Жаҳон | 11:46 / 29.07.2023
6291
1 дақиқада ўқилади

Полша ўз армиясини деярли икки баравар оширади

Полша ўз қуролли кучлари сонини деярли икки баравар ошириб, 172 мингдан қарийб 300 мингга кўпайтиради. Мамлакат мудофаа вазири Мариуш Блашчак тегишли ҳужжат аллақачон имзоланганини айтди, деб хабар беради BBC.

Фото: NP

Полша армиясида иккита янги дивизия ташкил этиш ва шу билан уларнинг умумий сонини олтитага етказиш режалаштирилган. Бундан ташқари, мудофаа харажатлари мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 4 фоизигача ошади. 

Варшава «Вагнер» ХҲК ёлланма аскарлари қўшни Беларусга кўчиб ўтгандан сўнг, ўз қўшинларининг бир қисмини мамлакатнинг шарқий чегарасига қайта жойлаштириш қарорини эълон қилди. 

Аввалроқ Германия мудофаа вазири Борис Писториус Полшани Германия ва НАТО зарурат туғилганда унинг шарқий чегарасини ҳимоя қилишга тайёрлигига ишонтирганди.

«Полшалик ҳамкорлар қаерда қўллаб-қувватлашга муҳтож бўлса, улар ёрдам олади. Улар НАТО бўйича ҳамкорлар ва ишончли НАТО иттифоқчилари, шунинг учун биз тайёрмиз, десак хато бўлмайди», деди Писториус Прагага ташрифи чоғида чехиялик ҳамкасби Яна Чернохова билан ўтказилган матбуот анжуманида.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид