Жаҳон | 09:07 / 29.07.2023
9542
2 дақиқада ўқилади

Қутқарувчилар Нидерландия яқинида ёнаётган кема бортига чиқди

3700 дан ортиқ транспорт воситасини олиб кетаётган кемадаги ёнғин уч кундан бери давом этмоқда. Қутқарувчилар қандай қилиб у чўкиб кетишининг олдини олишни билмаяпти.

Фото: AP

Нидерландия қутқарувчилари уч кундан бери кучли ёнғин давом этаётган Fremantle Highway йирик юк кемасига чиқишга муваффақ бўлди, деб хабар берди AFP ахборот агентлиги 28 июль, жума куни.

«Ёнғин ҳали ҳам давом этмоқда, лекин камайяпти. Ҳали ҳам тутун бор», деди Нидерландия қирғоқни қўриқлаш хизмати вакили ва ёнғиннинг камайиши қутқарув гуруҳига биринчи марта кемага чиқиш имконини берганини қўшимча қилди. «Қутқарувчилар кема томи орқали шатакчи кема билан янги, мустаҳкамроқ алоқа ўрнатишга муваффақ бўлди. Бу кема ҳаракатини осонлаштириши ва уни назорат остида ушлаб туриши керак», - деди қутқарувчилар. 

Нидерландия ҳукумати кема чўкиб кетишининг олдини олиш режаси бўйича ҳали бир қарорга келмаганини айтди, деб хабар беради AFP. «Биз барча сценарийларга тайёрмиз. Бироз кўпроқ назоратни қўлга киритишга муваффақ бўлдик, аммо тутун ҳали ҳам кўтарилаётганини ёдда тутишимиз керак», деди AFP’га соҳил хавфсизлик хизмати вакили. 
 
Кемадаги ёнғин 26 июль куни эрталаб Вадден денгизидаги Амеланд ороли яқинида бошланган. Панамада рўйхатдан ўтган Fremantle Highway Германиядан Мисрдаги Порт-Саидга кетаётган эди. Бортда 3700 дан ортиқ транспорт воситалари, шу жумладан 500 га яқин электромобил бўлган. Дастлабки версияга кўра, ёнғин электромобиллардан бирининг ёниши туфайли келиб чиққан. Натижада бир киши ҳалок бўлди, экипажнинг қолган аъзолари эвакуация қилинди.

Мавзуга оид