Ўзбекистон | 10:15 / 21.07.2023
8508
6 дақиқада ўқилади
Реклама

2023 йилнинг биринчи ярмида “Ўзбекинвест” суғурта компанияси бизнеснинг асосий кўрсаткичларини икки баравардан ортиқ ўсишини таъминлади

Биринчи ярим йил якунларига кўра, “Ўзбекинвест” компанияси миллий суғурта бозордаги етакчилик мавқеини мустаҳкамлаб, бизнеснинг асосий кўрсаткичларини ижобий динамикаси ва барқарор ўсишини таъминлади. 2023 йилнинг 6 ойида компания томонидан йиғилган мукофотлар ҳажми 543,7 миллиард сўмни ташкил этиб, 2022 йилнинг шу даврига нисбатан 2,3 баробарга ўсди.

Фото: Ўзбекинвест

“Ўзбекинвест” суғурта компанияси томонидан 2023 йилнинг биринчи ярмида республика экспорт салоҳиятини ривожлантириш, миллий маҳсулот, иш ва хизматлар экспорт қилувчиларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича давлат сиёсатини амалга оширишни давом эттирган ҳолда, экспортчиларга 1,2 миллиард АҚШ доллари миқдорида суғурта ҳимояси таъминланди.

2023 йилнинг май ойида Moody’s Investors Service Ltd. (АҚШ) халқаро рейтинг агентлиги “Ўзбекинвест” суғурта компаниясининг молиявий мустаҳкамлик рейтинги прогнози “Ba3”, “Барқарор” даражасидан “Ba3”, “Ижобий” даражасига кўтарилганини расман эълон қилди. “Ўзбекинвест” Ўзбекистон банк-молия секторидаги “Moody’s” халқаро рейтинг агентлиги томонидан “Ba3” молиявий мустаҳкамлик рейтинги берилган биринчи компания ҳисобланади.

2023 йилнинг биринчи ярмида халқаро суғурта ва қайта суғурталаш бозорларида операцияларнинг жадал ва барқарор ривожланиши давом этди. 20,2 миллион АҚШ доллари миқдорида қайта суғурталаш мукофотларининг ялпи йиғилиши таъминланди. Шу билан бирга, компания суғурта портфелидаги суғурта хизматлари экспортининг улуши 42,7 фоизни ташкил этди.

Ўзбекистон Президенти томонидан мамлакатимизнинг шаҳар ва чекка ҳудуд аҳолисига кўрсатилаётган хизматлар ва сервис кўламини тубдан кенгайтириш бўйича белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, “Ўзбекинвест” компанияси ўз фаолиятининг устувор йўналишларидан бири деб шаҳар ва чекка ҳудуд аҳолисини “маҳаллабай” ишлаш тизими асосида жойларда фаол тушунтириш ишларининг олиб борилиши орқали суғурта ҳимоясини таъминлашни белгилаб олди. Суғурта маҳсулотларини сотишни ривожлантиришга ёшлар ва олий ўқув юртлар талабалари орасидан янги суғурта агентлари жалб этилмоқда. 2023 йилнинг 6 ойи давомида суғурта агентлари томонидан 16,7 миллиард сўмлик полислар сотилган, бу 2022 йилнинг шу даврига нисбатан 6 баробар кўпдир.

Allianz SE (Германия), Zurich Insurance Group (Швейцария), Tokio Marine (Япония), AXA (Франция), People Insurance Company of China (Хитой), Korean Reinsurance Company (Жанубий Корея), Marsh (АҚШ), Willis, AON ва UIB (Буюк Британия) каби етакчи халқаро трансмиллий суғурта ва қайта суғурталаш компаниялари ва брокерлари билан биргаликда ишлашни йўлга қўйилиши “Ўзбекинвест” компаниясининг халқаро суғурта бозорининг тан олинган иштирокчиси сифатида шаклланишига ҳисса қўшди.

Компания томонидан корпоратив сегментда 2022 йилнинг биринчи ярим йил якунларига нисбатан 4 баробар кўп, яъни 265,4 миллиард сўм миқдорида суғурта мукофотлари йиғилиши таъминланиб, юридик шахслар билан 51 мингдан ортиқ шартномалар тузилди.

Жисмоний шахсларни суғурта қилиш сегментида мукофотларнинг хажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,7 баравар кўпайиб, 41 миллиард сўмни ташкил этди, 467 мингдан ортиқ шартномалар тузилди.

Кўрсатилаётган хизматлар сифати бўйича олиб борилган тизимли ишлар натижасида 2023 йилнинг 6 ойи давомида “Ўзбекинвест”нинг рақамли платформалари орқали 401 мингдан ортиқ онлайн полислар расмийлаштирилди, бу эса расмийлаштирилган полислар умумий улушининг 77,2 фоизини ташкил этди.

2023 йилнинг биринчи ярмида 45,5 миллиард сўм миқдорида суғурта товонлари тўланган, бундан миллий экспортчиларга 3,6 миллиард сўм суғурта товонлари тўланган.

Бизнеснинг юқори ўсиш суръатларини таъминлашда компания ходимларининг тизимли равишда узлуксиз таълим олиши муҳим ўрин тутади. Ходимлар учун доимий фаолият юритиб келувчи “Суғурта мактаби” ва раҳбар ходимлар учун - “Суғурта академияси” доирасида 2023 йил апрел ойида Вашингтон университети томонидан ишлаб чиқилган дастур асосида “Ўзбекинвест” суғурта компаниясининг 11 нафар ҳудудий филиаллари раҳбарлари Сиэтл шаҳрида малака ошириб қайтдилар. Ўқув дастурига кўра, “Ўзбекинвест” компанияси вакиллари АҚШнинг энг йирик суғурта компанияларидан бири – 1949 йилда ташкил этилган “PEMCO Insurance Company”да амалиёт ўташди.

Шунингдек, 2023 йил июн ойида компания туман бўлинмаларининг 15 нафар раҳбарлари Прага шаҳридаги Ғарбий Богемия университети (Чехия)да “Суғурта” курси бўйича малака ошириш курсини тамомладилар.

“Ўзбекинвест” компанияси жорий йилнинг май ойида ISO 9001:2015 халқаро стандарти талабларига мувофиқлиги аудит текширувидан муваффақиятли ўтиб, маҳсулотларнинг ишончлилиги ва халқаро стандартларга мослигини яна бир бор тасдиқлади. Компанияни сертификатлаш халқаро сертификатлаштириш органи “CERT International” (Словакия) томонидан амалга оширилди.

Бугунги кунда маълумотларни бирлаштириш тизимлари ва сунъий интеллект каби рақамли технологиялар иқтисодиётнинг барча соҳаларида қўлланилмоқда, бу эса бизнеснинг вақт ва ресурс харажатларини сезиларли даражада камайтириш имконини беради. “Ўзбекинвест” компанияси таҳлил, хавф-хатарни баҳолаш, қарорлар қабул қилиш ва ҳужжатларни расмийлаштиришнинг барча асосий жараёнларини оптималлаштириш тамойилидан келиб чиққан ҳолда ТВЭФЖМС ва КАСКО полисларини расмийлаштиришда таҳлилий сегментация дастурини жорий қилди. Ушбу дастур сунъий интеллект асосида суғурта ҳодисаси юзага келиши эҳтимоли юқори бўлган мижозларнинг транспорт рискларини аниқлаш имконини беради. Ушбу технологияни жорий қилиш қабул қилинган қарорлар сифатини ҳамда ТВЭФЖМС ва КАСКО маҳсулотларининг рентабеллигини оширишга имкон беради.

Компания шунингдек, турли йўналишларда хавфларни баҳолашни дастурлаш учун жарималар, кредитлар ва бошқа турдаги маълумотлар тўғрисидаги чексиз миқдордаги ташқи маълумотлар манбаларини улаш имконини берувчи универсал скоринг тизими бўлган “Қарорларни қабул қилиш тизими” дастурини тақдим этди. Ушбу тизим турли суғурта сегментларида дастурий таъминотга асосланган автоматик андеррайтингни жорий этишга қаратилган.

2023 йилнинг иккинчи ярмида компания барча асосий бизнес жараёнларни сунъий интеллект технологияси асосида рақамли форматга ўтказиш бўйича тизимли ишларни якунламоқчи.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид