши, рангтасвир ўқитувчиси эди ва унинг дарсхонаси Илья Ефимович Репиннинг собиқ устахонасида жойлашган эди.
СССРга кириш учун Дий кенглиги 7 метр бўлган чегарадаги дарёни кечиб ўтса бас эди. Бу дарё ўз азалий орзусига эришмоқчи бўлган собиқ денгизчини тўхтатиб туролмасди, албатта. У ёшлигидан бунақа дарёларни юзлаб марта ёзда сузиб, қишда чанғида босиб ўтган эди.
1935 йил 28 февралида Илья Репиннинг жасур невараси СССР чегарасини кечиб ўтади ва шу ондаёқ қўлга олинади. Тергов давомида йигитча НКВД ходимларининг соғлом фаҳм-фаросатига чин дилдан ишониб, «Ленинградда яшамоқчи, ўқимоқчи ва ишламоқчи экани»ни айтади.
Чекистлар бир деганда романтик-хаёлпараст Дийни «СССРга олий раҳбарият аъзоларига қарши террорчилик актлари уюштириш вазифаси билан жўнатилган яширин аксилсовет «Рус ҳақиқати биродарлиги» (Братство Русской Правды — БРП) террорчилик ташкилотининг аъзоси»га айлантиради.
Дий Репин асло ўзини айбдор ҳисобламаса-да, Ленинград ҳарбий округининг ҳарбий трибунали 1935 йилнинг 10 июн куни уни отувга ҳукм қилади. Апелляция рад этилади. Ҳукм 1935 йил 6 августида, бобоси Илья Репин туғилганининг 91 йиллиги нишонланган куннинг эртасига амалга оширилади.
Унинг Финландиядаги қариндошлари Дий билан нималар содир бўлганидан бехабар қолишади. Отаси Юрий Репин (1954 йилда ўз жонига қасд қилган) умрининг охиригача ўғли тирк эканига, шунчаки СССРда уни фамилиясини ўзгартиришга мажбур қилишган, деб ишониб яшайди.
1991 йилда Дий Репин қилмишида жиноят таркиби йўқлиги учун оқланган.
Мавзуга оид
14:58 / 03.11.2024
Ғарб ва СССР ўртасидаги жосуслик ўйинлари: Британияга қочган совет майори
14:21 / 20.10.2024
АҚШга қочган дипломат: океан ортидан сиёсий бошпана сўраган совет амалдори
16:15 / 17.10.2024
Бир жиноят тарихи: қотиллик қурбони бўлган 72 ёшли актриса
15:11 / 13.10.2024