Жаҳон | 19:58 / 22.07.2023
22620
2 дақиқада ўқилади

«Бу бизнинг мақсадимиз ва у зарарсизлантирилиши керак» - Зеленский Қрим кўприги ҳақида 

Украина президенти сўзларига кўра, Қрим кўприги - «ноқонуний, халқаро ҳуқуқ меъёрларига зид тарзда қурилган объект». 

Фото: AP

Украина президенти Володимир Зеленский Россиянинг Краснодар ўлкасини аннексия қилинган Қрим билан боғловчи кўприкни украиналик ҳарбийлар нишони деб билишини айтди. Бу ҳақда у Аспен хавфсизлик форумида гапирди.

«Биз учун бу ноқонуний, халқаро ҳуқуқ меъёрларига зид тарзда қурилган объект. Шунинг учун ҳам у бизнинг мақсадимиз, уруш олиб келадиган ҳар қандай мақсад зарарсизлантирилиши керак», деди Украина президенти.

Зеленскийнинг қўшимча қилишича, Қрим кўприги «кичик логистика йўли» бўлиб, у орқали Россия қўшинлари Украинадаги зарбалар учун ишлатиладиган ўқ-дориларни олмоқда.

Қрим кўприги 2018 йилда фойдаланишга топширилди ва автомобиль билан темир йўл участкасига эга. Украиналик ҳарбийлар ва мустақил экспертларнинг таъкидлашича, бу Украина жанубидаги Россия қўшинлари таъминотининг асосий йўналишларидан бири.

17 июлга ўтар кечаси Қрим кўпригида портлаш содир бўлди, бу тўлиқ миқёсли уруш бошланганидан бери иккинчи портлаш. Кўприкнинг автомобиль йўли қисми вайрон қилинди, машинада кетаётган эр-хотин ҳалок бўлди ва уларнинг 14 ёшли қизи яраланди.

Уни қайта тиклаш учун, Россия расмийларига кўра, бир миллиард рубль керак.

Украина Қрим кўпригидаги портлаш ҳолатларига алоқадор эканини расман тан олмаган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид