Спорт | 16:32 / 20.07.2023
31682
8 дақиқада ўқилади

«Ливерпул» сардорсиз қолмоқда, «Сити» янги ҳимоячи олмоқда. Сўнгги трансфер хабарлари

Ёзги трансферлар давом этмоқда, навбатдаги кунда ҳам қатор футболчиларнинг янги клублари номи маълум бўлди. Қуйида сўнгги куннинг энг қизиқарли трансфер хабарлари дайжести.

Фото: Getty Images

«Барселона» Бускетс ўрнига тарбияланувчисини қайтарди

Каталония клуби Ориол Ромеу қайтгани ҳақида эълон қилди. 31 ёшли таянч яримҳимоячиси катта эҳтимол билан, АҚШга йўл олган Серхио Бускетс ўрнига олиб келинди, у билан уч йиллик шартнома имзоланган. «Жирона»га трансфер учун 3,4 млн евро тўлаб берилган.

Ромеу «Барса» тарбияланувчиси ҳисобланади, у клубни 2011 йилда тарк этганди. Шундан буён Ориол «Челси», «Саутҳемптон», «Жирона» ва бошқа клубларда тўп сурганди.

Ориол Ромеу. Фото: FCBARCELONA.COM

«ПСЖ» ёш юлдузини «Лейпциг»га жўнатди

Париж клуби яқинда келишувдаги махсус бандни ишга тушириб, Ксави Симонсни 6 млн евро эвазига ПСВ клубидан қайтариб олганди. Шундан кейин у янги мавсумни ўтказиши учун тезда янги вариант топилди. Кейинги мавсумни ушбу 20 ёшли яримҳимоячи «РБ Лейцпиг» таркибида ўтказади. Клуб режасига кўра, у кейинги йил ёзида баркамол ҳолатида «ПСЖ»га қайтиб, жамоанинг асосий футболчисига айланиши керак.

Ксави Симонс. Фото: RBLEIPZIG.COM

«Интер» Хуан Куадрадони сафига қўшиб олди

«Ювентус»ни эркин агент сифатида тарк этган Хуан Куадрадо «Интер» футболчисига айланди. Саккиз йил давомида Турин клубида тўп сурган колумбиялик вингер энди жамоанинг принципиал рақиби билан бир йиллик шартнома тузди. 35 ёшли футболчи бу шартнома бўйича бонуслардан ташқари 2 млн евро ишлаб олади.

Инсайдер Фабрицио Романонинг маълумотига кўра, у Италияда қолиш учун ўзига йилига 8 миллион евролик маош таклиф қилган Саудия Арабистони клубини рад этган.

Хуан Куадрадо. Фото: INTER.IT

Риёз Маҳрез Саудия Арабистонига йўл олди

Европани яна бир юлдузли футболчи тарк этмоқда. The Athletic нашри ёзишича, «Ал-Аҳли» 32 ёшли вингер трансфери борасида «Манчестер Сити» билан келишувга эришган. 20 июл куни Маҳрез тиббий кўрикдан ўтади ва шундан кейин янги клуби билан уч йиллик шартнома имзолайди. Келишув қиймати 30 млн еврони ташкил этади, футболчининг ўзи эса йилига 20 млн евро маош олади.

Фабрицио Романо хабарига кўра эса, жазоирлик футболчи учун Жидда клуби «шаҳарликлар» ҳисоб рақамига 35 млн евро ўтказади. Футболчи ва клуб ўртасида 2027 йилга қадар шартнома имзоланади.

«Манчестер Сити» Йошко Гвардиолни сотиб олмоқда

Гвардиол Гвардиоланинг олдига келмоқда! Фабрицио Романонинг ёзишича, «РБ Лейпциг»нинг 21 ёшли хорватиялик ҳимоячиси яқин вақтлар ичида Чемпионлар лигасининг амалдаги ғолиби сафига ўтади.

Клуб ва футболчи бир олдинроқ келишувга эришиб бўлгани ва ҳатто Йошко тиббий кўрикнинг бир қисмидан ўтиб бўлгани айтилмоқда.

Трансфер қиймати 100 миллион еврони ташкил этиши мумкин — немислар клуби шунча миқдорда товон пули белгилаб қўйган. Аввалроқ «Манчестер Сити» 75 миллион евролик таклиф юборган, аммо рад жавобини олганди.

Агар келишув амалга ошса, Гвардиолнинг сотуви «Лейпциг» тарихидаги трансфер рекордига айланади.

«Атлетико» Феликсни «Барселона»га қўйиб юборишга рози бўлди

Жоау Феликс болаликдан «Барселона»да ўйнашни орзу қилгани ҳақида айтиб интервю берганидан сўнг, бу трансфер амалга ошиши муқаррар бўлди. AS хабарига кўра, «Атлетико» футболчини мавсум якунида сотиб олиш ҳуқуқи билан «Барса»га ижарага беришга рози бўлган.

Ушбу трансфер шу ҳафтадаёқ эълон қилиниши мумкин. Футболчи «Атлетико» ўзини қўйиб юбориши учун қаттиқ ҳаракат қилмоқда.

Transfermarkt 23 ёшли ҳужумкор яримҳимоячининг трансфер қийматини 50 миллион еврога баҳолаган. 2019 йилда «Атлетико» Феликсни «Бенфика»дан 127,2 миллион еврога сотиб олганди.

Июн ойида футболчининг агенти Жорже Мендеш мижози учун 100 миллион евро тўлашга рози бўладиган клуб қидираётганини айтганди. Унинг йиллик ижара ҳақи 10 миллион еврога баҳоланган.

Якунланган мавсумнинг иккинчи қисмини ижара асосида «Челси»да ўтказган португалиялик футболчи АПЛнинг 16 ўйинида майдонга тушиб, 4 гол урганди.

«Ливерпул» сардоридан айрилмоқда. Энди Ҳендерсон Жеррард жамоасида ўйнайди

Яна Саудия Арабистони. Жордан Ҳендерсон 12 йил мобайнида «Ливерпул» учун тўп тепди, 2015 йилдан буён жамоага сардорлик қилди, энди эса катта маош учун Осиёга кетмоқда, унга бу ерда ҳафтасига 700–800 минг евро таклиф этишган.

Фабрицио Романонинг тасдиқлашича, «Ал-Аҳли» инглиз клуби билан трансфер шартларини келишиб олган. Гап бонуслардан ташқари 14 млн евролик тўлов ҳақида боради. 33 ёшли яримҳимоячи янги жамоасида собиқ жамоадоши билан ҳамкорлик қилади — «Ал-Аҳли» бироз аввалроқ Стивен Жеррардни бош мураббийликка олиб келганди.

Обамеянг «Марсел»га ўтмоқда

«Челси» габонлик 34 ёшли ҳужумчиси Пьер-Эмерик Обамеянгни, у билан 2024 йил ёзига қадар амал қилувчи шартнома бўлганига қарамай, текинга «Марсел»га қўйиб юборди.

Инсайдер Фабрицио Романо хабар қилишича, форвард французлар клуби билан 2026 йилга қадар амалда бўлувчи шартнома имзолайди. У яқин вақтлар ичида тиббий кўрикдан ўтади ва шундан кейин трансфер эълон қилинади.

Икки йил футболдан четда қолган Менди Францияга қайтди

«Манчестер Сити»нинг собиқ ҳимоячиси Бенжамен Менди футболчилик фаолиятини тиклайди. 29 ёшли француз зўравонлик ва тамагирлик бўйича суд ишида олгангач, футболга қайтмоқда.

Футболчи Франция чемпионати иштирокчиси бўлган «Лорьян» клуби билан шартнома имзолаган. У инглиз клуби билан шартномаси муддати тугагани туфайли янги клубига эркин агент сифатида келиб қўшилди.

2021 йилда ушбу ҳимоячи суд ишлари туфайли футболдан четлатилганди. Менди ўшанда қамоққа олинган ва фақат 2022 йил январида озод этилган, лекин шундан кейин ҳам яна бир ярим йилни уй қамоғида ўтказди ва фақат 2023 йил ёзига келиб ундан барча айбловлар олиб ташланди.

«Челси» Кайседо бўйича яна келиша олмади

Лондон клуби «Брайтон» яримҳимоячиси Мойсес Кайседо трансфери бўйича 81,9 млн евро миқдоридаги иккинчи таклифни юборган. Аммо Дэвид Орнштейннинг ёзишича, бу таклиф ҳам рад этилган.

Биринчи таклиф қиймати бироз камроқ бўлганди — 70,2 млн евро. «Брайтон» 21 ёшли футболчиси трансферидан максимал фойда қилмоқчи ва 90 млн евролик таклиф келишини кутмоқда.

«Манчестер Юнайтед»нинг «янги Ҳоланд» бўйича режалари барбод бўлиши мумкин

Бу трансфер деярли ҳал бўлгани айтилаётганди, аммо кутилмаганда муаммо чиққан. The Athletic нашри ёзишича, «Аталанта» Расмус Ҳойлунд учун 100 млн евро талаб қилган, ҳолбуки аввалроқ клуб 70 млн евро ва бонус сифатида кўзда тутиладиган 10 млн еврога розидек кўринаётганди.

«МЮ» ҳамон асосий трансфер мақсадига эришишдан умид қилмоқда, аммо агар италян клуби иштаҳасини камайтирмаса, бошқа муқобил вариантларга ҳам юзланишга тайёр. Катта эҳтимол билан, 20 ёшли даниялик футболчи кейинги мавсумда ҳам Бергамода қолади.

Мавзуга оид