Жаҳон | 10:35 / 22.07.2023
6288
2 дақиқада ўқилади

Чехия Германиядан камида 77та Leopard 2 танкини сотиб олади

Германия мудофаа вазири Писторус Прага қарорини «жуда тўғри қадам» деб атади. Чехия айланма етказиб беришлар доирасида Германиядан биринчи бешта Leopard 2А4 танкини олди. 

Фото: Wikimedia

Чехия камида 77та Leopard 2 немис танкини сотиб олишни режалаштирмоқда, деди мудофаа вазири Яна Чернохова 21 июль, жума куни Прагада немис ҳамкасби Борис Писториус билан қўшма матбуот анжуманида. 

Чернохованинг сўзларига кўра, томонлар олдиндан шартнома имзолаб бўлган ва ҳозир тафсилотларга аниқлик киритмоқда. Чехия А8 типидаги танкларни сотиб олади - бу Leopard 2’нинг энг замонавий версияси. 

Борис Писториус Прага қарорини «жуда тўғри қадам» деб атади. Унинг сўзларига кўра, харид мамлакатларнинг ҳамкорликда ишлашига ва керак бўлганда бир-бирини ҳимоя қила олишига ижобий таъсир кўрсатади. Leopard 2’ни сотиб олишга Чехиядан ташқари бошқа давлатлар ҳам қизиқиш билдирмоқда, деди Германия Мудофаа вазирлиги раҳбари, у аниқ қарорлар йўқлиги сабабли батафсил маълумот бермади.

Чехия аллақачон Германиядан айланма етказиб бериш доирасида биринчи бешта Leopard 2А4 танкини олди - Украинага берилган совет типидаги танклар эвазига, деди Яна Чернохова. Ҳаммаси бўлиб, ушбу схема бўйича Чехия 15та танк олиши керак. 

Германия, шунингдек, Украинага олиб келинган транспорт воситаларини алмаштириш учун Rheinmetall ишлаб чиқарувчисидан 18та Leopard 2А8 асосий жанговар танкларини сотиб олишни режалаштираётганини маълум қилди, деб ёзади AFP. Ҳукуматнинг бундай режалари ҳақида хабар берган ОАВ манбаларга таяниб, харид 525 миллион еврога тушишини ёзган. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид