22:11 / 28.07.2023
16975

Путин Эрдўғаннинг дон битими бўйича музокара ўтказиш илтимосларини эътиборсиз қолдирди — ОАВ 

Эрдўған Россия расмийларини «ғазаблантирганидан» кейин Россия дон шартномасини узайтиришдан бош тортган бўлиши мумкин. 

Фото: Reuters

Россия президенти Владимир Путин Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг дон битимини узайтириш бўйича музокаралар олиб бориш бўйича таклиф қилган илтимосларини эътиборсиз қолдирди. Бу ҳақда дипломатлар ва таҳлилчилар сўзларига таяниб, The Wall Street Journal хабар берди. 

Эрдўған сўнгги ҳафталарда Путин билан Украина озиқ-овқат маҳсулотларини Қора денгиз портларидан экспорт қилишга рухсат берувчи келишувни янгилаш ҳақида гаплашмоқчи эканини бир неча бор айтган эди. Ҳозирча Туркия ва Россия президентлари телефон орқали гаплашмади. Дипломатларнинг фикрича, Туркия расмийлари бу масалани Кремль билан бошқа алоқа каналлари орқали ҳал қилишга уринмоқда. 

WSJ суҳбатдошларига кўра, Эрдўған Россия расмийларини «ғазаблантирганидан» кейин Россия дон шартномасини узайтиришдан бош тортган. Июль ойида Эрдўған «Азовстал» ҳимоячилари, жумладан, Россия билан келишув шартларига кўра уруш тугагунига қадар Туркияда қолиши керак бўлган «Азов» гуруҳи қўмондонларини Украинага қайтаришга қарор қилган эди. Бундан ташқари, Эрдўған Швециянинг НАТО аъзоси бўлиш ниятини маъқуллади. Таҳлилчилар ва дипломатлар фикрига кўра, бу Россия расмийларини «дарғазаб қилган». 

Россия ҳукумати 17 июль куни ўғитлар экспортини енгиллаштирувчи келишувнинг бир қисми бажарилмаганини айтиб, дон битимидан чиқди. Шундан сўнг, рус қўшинлари Одесса вилоятини деярли ҳар куни ўққа тута бошладилар, дон битимида фойдаланилган порт инфратузилмасини вайрон қилдилар. Россия Мудофаа вазирлиги 19 июль куни Қора денгиз бўйлаб Украина портларига сузиб кетаётган барча кемаларни ҳарбий нишон сифатида кўришини, бу кемалар байроқлари остидаги давлатларни эса Украина томонида уруш қатнашчиси сифатида ҳисоблашини маълум қилган эди. 

Top