Жаҳон | 10:22 / 27.07.2023
7171
2 дақиқада ўқилади

Европа Иттифоқи 24 минг украиналик ҳарбийни тайёргарликдан ўтказди

Европа Иттифоқининг Германия ва Полшадаги ўқув миссияси негизида Украинадан келган 24 минг ҳарбий хизматчи ўқитилди. Европа Иттифоқининг мақсади - 30 минг кишини тайёрлаш, кейинги ҳаракатлар Украина қуролли кучларининг эҳтиёжларига боғлиқ, дея маълум қилди Европарламент. 

Фото: AP

Европа Иттифоқининг Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатиш миссияси (EUMAM) доирасида ташкил этилган Германия ва Полшадаги украиналик ҳарбийлар учун ўқув марказлари Украина қуролли кучларининг 24 минг аскарини тайёрлаб берди. Бу ҳақда 26 июль, чоршанба куни Европарламентнинг хавфсизлик ва мудофаа бўйича қуйи қўмитаси делегацияси EUMAM марказларига танишув сафаридан сўнг маълум қилди. 

Ҳозирча ЕИ ўз олдига 30 минг украиналик аскарни тайёрлашни мақсад қилиб қўйган, миссиянинг кейинги босқичи Украина қуролли кучларининг эҳтиёжлари ва сўровларига боғлиқ бўлади, деди делегация раҳбари, австриялик депутат Лукас Мандл. 

«Солиқ тўловчиларнинг пуллари эркинлик ва тинчликка эришиш, қадриятларимиз ва цивилизациямизни ҳимоя қилиш учун тўғри фойдаланилмоқда - Европа тинчлик жамғармаси айнан шунинг учун мўлжалланган», деди у Варшавадаги матбуот анжуманида. 

Европарламент депутати Европа Иттифоқининг барча институтлари ва мамлакатларини ўқув миссиясини қўллаб-қувватлаш учун зарур маблағларни, шу жумладан Европа тинчлик жамғармаси (ЕТЖ)дан барқарор молиялаштириш кўринишида беришни давом эттиришга чақирди. «Шунингдек, биз EUMAM’ни уруш давомийлигига мос келадиган ёндашув ва жанг майдонидаги ўзгаришларни таъминлаш учун Украина бош штаби билан ҳамкорликда ишлашга даъват этамиз», деди Мандл. 

Мавзуга оид