09:45 / 31.07.2023
4125

Бухорода Италия университети кампуси очилиши режалаштириляпти

Ўзбекистон элчихонаси ходимлари Италия парламентидаги «Италия-Марказий Осиё» гуруҳининг янги тайинланган аъзолари билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё».

Фото: Дунё АА

Унда «Италия-Марказий Осиё» парламент гуруҳи раиси Фабрицио Бенцони, бош котиб Роберто Сорбелло, гуруҳ аъзолари Жанжакомо Каловини, Паоло Форментини, Фабио Пьетрелла, Пиеро Фассини, Этторе Розато ва бошқа депутатлар қатнашди.

Депутатлар эътибори жорий йил 8-9 июнь кунлари Италияга амалга оширилган олий даражадаги ташриф доирасида президент Шавкат Мирзиёев ва Италия бош вазири Жоржа Мелони томонидан икки давлат ўртасида стратегик шериклик алоқаларини ўрнатиш бўйича қабул қилинган декларацияга қаратилди.

«Ушбу ҳужжатнинг Ғарбий Европа давлатлари орасидан биринчи бўлиб айнан Италия билан имзоланиши ҳар икки мамлакат учун муҳим аҳамият касб этади», деди Ўзбекистон элчиси.

Дипломат таълим соҳасидаги икки томонлама алоқаларга ҳам тўхталар экан, Турин политехника университети ва Пиза университетининг Тошкентда мувафаққиятли фаолият юритаётганини таъкидлади. Кампаниа Луижи Ванвителли университетининг Бухорода кампуси очилиши режалаштирилаётгани ҳам маълум қилинди. 

Учрашув якунида жорий йил сентябрь ойида Олий Мажлис палаталарида ташкил этилган Италия билан ҳамкорлик ва дўстлик гуруҳлари ҳамда «Италия-Марказий Осиё» гуруҳи ўртасида видеоконференция шаклида учрашув ташкил этишга келишиб олинди.

Top