Жаҳон | 08:33 / 21.07.2023
7466
3 дақиқада ўқилади

Украина маданият вазири истеъфога чиқди

Амалдор вазир лавозимини Украинада уруш даврида маданий лойиҳаларга сарфланган маблағ ҳақида қизғин муҳокамалар фонида тарк этяпти.

Александр Ткаченко / Фото: Getty Images

Украина маданият ва ахборот сиёсати вазири Александр Ткаченко ўз лавозимини тарк этиш ҳақида ариза берди. «Мен бош вазирга (Денис Шмихал) уруш даврида маданиятнинг аҳамияти ҳақидаги нотўғри тушуниш тўлқини туфайли истеъфога чиқиш тўғрисида ариза олиб келдим», — деб ёзди у 21 июль, жумага ўтар кечаси Facebook’даги саҳифасида.

20 июль куни кечқурун Украина президенти Володимир Зеленский бош вазир Денис Шмихалга Ткаченкони ишдан бўшатиб, бу лавозимга бошқа шахсни тайинлашни таклиф қилди. Зеленскийнинг қарори олдидан Украинада кенг кўламли уруш даврида бюджет маблағларини маданий лойиҳаларга сарфлаш қанчалик мақсадга мувофиқлиги ҳақида оммавий муҳокама авж олди. 

Хусусан, Маданият вазирлигининг Киевдаги Ватан қалқонидаги совет рамзларини Украина герби билан алмаштириш ғояси 28 миллион гривнага тушиши жамоатчиликнинг турли хил реакциясига сабаб бўлди. Гап давлат маблағлари ҳақида эмас, балки шахсий маблағлар ҳақида бўлганига қарамай, ижтимоий тармоқларнинг Украина сегменти нима учун уларни Украина армияси учун дронларга эмас, балки ҳайкални янгилашга сарфлаш режалаштирилганини фаол муҳокама қилди. Украина Маданият вазирлигининг Украина халқи Голодомор-геноцид миллий музейи қурилишини якунлаш бўйича режаларига ҳам кескин муносабатда билдирилди, бунинг учун давлат бюджетидан 500 миллион гривнадан (121 минг евродан ортиқ) кўпроқ маблағ ажратиш керак эди. Ткаченко Украинада уруш тугашини кутмасдан телесериаллар ишлаб чиқаришни жонлантириш нияти учун ҳам танқид қилинди. 

Зеленский вазирни истеъфога чиқариш ҳақидаги қарорга изоҳ берар экан, шундай деб таъкидлади: «Музейлар, маданият марказлари, рамзлар, телекўрсатувлар - буларнинг барчаси муҳим, аммо ҳозир бошқа устуворликлар бор. Бюджетдан ташқари жамғармаларни топинг. Давлатнинг пулини эмас». Украина президентининг сўзларига кўра, «одамлар бюджет маблағлари адолатли ва тўғри сарфланаётганини ҳис қилиши керак. Йўл тошлари, шаҳарларни безаш, фавворалар кейин ҳам қурилаверади. Аввал ғалаба». 

Ткаченко, ўз навбатида, уруш даврида «маданиятга шахсий ва давлат маблағларини сарфлаш дронлардан кам аҳамиятга эга эмас»лигини, чунки «маданият миллий ўзлик ва чегаралар қалқони» эканлигини таъкидлади. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид