Бир пайтлар юртимизда чўлли ҳудудларга аҳолининг бир қисми кўчирилиб, экин-тикин экиш, пахта етиштириш, умуман, чўлни обод қилишга жалб этилганди. Аммо бу лойиҳа бора-бора ўзини оқлай олмади. Маълум муддат самара бергандек бўлди-ю, кейин барча чора-тадбир чиппакка чиқди.
Чунки табиат қонуниятига инсоният томонидан даҳл қилинаётганди. Ўз қонуниятини мажбурий тарзда ўзгартиришга уринган башариятга қарши табиат исён кўтарди. Бу исённи шўрлашиш, ҳосил бермаслик орқали намоён қила бошлаганди.
Ëзувчи Луқмон Бўрихоннинг «Жазирамадаги одамлар» асарида табиат қонуни билан биргаликда инсоният қонунияти ҳам таққосланган ҳолатда кўрсатиб берилади.
Сюжет:
Асарда 41-ширкат аҳолиси бўлмиш чўлқуварларнинг гоҳи сурурли, гоҳи аламли, жўшқин воқеа-ҳодисаларга тўла ҳаёти акс этади. Кўкаламзор қишлоқларидан чўлни обод қилиш мақсадида келган қишлоқ одамларининг чўлга мослашиши оғир кечади.
Асар Самад исмли йигитча тилидан ҳикоя қилинади. Бола атрофидаги кўплаб инсонларнинг характери ва яшаш тарзларини киноялар орқали очиб беришга уринади. Асарда юмор, пичинг, киноя етакчилик қилади.
Китобхон 41-ширкат одамларини умумий тарзда содда, гўл, замондан бироз ортда деган тушунчаларга бориши мумкин. Аммо уларнинг ўзига яраша айёрлигини, қувлигини, риёкорликларини ҳикоячининг кинояларидан англаб олишимиз мумкин.
Самаднинг ён қўшниси бўлмиш Ўроқвой шаҳарда ўқирди ва у кутилмаганда Лолахон исмли шаҳарлик қизни бир кун ичида тўй қилиб олиб келади. Самад болалик муҳаббати билан Лолахонга боғланиб қолади ва унда аёлга нисбатан беғубор севги пайдо бўлади.
Лолахон ва Ўроқ битта фарзандли бўлгач Ўроқвойни ҳарбий хизматга чақиртиришади. Афсуски, кўп ўтмай унинг жасади темир сандиқда келади. Қисқа муддат ичида қишлоқ аҳолиси Ўроқни қаҳрамон ҳисоблаб ҳайкалини ўрнатишади ва Лолахонни унинг беваси сифатида садоқат тимсолига айлантиришади.
Бидъат ва хурофотларга муккасидан кетган одамлар энди кимнинг тўйи бўлса, келин ва куёв Ўроқвойнинг ҳайкали пойига гул қўйиб, ҳайкал ёнида турган Лолахонни тавоф қилиш одатини ўйлаб топишади.
Ўроқнинг укаси Ашур асарда кўзбўямачи, қаерда жанжал бўлса ҳозир-у нозир, умуман олганда, қишлоқнинг олд йигити этиб тасвирланади.
Бир куни қишлоқда тўй бўлади. Бутун қишлоқ аҳолиси тўйга боради. Аммо Лолахон бева экани ва ўзини энди тўйларда кўриш бошқаларга эриш туюлиб қолгани сабаб уйида қолади. Шу пайт Самад ҳам ўртоғи Дурбек билан исириқ учун уйидаги молхонага киришади. Улар Лолахоннинг ким биландир эркаланиб шивирлашаётганини эшитиб қолишади. Дурбек Самаднинг ҳай-ҳайлашига-да қарамай тўйхона томонга югуради. Йўлда Ашур ўртоқлари билан маст ҳолатда келаётганди.

















