Донецк областининг вақтинча оккупация қилинган Ҳорливка шаҳридаги Россия армияси бўлинмаларида Ўзбекистон фуқаролари ҳам борлиги аниқланди. Бу ҳақда Украина қуролли кучлари бош штабининг кунлик ҳисоботида келтирилган.

«Мазкур шахслар Мариуполга қурилиш ишлари учун келган. Етиб келгач, уларнинг паспортлари олиб қўйилиб, кўнгиллилар сифатида босқинчи кучлар сафига сафарбар қилинган», — дейилган хабарда.

Ҳорливка Мариупол шаҳридан 115 км шимолда, Донецк шаҳридан Бахмутга олиб борувчи йўл бўйида, фронт чизиғида жойлашган.

Бироз аввалроқ, Россиянинг Волгоград шаҳрида ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларини «махсус ҳарбий амалиёт»га чақириш бошлангани ҳақида хабар пайдо бўлганди. Маҳаллий аҳоли вакиллари жамоат транспорти салонларида шундай чақириқлар акс этган плакатларга гувоҳ бўлишган.

«Бу автобусларда хорижликлар юришади. Бу реклама улар учун. Рекламани биз жойлаштирдик ва ўзбек тилидан бошлашга қарор қилдик. Келгусида биз бу ташвиқотни бошқа тилларда ҳам олиб борамиз: тожик, қозоқ ва ҳоказо. Бундай эълонларни автобуслардан бошқа жойларда ҳам жойлаштириш ҳақида ҳозирча буйруқ бўлмади», – деган саралаш пункти ходими маҳаллий нашрлардан бирига берган изоҳида.

Фото: Илья Воробушкин

Март ойида Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати Қорақалпоғистоннинг Элликқалъа туманида яшовчи, Россияда қамоқ муддатини ўтаган фуқаро Украинада ҳалок бўлгани ҳақида хабар берган эди. У Украинага қурилиш ишлари учун жўнатилган ва у турган жойга снаряд келиб тушгани маълум бўлганди.

ДХХ май ойи охирида ҳам Россия қамоқхонасидан Украинадаги урушга сафарбар қилинган Ўзбекистон фуқароси вафот этгани ҳақида хабар берганди. Марҳумнинг онаси таъкидлашича, у илгари ҳеч қачон қўлига қурол олмаган. «Она, мен уларга одамларни ўлдирмаслигимни, у ерга бормаслигимни айтдим, лекин улар барибир мени мажбурлашди», — деган у ўғли билан охирги суҳбати ҳақида.