Адлия вазирлиги мамлакатда маънавиятни юксалтириш ва китобхонлик маданиятини ривожлантириш мақсадида республикадаги давлат хизматлари марказларида китоб алмашиш учун махсус “зиё улашиш” бурчакларини ташкил этмоқда.

“Букшеринг” (китоб улашиш) – бу китобларни эркин алмашиш маданиятидир. Адлия вазирлиги ушбу маданиятни кенг оммалаштириш мақсадида 2024 йил “Зиё улаш” акциясини бошлади. Дастлабки босқичда адлия тизими ходимлари ўзлари ўқиб бўлган китобларни ихтиёрийлик асосида келтириб топширдилар. Ушбу китоблардан республика бўйлаб 200 дан ортиқ маҳалла кутубхоналари ташкил қилинди.

Эндиликда ушбу ташаббусга кенг жамоатчиликни ҳам жалб қилиш мақсадида лойиҳани янги босқичга олиб чиқиш кўзда тутилган. Бу ташаббус:

⦁ китобхонликни оммалаштириш;
⦁ жамиятда ўзаро ҳамжиҳатлик ва ҳурматни ошириш;
⦁ ёш авлодни билимга чанқоқ қилиб тарбиялаш каби эзгу мақсадларга қаратилган.

Ўқувчилар қуйидаги йўллар орқали ўз ёрдамини қўшиши мумкин:

1. Китоблар ҳадя қилиш: Ўзингиз ўқиган, лекин ҳали бошқаларга фойдаси тегиши мумкин бўлган китобларни давлат хизматлари марказларидаги “Зиё улаш” бурчакларига олиб келинг.
2. Атрофдагиларни “Зиё улаш” ташаббусини қўллаб-қувватлашга чақириш: Дўстларингиз, ҳамкасбларингиз ва бошқа давлат ташкилотлари ходимларини ушбу ташаббусда иштирок этишга даъват этинг.
3. Тарғиб қилиш: “Зиё улаш” бурчакларининг афзалликлари ҳақида яқинларингизга айтиб беринг, ижтимоий тармоқларда улар ҳақида ёзинг.

Адлия вазирлиги ҳар бир давлат ташкилоти ходимлари ва раҳбарларини ушбу ташаббусни фаол қўллаб-қувватлашга чақирди.