Ўзбекистон | 21:21 / 20.07.2023
18513
5 дақиқада ўқилади

Иқтисодчи янги камбағаллик чегарасини адолатсиз деб атади. Статагентлик уни шов-шувга берилишда айблади

Ўзбекистонда камбағаллик чегараси янгиланиб, 568 минг сўм деб белгиланди. Иқтисодчи Отабек Бакиров бу 18 ой аввалгидан 14 фоизга кўплиги, лекин бу даврдаги инфляция камида 16 фоиз бўлганини айтиб, камбағалларга 6 ой давомида тўланмаган пулларни тўлаб беришни сўради. Статистика агентлиги охирги 1,5 йилда 16 фоиз инфляция бўлганини рад этиб, уни “негатив хабарлар, асоссиз гаплар” тарқатишда айблади.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистонда минимал истеъмол харажатлари миқдори киши бошига 1 ойга 568 минг сўм этиб белгиланди. Бу 18 ой аввал белгиланган кўрсаткичдан 14 фоизга юқори, лекин ўтган даврда йиғилган инфляция даражаси (16 фоиз)дан кам.

МИХ миқдори 2021 йилда 440 минг сўмни ташкил этган, 2022 йилда январидан бошлаб эса 498 минг сўм деб белгиланганди.

2021 йил августдаги ҳукумат қарорига асосан, камбағаллик чегараси ҳар йили 20 январга қадар янгиланиши керак. Бироқ ўтган даврда статистика агентлиги МИХни эълон қилишни кечиктиргани эътирозларга сабаб бўлди. Бунга жавобан агентлик 2023 йилги статистика дастурига мувофиқ, камбағаллик чегараси июл ойида эълон қилиниши белгиланганини билдирди. Аммо ҳукумат бу дастурни 27 февралда тасдиқлагани инобатга олинса, статистика органида 20 январдан 27 февралга қадар МИХнинг янгиланган миқдорини эълон қилмасликка ҳуқуқий асосий йўқ эди.

МИХнинг оширилган даражаси инфляция кўрсаткичидан паст

Иқтисодчи Отабек Бакиров 14 фоизга оширилган камбағаллик чегараси ижтимоий ёрдамга муҳтож аҳоли қатламини амалда камбағаллаштирган, деб ҳисобламоқда.

У, МИХ охирги марта белгиланган 2022 йил январидан 2023 йил июлига қадар ўтган 1,5 йил вақт ичида инфляция даражаси 16,1 фоиз, озиқ-овқат инфляцияси эса 20,3 фоизни ташкил этгани, бу даврда энг ойлик иш ҳақи 19,2 фоизга индексация бўлганига эътибор қаратиб, Ўзбекистон камбағаллари нисбатан олганда янада камбағаллашганини таъкидлаган.

“Бу, биринчидан, 2022 йил январда камбағал бўлган камбағал агар реал даромади бир ярим йил давомида ўзгармаган бўлса ҳам, энди камбағал эмас. У турли дафтарлардан чиқарилиши керак. Ҳукумат камбағаллик даражаси яна пасайганини эълон қилиши учун методологик асос ҳам.

Иккинчидан, давлатнинг ижтимоий тўловларга ажратадиган маблағлари нисбатан камаяди. Ўзи ҳукумат 1,5 йил давомида бу миқдорни оширмай келди, энди оширганда ҳам инфляциядан пастроқ даражада индексациялади. Масалан, хусусий секторда ишлайдиган ҳомиладор аёлларга давлат тўлайдиган декрет пули, иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги пенсиялар, боқувчисини йўқотганлик пенсияси олувчиларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун пенсия, боқувчисини йўқотганлик нафақаси олувчиларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун нафақа кабилар минимал истеъмол харажатларига боғланган”, – дея таъкидлайди иқтисодчи.

Статистика агентлигининг муносабати

Статистика агентлиги Отабек Бакировнинг танқидига муносабат билдириб, у ёзган постдаги “расмий инфляциянинг ўзи 16,1%дан ошган” деган важни рад этди.

“Мустақил изланувчи сифатида статистика рақамларидан фойдаланган ҳолда шахсий ҳисоб-китоблар ва таҳлилларни амалга оширишингиз мумкин. Бироқ, Сиз томонингиздан ҳисоб-китоб қилинган 16,1 % лик инфляция даражаси Статистика агентлигининг рақами деб ушбу рақамга расмий тус беришга ҳаққингиз йўқ.

Статистика агентлиги томонидан амалдаги услубиятга асосан ойлик, чораклик, йиллик ва ўтган йилнинг мос даврига нисбатан инфляция даражаси тўғрисидаги маълумотлар шакллантирилади.

Бунда, ҳеч қандай бир ярим йиллик, бир йилу беш ойлик индекслар ҳисоб-китоб қилинмайди ва ҳеч қандай ҳисоб-китоблар ва таҳлилларда бундай даврийликлардаги индекслардан фойдаланилмайди.

Алоҳида таъкидлаш лозимки, минимал истеъмол ҳаражатлари қийматини ҳисоблашда бир чораклик ёки бир ярим йиллик индекслардан эмас, балки бевосита йиллик инфляция даражаси кўрсаткичидан фойдаланилади”, – дейилади расмий баёнотда.

Агентлик, шунингдек, Бакировни доимий тарзда Статистика агентлиги томонидан эълон қилиб борилаётган статистикаларга “асоссиз, юзаки танқидлар, масаланинг ичига тўлиқ кирмасдан, тушуниб таҳлил қилмасдан ёндашиб” муносабат бериб келишда айблади.. Расмийлар, шунингдек, уни “асоссиз, ўринсиз, ортиқча эҳтирос ҳамда шов-шувга берилмасдан”, конструктив фикр ва асосли таҳлилларини “манзилли тарзда, бошқаларга ошкор қилмасдан” етказишга чақирди.

“Сиз юритаётган Telegram-каналида доимий негатив хабарлар, асоссиз, шов-шувли олди-қочди гаплар бериб борилади. Бу ўз навбатида, халқимиз ва халқаро ҳамжамият олдида Ўзбекистоннинг ижобий имижига салбий таъсир уйғотиши табиий ҳол. Давлат, ҳукумат ва давлат идораларини халққа душман сифатида кўрсатиб, халқнинг ғазабини қўзғаш – ҳеч қайси ватанпарвар, халқпарвар мард инсоннинг виждонига тўғри келмайди”, – дея муносабат билдирди статистика органи.

Ўз навбатида, Отабек Бакиров минимал истеъмол харажатлари миқдорини, белгиланган қоидаларга амал қилган ҳолда, январдан буёғига қўллашга чақирди.

“Чунки ўзларингиз белгилаган қоидага кўра, минимал истеъмол харажатлари йил бошида эълон қилиниши, декрет тўловлари, камбағал тоифадаги турли нафақалар ва пенсиялар шу минимумга мувофиқлаштирилиши лозим эди. Агар сизлар январда ўз вазифангизни бажарганингизда ижтимоий ёрдам олувчилар ҳар ойда етмиш минг сўмдан, 6 ойда 420 минг сўм кўпроқ тўловга эга бўлишарди”, – дейди иқтисодчи.

Мадина Очилова
Муаллиф Мадина Очилова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид