Спорт | 18:16 / 24.07.2023
18290
14 дақиқада ўқилади

Музқаймоқ сотган Ришарлисон. Бразилияликнинг аччиқ ва ширин хотиралари

Ўтган мавсум Англияда Ришарлисон учун у қадар муваффақиятли кечмади. «Тоттенҳэм»га ўтгач, Чемпионлар Лигасида голлар урган бўлса-да, айнан АПЛдаги гол учун мавсум охиригача кутишга тўғри келди. Асосий таркиб учун рақобатда кўп ютқазди. Аммо бразилиялик футболчи ўзи учун энг ёрқин лаҳзаларни топа олгани, қуйидаги ҳикоядан бизга ҳам маълум бўладиган характеридан келиб чиқсак, янги мавсумда барчаси бошқача кечса керак. Келинг, сўзни Ришарлисоннинг ўзига берайлик.

Фото: ThePlayersTribune

«Ҳаётимдаги энг узун кун. Физиотерапия хонасида кучли оғриқ остида ёлғиз ётибман. Бошим ланж, ўзимни зўрға кўтара оламан – ҳамма қани? Ҳеч қачон машғулот майдончамизни бунақа бўш кўрмагандим.

Шифокорлар шошилиб у ёқдан бу ёққа юришибди, бирортасининг мен билан гаплашгиси йўқ. Таҳлил натижалари тўрт соат ичида тайёр бўлишини айтишганди. Вақтни қандай ўтказишни билмай, «Тоттенҳэм» машғулот майдонига келгандим, зора бу ерда йигитлар билан гаплашиб, кўнглим ёзилса...

Аммо ҳеч ким йўқ. Сканердан кейинги икки соат бир йилга чўзилгандек. Беъмани оғриқ эса, тобора кучайиб бормоқда. Ақлимни бир жойга йиғиб, айнан қаерим оғриётганини англамоқчи бўламан. Болдирим. Лаънати болдирим «Эвертон»га қарши ўйинда жароҳатланганди. Лекин ундан ҳам кўра юрагим кўпроқ оғриётгандек. Йиғлаб юбораман. Ахир жаҳон чемпионатига атиги бир ой қолди!

Бу менинг илк мундиалим. Уни ўтказиб юборишим асло мумкин эмас.

Ахир илк муҳаббатни йўқотгандан кейин қандай яшайсиз? Буни қандай яшаб ўтиш мумкин? Ахир кейинги жаҳон чемпионати энди тўрт йилдан кейин, балки мен учун умуман келмаслиги мумкин.

Балким мени тушунишингиз қийиндир, ахир ҳали ёшман, фаолиятим ёмон эмас, дунёнинг энг катта лигасида, катта клубда ўйнаяпман. Бир пайтлар орзу қилганимдан кўпроқ нарсага эгаман. Аммо агар жаҳон чемпионатини ўтказиб юборсам, ҳаммаси йўқолади. Бразилияликлар учун доим шунақа.

Эсимда, биринчи чақирувимда АҚШ ва Салвадорга қарши иккита ўртоқлик ўйинида 9-рақамда майдонга тушгандим. Роналдо, Карека, Рейналдо, Тостаолар кийган рақам. Катта масъулият ва улкан қувонч. Одамни тентак қиладиган ҳиссиёт. Энди жаҳон чемпионатида Бразилия терма жамоасининг тўққизлиги бўлишим керак бўлганида, мана бу жароҳат. Жин урсин...

Дори таъсириданми, туш кўряпманми билмайман, машғулот майдонидаги кимсасиз хонадан туғилган шаҳрим Нова Венецияга саёҳат қиламан. Ҳаммаси ёрқин, илиқ, ранг-баранг. Эҳтимол мен ухлаб қолгандирман, туш кўраётгандирман. Нималар бўляпти ўзи? Оғриқ ҳам ўтиб кетди. Жуда бир илиқ туйғу қуршаб олади. Уй тафти. Бу энг ёмон кунимда биринчи марта ўзимни қулай ҳис қила бошладим. Изтироблар ўрнини ишонч эгаллайди – йўқ, эй болдирим, билиб қўй, сен мени биринчи муҳаббатимдан, Бразилия терма жамоаси билан висол онларидан маҳрум қила олмайсан.

Дарҳол юзимга табассум югуради. Мана Летисия. Летисия – ҳаётимдаги муҳим инсон. Маҳалламиздаги бошқалар сингари у ҳам оддий, камбағал оиладан. Аммо унинг кўпчиликдан фарқи, доим ўзида бор нарсаси билан баҳам кўришни яхши кўради. Доимгидек, бу сафар гуруч сотиб олайликми ёки ижара ҳақини тўлайликми, деб бош қотириб турганимизда, мени қучоқлаб, меҳрини беради. Раҳмат, Летисия, сени унутмайман. Сен дунёдаги энг яхши инсонсан.

Қандай қилиб, машғулот майдонидаги қайғуни ташлаб, ўз шаҳримга бориб қолганимни билмайман. Лекин уйда бўлиш яхши. Нова Венецияда ҳалиям МакДоналдс йўқ. Халқи камтар ва меҳнаткаш. Уларнинг кўпи Летисияга ўхшашади, бошқаларга ёрдам қўлини чўзиш билан бахт топишади. Уйга қайтганимда ҳамма мени оғушига олади.

Биласизми, мени тўғри тушунишингизни истардим, аслида телевизорда янгиликларни кўрсам, Бразилия ҳақида ўқисам, мени қайғу чулғаб олади. Юртимни қанчалик севмайин, жаҳлим ҳам чиқади. Менимча, ҳар бир бразилиялик қисман шундай. Бразилиялик бўлишнинг қувончи ва азобини тушунтириш жуда қийин. Илгари бу туйғулар билан қандай яшашни билмасдим, нима қилсам ҳам, ҳеч нарсани ўзгартира олмайман, деб ўйлардим. Аммо кейин ўзгардим. Беъманиликларни қабул қила олмаслигимни тушундим, энди доим аралашаман, фикримни билдираман.

Бразилияда муҳтож инсонлар жуда кўп. Улар учун жаҳон чемпионати худди бир романтик филмдек. Футбол улар учун ўзгача бир алоҳида сеҳрли олам. Энди тасаввур қилинг, Бразилияда ҳеч ким оч қолмаса, вакцина етишмовчилиги туфайли болалар ўлмаса, ҳеч ким кўчада ухламаса, барча болалар мактабга борса, маҳаллий аҳоли ўз ерларидаги олтин қазиш ишларида ўлим топмаса, шунчаки тасаввур қилиб кўринг.

Шу даражага етдимки, энди бу ишларга бефарқ бўла олмайман. Мен қаерда бўлишимдан қатъи назар, Летисия ва унга ўхшаш инсонларни унутмаслигим шарт.

«Ўғлим» – дерди отам – «жаҳон чемпионати пайтида барча одамлар кўчаларни безаш, деворларни бўяш учун йиғилишади. Шу пайтда бой ва камбағал ўртасидаги тафовут камаяди, ҳамма биргаликда бахтли Бразилияга ишонишни бошлайди. Бу ҳаётдаги энг муҳим онлар. Ва фақат тўрт йилда бир марта содир бўлади».

Ўша пайтлари тўққиз ёшда эдим. Дадам қандайдир сеҳрли оламни тасвирлаб бераётганга ўхшарди.

«Жаҳон чемпионатида ғалаба қозониш керакми? Ўғлим, бу бизга орзу қилишда давом этишимиз учун берилган чиптага ўхшайди. Биттасини йўқотдингизми, энди яна даҳшатли тушга, тўрт йиллик уйқуга кетасиз. Катта бўлганингда буни ўзинг тушуниб оласан»

2006 йил эди. Роналдо, Кака, Адриано, Роналдиньо. У пайтларда мен қаҳва далаларида бобомга ёрдам берардим. Кейин эса, ишчиларга музқаймоқ сотаётганим, дўстларим билан дарёда чўмилиб юрганимни кўраман. Кучли жала қуйган, оқим жуда кучли, биз болалар билан катта машина шинасида сузиб борардик.

Мен ўн олти ёшга тўлганимда ота-онам аллақачон ажрашган эди. Онам бошқа эрга тегди ва унинг уйига кўчиб ўтди. Ўгай отам мени қабул қилмади. Улар билан яшашимни истамади. Бирданига ёлғиз қолгандим. Дадамнинг олдига боришим мумкин, тўғри, лекин у узоқроқда яшарди, агар у ерга кетсам, футболдан воз кечишга мажбур бўлардим. Ўшанда ҳаётимнинг энг муҳим қарорини қабул қилдим – илк муҳаббатим билан қолишни танладим.

Тоғамнинг эшигини тақиллатдим.

«Тоға, уйингизда бир муддат қолишимга рухсат беринг. Овқатлантиришингиз шарт эмас. Ухлаш учун жой бўлса кифоя»

Тоғам уйига киргизди. Унинг ҳам кўп нарсаси йўқ эди, аммо борини мен билан баҳам кўрди. Шунинг учун ҳам уйга келганимда Бразилиянинг шу тарафини кўриш мени жуда хафа қилади. Мамлакатимнинг бу томонида одамлар шунчалик умидсизки, ҳатто овқат ва суяк қолдиқлари қидириб, чиқинди титишга ҳам мажбур бўлишади. Ғазабланаман. Ҳатто буни оддий қабул қилиб, бефарқ бўладиган ҳамюртларимдан ҳам аччиғим келади.

Тоғамнинг уйида мен юпун тўшакда ухлардим. Эртанги кунимни, мени қандай тақдир кутаётганини тасаввур қилардим. Тоғамникида бир ойча яшагач, ҳаётим ўзгара бошлади. Бир куни футбол мактабимиздаги мураббий келиб, «Атлетико Минейро»да синовдан ўтиш имконияти пайдо бўлганини айтиб келди. Хоҳласам, ёрдам беришга тайёр экан.

Охир-оқибат ҳаммаси амалга ошди. 17 ёшгача бўлган ўсмирлар ўртасидаги штат финали учун жамоага қўшилдим. «Атлетико»га қарши ўйинда ғалаба голини урдим ва биз чемпион бўлдик. Кейин «Флуминенсе», кейин бирданига, кўз очиб юмгунча, дунёнинг нариги чеккасида, «Уотфорд» таркибидаман, «Этиҳад» стадиони туннелида шу пайтгача телевизор ва плейстейшнларда кўриб юрганим Кун Агуэро ва Кевин де Брюйне билан ёнма-ён турибман...

«Уйғон, Риши, таҳлил жавоблари чиқди!»

Жин урсин, бу шифокор.

«Нима бўлди, доктор? Бу жиддийми? Тезроқ айтинг, илтимос. Жаҳон чемпионатини ўтказиб юбораманми?»

«Икки ҳафталик тикланиш ва сиз ўйнашга тайёрсиз»

«Қасам ичасизми?»

Биласизми, инглизлар жуда расмий ва жиддий одамлар. Лекин агар йиғлаб юбормаганимда, шифокорни ўпган бўлардим. Ҳаҳаҳа!

Қатар. 24 ноябр. «Лусайл» стадиони.

Ней ва Вини чап томонда бир-бирларига тўп узатишмоқда. Мен жарима майдонида икки сербиялик ҳимоячидан қутулиш йўлларини излаяпман. Иккови ҳам баланд бўйли, бақувват. Вини тезлаша бошлади. Қани, кетдик. У бутсасининг ташқи томони билан тўпни силлиқ узатди. Ҳаммаси осон, ҳозир машғулотлардагидек тўпни қабул қилиб, зарба бераман. Эй Худо, ёрдам бер. Тўп ҳимоячининг оёғига тегиб йўналишини ўзгартирди ва бошқа томонга кета бошлади. Ҳей, тўп, буёққа кел, қани! Қочма мендан, севгилим! Сен каби мен ҳам юксакликка эришай, илтимос! Буум. Нима?

Фото: Peter Cziborra / Reuters / Scanpix / LETA

Гоооол!

Ажойиб!

Эй Худо, жаҳон чемпионатида шундай гол ураманми?! Худойим, худойим!

Мен, Ришарлисон, Нова Венециядан, Эспирито-Санто штатидан Ришарлисон. Музқаймоқ сотган Ришарлисон! Бразилиялик Ришарлисон!

Бу одамларнинг ҳаммаси менга қараб турибди. Йиғлай олмаяпман. Отам қани? Мен уни қучмоқчиман. Менга жаҳон чемпионати нима эканини тушунтириб бергани учун раҳмат айтмоқчиман. Қаердасан, дада! Оломон орасидан уни топа олмадим. Бу яхшиликкадир. Жамоадошларимнинг оғушида мен отам, Летисия, бобом, тоғам, дўстларим, Роналду, Карека, Рейналдо ва Тостаолар билан қучоқлашаётгандекман.

Фото: ThePlayersTribune

Мен Бразилияни севаман. Мен бразилиялик бўлишни севаман!

Бундай ҳаяжонли лаҳзаларда кечмишдаги кўп воқеалар хаёлингизда жонланиши ажабланарли. Футбол ўйнаяпман-у, гол урганимдан то ўйин охиригача бир қанча нарсалар ҳақида ўйладим. Бир пайтлар, ҳали футболчи бўлмасимдан олдин, сочимни Неймарникидақа қилиб олиб, ҳатто ухлаганимда ҳам «Сантос» либосини устимдан ечмасдан юрардим. Интернет кафега бориб, велосипед ижарасидан ишлаб топган пулларимни тўлаб, Роналдунинг голларини томоша қилганимни ҳам эсладим. Кўз олдимдан 2021 йил июлда Америка кубогида илк бор терма жамоа билан бирга бўлганим, кейин олимпия жамоаси мураббийи қўнғироқ қилиб, унинг жамоасига ўйнаш истагим ҳақида қизиққани... Копадан кейин олимпиадага бориш бу таътилдан бутунлай воз кечиш дегани эди. Ҳали олдинда «Эвертон» билан шиддатли мавсум ҳам кутаётганди.

Биз қуйи лигага тушиб кетишимиз мумкин эди. Қаттиқ чарчагандим. Аввал олимпиадада, кейин клубда жароҳат олдим, анча вазн йўқотдим. Дам олишим шарт эди.

Лекин клубга ёрдам беришим керак, уни қутқаришим ҳам муҳим. «Эвертон» чемпионшипда ўйнамаслиги керак. Тасаввур қила оласизми? Бошқа танлов йўқ. Бор эътиборимни ўйинларга қаратиш учун икки ойга телефондан воз кечдим – барча иловалар, ижтимоий тармоқларни ўчирдим. Фақат эрталаб уйғониш учун қўнғироқдан фойдаланардим.

«Кристал Пэлас» билан ўйин олдидан жароҳатландим. Бу менинг мавсумдаги сўнгги ўйиним бўлиши мумкинлигини билардим. Ўйладимки, «Гудисон Парк»да ютишимиз шарт, акс ҳолда, сўнгги турда, «Арсенал»га қарши сафар ўйинида очко олиш жуда қийин.

Дори ичдим, укол олдим. Тиз чўкиб ибодат қилдим. Тиббий кўрикдан ҳам ўтишдан бош тортдим. Чунки агар кўрикдан ўтсам, ўйнашга рухсат бермасликларини билиб турардим. Учинчи голдан кейинги аҳволимни эсласангиз, менда ҳеч нарса қолмаганди бошқа. Мураббийнинг олдига бориб йиғлаб юбордим ва «мен тугатдим» дедим. Бу менинг «Эвертон» учун сўнгги нафасим, сўнгги қурбонлигим эди. Бу «Эвертон» сафидаги сўнгги ўйиним эди. Мен бу клубни жуда яхши кўрардим, шунинг учун ушбу лаҳзаларни умрим охиригача эсдан чиқармайман.

Охир-оқибат, биз лигада қолдик.

Футболни севаман. Ҳар машғулотда, ҳар бир ўйинда, ҳар куни бор кучимни бериб севгимни намойиш қиламан. Изҳор қилиш услубим шунақа.

«Ҳей йигитлар, кузатиб борганингиз ва ҳаётимни ўзгартирганингиз учун ташаккур!»

Осон эмас, агар сиз ҳаётда ҳаммасига ўзим эриша оламан, деб ўйласангиз, хато қиласиз. Қила олмайсиз. Шу боис, майдонда бор кучимни бераман. Мана шу атрофингизда бўлган, сизга ишонган инсонларни ҳурмат қилишдир.

Хорватиядан мағлубият қайғули, лекин бу мени йиқита олмаслиги аниқ эди. Мағлубиятсиз ҳаёт фақат имтиёзли озчилик учун чиқарилган. Кўп бразилияликлар каби, мен ҳам йиқилиб, ўрнидан туриш бўйича мутахассис бўлиб кетганман. Ўша пеналтилар сериясида ютганимизда ҳам яримфиналда ўйнай олмаслигимни билардим. Ўйиннинг илк беш дақиқасида сонимда оғриқ пайдо бўлди. Буни сезган захира ўриндиғидагилар ўйнай олишимни сўрай бошлашди. Жавобим қанақа бўлиши мумкинлигини биласиз.

Лекин аҳволим ёмон эди. Танаффусда шифокор тўртта таблетка берди ва иккинчи бўлимга қайтдим. 70-дақиқачага чидаб бердим. Неймарга иккита яхши пас бердим. Аммо бу етарли эмас эди, ютқаздик. Тикланишим учун тахминан ўттиз кун керак бўлди. Ўша кунларга, жаҳон чемпионатидан бир ой олдинги ҳолатга қайтиб қолгандим.

Сизни алдамайман. Ўтган қиш жуда қийин кечди. Руҳиятим энг тубга тушган пайтларда яна Нова Венециядаги дўстларим «ёрдамга келишди», оёққа турғазишди. Навбатдаги даҳшатли тушдан уйғондим. Бора-бора ўша муҳаббат туйғуси қайтди. Июн ойида яна Бразилия терма жамоасига қайтдим, осилган ўша 9-рақамли либосимни, ундаги бешта юлдузни силар эканман, яна ўша болаликни, бутун Бразилия оғушини ҳис қиламан.

Энг қийин пайтларда болалигим, ёғочдан ясалган, ҳеч нарсаси йўқ уйимнинг илиқ тафти менга курашиш учун куч беради. 

Бразилия! Яна уйғонишга, курашишга тайёр!»

Ришарлисон

ThePlayersTribune учун

Мавзуга оид