Ўзбекистон | 19:44 / 26.07.2023
11668
3 дақиқада ўқилади

Тошкентнинг 7 та туманида электр таъминоти чекланди

Бир вақтнинг ўзида Яшнобод, Олмазор, Миробод, Яккасарой, Шайхонтоҳур, Чилонзор ва Сергели туманларида электр таъминотига чекловлар жорий қилинди. Таъминот тақсимлаш пунктлари совиганидан кейин тўлиқ тикланиши айтилмоқда.

Фото: Энергетика вазирлиги

Қарийб икки ойдан буён деярли ҳар куни Тошкентнинг у ёки бу жойида электр узилишлари рўй бермоқда. Расмийлар бу узилишларни тармоқни янгилаш учун олиб борилаётган таъмирлаш ва модернизация қилиш ишлари билан боғлиқ тушунтирмоқда.

Бугун, 26 июль куни узилишлар кўлами сезиларли кенгайди. Марказий диспетчерлик хизматининг аҳолидан мурожаатларни қабул қилиш маркази пойтахтнинг Яшнобод, Олмазор, Миробод, Яккасарой, Шайхонтохур, Чилонзор, Сергели туманларида электро энергияси таъминотига талаб ортиб кетгани сабабли чеклов киритилганини маълум қилди.

Марказ ходимлари томонидан бир неча марта Telegram-каналга қайта-қайта жойлаштирилган маскур постлар бироздан кейин ўчириб ташланди.

Энергетика вазирлиги эса ўз каналида Тошкентдаги “Библиотечная” подстанциясида соат 17:25 да носозлик юзага келганини маълум қилиш билан чекланди. Қайд этилишича, бунинг натижасида Олмазор тумани истеъмолчилари (жами 930 та) қисман электр таъминотидан узилган. Носозликни бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистонда электр энергиясининг энг кам истеъмоли баҳорги вақтга тўғри келади. Мана шу даврда олдинда турган жазирамага, аномал иссиқ об-ҳаво шароитида электр истеъмоли кескин ортишига тайёргарлик кўриш талаб этилади. Аммо, электр тизимини таъмирлаш ишларининг мутлақ катта қисми негадир ёз ойларида қилинмоқда.

Ўзбекистон энерготизими жиддий ислоҳотларга муҳтож экани кўп марта гапирилди, гапирилмоқда. Тўғри, сўнгги йилларда муаммолар ниҳоят тан олинди, соҳага жиддий инвестициялар киритилмоқда, турли усуллар билан ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга ҳаракат қилинмоқда. Шундай бўлса-да, талаб ва таклиф ўртасидаги номутоносибликнинг ортиб бориши ҳисобига энергетика тақчиллигининг кўлами ҳам кундан кунга ошиб бормоқда.

Охирги йилларда янги қурилган уйларнинг аксарияти тўғридан тўғри эски станцияларга улаб келинди. Кўп қаватли уйларни фойдаланиш учун қабул қилиш фақатгина янги коммуникацион тизимлар, янги трансформаторлар, сифатли кабель ва ўтказгичлар ўрнатилган тақдирдагина амалга оширилади, деган қатъий талаб қўйилмади, ёки жуда кечикиб қўйилди. Оқибатда ҳаво кескин исиб ёки совиб кетиши натижасида подстанциялар ва трансформаторлар юкламани кўтара олмай қолди, шу сабаб “шахмат тартибида ўчириш” доимий ҳолатга айланди.

Қолаверса, иқтисодиёт ва аҳоли турмуш даражасининг ўсиши ортидан янги корхоналар сони кўпайди, хонадонларда эса кондиционер ва бошқа электр токида ишлайдиган маиший техникалар миқдори сезиларли ошди. Бироқ энергия тежамкор маиший техникалар, хусусан автоном иситиш тизимлари бозори етарли даражада рағбатлантирилмаяпти. Электр энергиясининг баҳоси арзонлиги сабабли аҳоли ва тадбиркорларда табиий равишда бу каби техникаларни харид қилишга, умуман энергияни иқтисод қилишга мотивлар катта эмас.

Мавзуга оид