18:24 / 19.07.2023
5522

Абдулла Арипов Бокуда Илҳом Алиев билан учрашди

Фото: president.az

Боку шаҳрида 19 июл куни Озарбойжон президенти Илҳом Алиев Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов бошчилигидаги ҳукумат делегациясини қабул қилди.

Озарбойжон раҳбари ўзбекистонлик меҳмоннинг Бокуга ташрифи ҳамкорлик истиқболларини белгилаш нуқтаи назаридан муҳим эканини, шунингдек Озарбойжон билан Ўзбекистон ўртасидаги икки томонлама муносабатлар йилдан йилга ривожланиб бораётганини таъкидлади. Алиев келгусида ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган янги муваффақиятли лойиҳалар амалга оширилишига ишонч билдирди.

Абдулла Арипов, аввало, президент Илҳом Алиевга Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг саломини етказар экан, Ўзбекистон раҳбари дўсти ва укаси Алиев билан мулоқот қилишдан доимо хурсанд эканини таъкидлади. Бош вазир сўзларига кўра, Ўзбекистонда бўлиб ўтган сайловдан кейин Шавкат Мирзиёевни биринчи бўлиб Алиев табриклаган ва бу давлат ва раҳбарлар ўртасидаги дўстлик ва қардошлик намунасидир. 

Арипов Алиев раҳнамолигида Озарбойжон катта муваффақиятларга эришганини таъкидлади. 

Учрашувда президент Илҳом Алиевнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи ва унинг доирасида икки томонлама ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантиришнинг устувор йўналишлари белгилаб олингани, бу борадаги ишлар натижаси ғоят ижобий экани алоҳида таъкидланди. Савдо-иқтисодий, сармоявий, энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт-логистика ва саноат соҳаларида янги лойиҳалар амалга оширилаётгани эътиборга олинди. 

«Қайд этилганидек, Олий даражадаги учрашувлар якунида эришилган келишувлар изчил амалга ошириляпти. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми йилдан йилга ошиб бораётир. Нефт ва газ, автомобилсозлик, қишлоқ хўжалиги, ипакчилик ва тўқимачилик саноати ҳамда бошқа тармоқларда қўшма кооперация лойиҳалари ҳаётга мувафаққиятли татбиқ этилмоқда. Маданий-гуманитар алмашинув кенгаймоқда», дейилади Ўзбекистон ҳукумати порталида.

Top