— 16 йилдан бери фермерлик билан шуғулланаман, асосан пахта ва ғалла экамиз. Режаларни 160-170 фоизгача бажариб келганман. Фермер хўжалигимиз балансида 19 дона замонавий техника бор.
2014 йилда туман ҳокими яна 100 гектар ерга пахта экишимни айтди. Мен ерни қонуний қилиб фермер хўжалигим номига ўтказиб беришларини сўрадим. Ўша ер бошқа фермерга тегишли бўлиб, захирага ҳам олинмаган экан. Мен рози бўлмадим бунга. Шундан кейин фермер хўжалигимни туман захирасига ўтказишди. 2014 йилнинг ўзида хўжалик судига мурожаат қилдим. Худоёр исмли судья томонидан менинг ерим ноқонуний олиб қўйилгани айтилиб, ҳоким чиқарган қарор асоссиз деб топилди. Апелляция суди ҳам уларнинг қарорини ноқонуний деб топди.
Шундан кейин 2019 йилда яна ноҳақлик бўлди. Менинг еримни ҳеч қандай хат-ҳужжатсиз, асоссиз тарзда бошқа фермер хўжалигига бериб юборишди. Ҳокимликка бориб, оғзаки мурожаат қилдим. 100 гектар ерим ўрнига 36 гектар ер беришди. Ҳали бир ой ишламасимдан туриб, ҳар хил одамлар келиб, ўзини катта олиб, бу ерга кўп қаватли уйлар, истироҳат боғи қурилишини айтиб, босим ўтказа бошлашди. Президент номига, прокуратурага ариза ёзганимдан кейин тўхташди.
2022 йил 13 сентябрга келиб, Пискент тумани ҳокимининг 622-сонли қарорига асосан 5 гектар сабзавот, 10 гектар чорва учун, жами 49 гектар ер олиб фаолиятимни давом эттиришни бошладим. Шундан кейин 2022 йилда Олмалиқ шаҳар ҳокимлигидан келиб, бу ерда Зойир Мирзаевнинг топшириғи билан Янги Ўзбекистон массиви қурилади, дейишди.
Мен уларга барча ҳужжатларимни кўрсатдим. Лекин улар “Зоир Мирзаев ерингни суд орқали олади, биз унгача қурилиш бошлаб турамиз”, дейишди. 4 ноябрда судга ариза киритишди, 2023 йил 10 апрелда бўлган суд Олмалиқ шаҳар ҳокимлиги фойдасига ҳал бўлиб, ерим захирага олинди ва менинг шартномам бекор қилинди. Мен суд қароридан норози бўлиб, Тошкент вилояти судига апелляция бердим. Аппеляция суди Оҳангарон туманлараро иқтисодий суди қарорини бекор қилди.
Суд қароридан кейин қурувчиларга еримда бошлаган қурилишлари ноқонуний бўлаётганини айтдим. “Бизни ҳоким мажбур қилди, тўғри, ҳужжатимиз йўқ”, дейишди улар. Мурод исмли қурувчи келиб: “А.Икромов номидаги МФЙ ҳудудида ерни ютиб олгандим, қурилиш қилишим керак эди, лекин Зойир Мирзаев бошқа ерни кўрсатди, кадастр бўлими ер 49 йилга ижарага берилганини айтганида, Зойир Мирзаев “биз суд орқали ерни олиб берамиз, сен қурилишни қилавер”, деб айтганини билдирди. Қурувчи йигит бундай ноқонуний тарзда қурилиш қилмаслигини айтгач, уни Олмалиқ туман ички ишлар бўлимида икки кун ҳибсда сақлашган. Шундан кейин у рози бўлган. Бу гапларнинг ҳаммасини мен билан сувчи-ишчим ҳам эшитди, ҳар қандай жойда гувоҳлик бера олади.
Кейин эса ички ишлар ходими менга телефон қилиб, ерни тез бўшатиш кераклигини, қурилиш бошланиши кераклигини айтди. Мен ерга сабзавот экиб қўйгандим. Еримга келган экскаватор ҳайдовчиси ҳам “бизда ҳужжат йўқ, лекин шу ерда ишлайсан деб мажбурлашяпти”, деди.
Бу ишларнинг сабабини суриштирдим. Аслида қурилиш қилиниши керак бўлган ер “Тулпор” номли фермер хўжалигининг боғи бўлиб, 2017 йил захирага олинган. Зойир Мирзаевнинг ўзи келиб, боғни бузмаймиз, қурилиш жойини ўзгартирамиз, деб айтган. Қонунга амал қилиниши кераклиги айтилганда, ишларинг бўлмасин, судга айтамиз, давлатнинг кучини кўриб қўйсин, дебди.
Хўш, мен нима қилай? Солиқларни тўлаяпман, ёшларни иш билан таъминлаяпман, ўз ҳиссамни қўшяпман, режаларни ортиғи билан бажаряпман. Давлатнинг кучини кўрсатишса, қонунга амал қилиб кўрсатишсин.
Тадбиркорларни ҳимоя қилувчи ташкилот Омбудсманга мурожаат қилдим – фойдасиз. 2019 йилдан бери қанча меҳнат қилдим, ҳосилдорликни кўтардим. 70 центнердан ғалла олдим, 160 фоизга бажардим режани. Нега энди шунча қилган меҳнатим қаердаги оғзаки ноқонуний буйруқ остида қолиб кетса? Мана шу ишларга бош қўшганларнинг барчасига жиноий иш очилишини сўрайман. Қонунга зид тарзда тадбиркорга тўсқинлик қилиш, кўкрагидан итариш бу ишлар.
6 гектарли сувли ер майдонимга Зоминдан Бекзод, Равшан исмли йигитлар келиб, [янги массив учун] боғча қурилишини тезроқ бошлашлари кераклигини айтишди. Ҳужжат сўраганимда бирорта ҳужжат тақдим этолишмади. Қайтага милиция, прокуратурани чақириб, дўқ қилишди. Давлатнинг ери бу, боғча ҳам давлатники, суд орқали оламиз ерингизни, дейишди. Судда ютсангиз, қурилган нарсаларни бузиб, тозалаб чиқиб кетамиз, деб айтди.
Шундан кейин 12 июнда келиб қурилишни тўхтатишни, суд қарори чиққанини айтдим. Ўзлари ҳам ноқонуний қилишаётганини тан олишди.