Бугун кўчаларни, йўлларни, чорраҳаларни светофорсиз тасаввур қилиш қийин. Йирик шаҳарларда исталган чорраҳада светофор бир зум ишламай қолса, бирпасда тартибсизлик юзага келади.

Илк пайдо бўлганида асосан қўлда бошқарилган светофорлар бугун электрон тарзда ишлайди. Илк светофор автомобиллар эмас, пиёдалар оқимини назорат қилган.

Кейинчалик автомобиллар оммалашуви ортидан светофорлар асосан тўрт ғилдиракли транспорт воситалари ҳаракатини мувофиқлаштирган. Кейинчалик, поездлар ва кемалар ҳаракатини тартибга солиш учун ҳам светофорлардан фойдаланилган.

Светофор тарихи

Светофор сўзи ўзбек тилига рус тилидан кириб келган бўлиб, у рус тилидаги «свет» - ранг ва грекча «форос» ташувчи сўзларининг бирикмасидан ясалган. Дунёда энг кенг тарқалган инглиз тилида светофор Traffic light дейилади.

Дунёдаги илк светофор 1868 йил 10 декабрда Буюк Британия пойтахти Лондон шаҳрида, Буюк Британия парламенти биноси яқинида пиёдалар оқимини назорат қилиш учун ўрнатилган.

Дунёдаги биринчи светофор Лондонда ўрнатилган ва у пиёдалар ҳаракатини назорат қилган.
www.nbcnews.com

Темирйўл семафорлари мутахассиси Жон Пик Найт унинг ихтирочиси ҳисобланади. Илк светофор иккита – яшил ва қизил рангли кўрсаткичдан иборат бўлиб, у қўлда бошқарилган. Кўрсаткичлар кўтарилиб-туширилиб, йўловчилар оқимини назорат қилган.

Сутканинг қоронғи пайтида светофордаги ранглар яққол кўриниб туриши учун улар аввалига газ фонарлари билан ёритилган. Кейинчалик бундай светофорлар Европадаги бошқа шаҳарларга ҳам ўрнатила бошланади.

1869 йилда Лондонда ўрнатилган светофорлардан бирида газ фонар портлаб ёниб кетади ва уни назорат қилаётган полициячини жиддий жароҳатлайди.

Шундан сўнг Европада светофорни газ фонар билан жиҳозлашни эмас, балки светофорларнинг ўзини ўрнатишни тақиқлашади. Шу тариқа «кўҳна қитъа»да анча йиллар давомида кўчаларга светофор ўрнатиш тўхтаб қолади.

1910 йилда Чикаго шаҳрида яшовчи Эрнст Сиррин томонидан автомат тарзда ишлайдиган светофор ихтиро қилинади. Унда икки хил - Stop (Тўхтанг) ва Proceed (Давом этинг) ёзувлари бор эди. Бу светофор ҳам Лондондагига ўхшаб кўрсаткичли эди.