Иқтисодиёт | 17:11 / 21.07.2023
32999
2 дақиқада ўқилади

Бенефициар эгаси ўзбекистонлик бўлган компания АҚШ санкциялари рўйхатига киритилди

Урал кон-металлургия компанияси АҚШ санкциялари рўйхатига киритилди. Корхонанинг 2022 йил бўйича берилган йиллик ҳисоботида Дониёр Комилов УКМКнинг бенефициар эгаси сифатида келтирилган. У собиқ Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг ўғли ҳисобланади. 

Фото: mining24.ru

АҚШ Россиянинг энг йирик мис ишлаб чиқарувчиси бўлган Урал кон-металлургия компаниясига (УКМК) қарши санкциялар жорий қилди. Бу ҳақда АҚШ молия вазирлиги сайтида хабар берилди.

Қайд этилишича, компаниянинг контрагентлари тузилган битимларни 2023 йил 18 октябргача якунлашлари керак бўлади.

“Коммерсантъ”нинг ёзишича, УКМК экспорт йўналишлари бўйича маълумотларни ошкор қилмайди, лекин Европа ва Хитой анъанавий равишда Россия мисининг асосий харидорлари бўлиб келган. Санкциялар Хитойга етказиб бериш ҳажмининг кўпайишига олиб келиши мумкин, бу эса экспорт даромадининг пасайишини англатади.

Маълумот учун, Урал кон-металлургия компанияси Россияда мис, рух, кўмир ва бошқа қимматбаҳо металларнинг энг йирик ишлаб чиқарувчилардан бири ҳисобланиб, асли ўзбекистонлик бўлган россиялик миллиардер Искандар Маҳмудов ва унинг шериклари томонидан ташкил этилган.

2022 йил 14 мартда УКМК расмий сайтида компания корпоратив тузилмасидаги ўзгаришлар ҳақида маълумот берилди. Унда Искандар Маҳмудов ва Андрей Бакаров (Маҳмудовнинг асосий бизнес ҳамкори, “Трансмашҳолдинг” асосчиси) УКМК, “Кузбассразрезуголь”, “Восточный порт”, “Ростерминалуголь” АЖларнинг бенефициарлари бўлишни тўхтатгани, шунингдек, ушбу компанияларнинг директорлар кенгашларини тарк этгани хабар қилинади. Бир ой ўтгач, Маҳмудов ва Бокарев Буюк Британиянинг санкциялар рўйхатига киритилади. 2022 йилнинг июлида Андрей Козицин ҳам УКМК бош директори лавозимидан кетади. 

УКМКнинг 2022 йил бўйича берган йиллик ҳисоботида Комилов Дониёр Абдулазизович компаниянинг бенефициар эгаси сифатида келтирилган. У собиқ Ўзбекистон ташқи ишлар вазири, ҳозирда президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котибининг ташқи сиёсат ва хавфсизлик масалалари бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган Абдулазиз Комиловнинг ўғли ҳисобланади. 

Мавзуга оид