Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Руанданинг табиати ва ҳавоси учун европаликлар кўчиб келяпти” – Африкада яшаётган ўзбек тадбиркори билан суҳбат
Шарқий Африкада жойлашган Руандада ҳарорат ҳозир +20...+30 даража, қалин ўрмонлар билан ўралган, одамлар тинимсиз дарахт экади, бирор жойида чиқинди кўрмайсиз, десак ишонасизми? Бу таърифни 2 йилдан бери Руандада яшаётган ўзбек тадбиркори Бахтиёр Эгамбердиев айтяпти.
Руанда ҳақида илк таассуротлар
Шарқий Африка кенгликларида доимий ёмғирлар, тоза ҳаво, бепоён ўрмонлар ва ёввойи табиат бағрида 13 миллион руандалик яшайди. Руанда Шарқий Африкада жойлашган табиати бетакрор давлат. У Африка ҳақидаги тасаввурларингизни 180 градусга ўзгартириб юборади. Буни биз эмас, Руандада 2 йилдан бери яшаб келаётган ўзбек тадбиркори Бахтиёр Эгамбердиев айтмоқда. Асли хоразмлик бўлган Эгамбердиев ўқиш ва ишлаш мақсадида олдин Германия, кейин Хитой, Туркияга кетиб, ҳозир Руандада яшаяпти. У газ плиталари ва ошхона техникаларини йиғиш ва сотиш билан шуғулланади. Тадбиркор Африкага келиш ҳақида ҳеч қачон ўйламагани, Руандани эса фақат харитадан билишини айтади.


“Менга иш таклиф қилган шеригим дунёда Руандачалик тоза давлат йўқ деганда ошириб юборди, деб ўйлагандим, лекин келиб гапи тўғрилигига амин бўлдим. Келганимдан кейин биринчи навбатда бу ернинг об-ҳавоси ёққан. Чунки биз оилавий аллергиядан қийналардик. Келганимиздан кейин эса аллергия безовта қилмай қолди. Бу давлат менга ёқиб қолди", – дейди Эгамбердиев.

Бюрократия йўқ, тадбиркорлик қилиш ҳимояланган
2 йилдан ошиқ вақт давомида Руанда ҳақида кўплаб ижобий тасаввурларга эга бўлган қаҳрамонимизнинг ҳикоя қилишича, бу ерда тадбиркорлик қилиш ҳимояланган, бизнес қилиш жуда осон. Африканинг ҳеч бир жойида Руандачалик хавфсиз давлат йўқ. Бу ерда коррупция кам, буюрократия йўқ. Тизимлар тўлиқ онлайнга ўтган, ҳеч ким у ҳужжатни олиб кел, бу ҳужжатинг қани деб бошингизни оғритмайди. Ҳамма қоидага амал қилади, шошадиган одамни кўрмайсиз. Озиқ-овқат ва машиналар нархи Ўзбекистондагидан анча арзон. Уй-жой нархлари эса катта фарқ қилмайди. Ўқитувчи ва шифокорлар даромади ҳам баландроқ.
Руандани ўзгартирган геноцид
Олдин Германия, кейин Белгия мустамлакаси бўлган бу давлат 1962 йилда мустақилликка эришган. Лекин Руанданинг бугунги қиёфаси шаклланиши 1994 йилги фуқаролар урушига боғлиқ. Ўша йили 7 апрелда қарийб 100 кун давом этган фуқаролар уруши бошланади.


Уруш мамлакатдаги асосий 2 этник гуруҳ тутси ва ҳутулар ўртасида бўлиб ўтади. Маълумотларга кўра, геноцидда ҳуту жангарилари 600 мингдан ортиқ тутсини ваҳшийларча ўлдириб юборган. Бу воқеа тарихга Руанда геноциди номи билан кирган. Ҳозир руандаликлар у кун ҳақида эслашни исташмайди. 1996 йилдан кейин Руандада қайта қуриш бошланган. Мамлакатдаги муҳим соҳаларда тутсилар улуши кўпроқ. Руанда раҳбари ҳам тутсилардан.

Бахтиёр Эгамбердиевнинг айтишича, шу геноциддан кейин шаҳар тубдан ўзгарган. Ўша пайтда ривожланиш дастури бўйича Тони Блэр, Бил Клинтон каби таниқли сиёсатчилар маслаҳатси сифатида қатнашган. Руандага давлат ва жамият ривожланишида комплекс бир тизим олиб кирилган.
“Ҳамма соҳада чет эл, асосан Англия системаси ўрнатилган. Натижада мамлакат жуда қисқа вақт ичида ривожланган. Одамлар қандай қилиб бундай тарбияланганига ўзим ҳам қойил қоламан. Одамлар бир-бири билан конфликтга боришни истамайди, бақир-чақир қилмайди. Агар кўчада 2 киши уришиб турган бўлса, сабаби ёки айбдорни аниқлаб ўтирмай иккаласини ҳам қамаб қўйишади”, – дейди у.
“Одамлар тинимсиз дарахт экади”
Эгамбердиев 2 йил давомида кўчага бирор киши чиқинди ташлаганини кўрмаганини, целлофан пакет ишлатиш умуман мумкин эмаслиги ва унинг ўрнида ҳамма қоғоз пакет ишлатишини айтади.
“Руандада “umuganda day” — тозалик куни деган тадбири бор. Бу кун ойида 2 марта бўлади. Ўша куни туш 13:00гача ҳеч қаер ишламайди, бутун давлат бўйлаб тозалик қилинади. Ҳамма уйининг атрофини тозалайди, ҳатто бу тадбирга президент ва унинг оиласи ҳам қатнашади. Ойида бир марта эса дарахт экиш куни бўлади. Одамлар оилавий чиқиб дарахт экади. Шундай тоза табиати ва ҳавоси учун ҳам ҳозир бу ерга кўчиб келаётган, уй олаётган европаликлар кўпайган”, – дейди тадбиркор.
Маълумот учун, Руандада дарахт жуда қадрланади. Уни кесишга жиноят сифатида қаралади. Битта дарахтни кесганлик учун жарима 1000 доллардан бошланади. Айрим дарахтларни кесганга 5000 долларгача жарима солинади.
Руанда сўзи “минг тепалик” деган маънони беради, ҳамма жой тоғ ва ўрмондан иборат. Одамлар тинимсиз дарахт экади. Текис жой йўқ. Кислород жуда кўп. Йилда 2-2,5 ой ёмғирсиз мавсум бор. Қолган ойлар ҳар кун ёмғир ёғиб туради.
“Шунинг учун келганимдан кейин, 10-15 кун шок бўлиб юрганман. Шахсан ўзим бу ерлар Европа давлатлари мустамлакаси бўлгани учун бу ерни дунёнинг бошқа давлатларидан яшириб келган деб ўйлайман. Шунинг учун биз Африка давлатлари ҳақида унчалик кўп маълумотга эга эмасмиз”, – дейди Эгамбердиев.
Ҳақиқий саёҳатлар макони
Руандаликлар асосан қишлоқ хўжалигидан фойда кўради. Мамлакат даромадининг асосини чой ва банан, манго, ананас каби тропик мевалар ташкил қилади. Бундан ташқари, туризм ҳам Руанда иқтисодиётининг муҳим қисми саналади. Туристлар сафарилар, саванналар, жунглиларни кўриш ва қабила бўлиб яшайдиган одамлар манзилларига бориш учун тур қилишади.
“Бу ерда Киви деган кўл бор. Унинг атрофида катта туристик зона ташкил қилинган. Шуни кўриш учун ҳам қўшни давлатлардан одамлар келади. У ерга борсангиз, худди Европага боргандек бўласиз, тозалиги, хизматлари Европа даражасида”, – деб тушунтиради у.

Африка давлатлари сўзини эшитганда қабила бўлиб яшайдиган одамлари бор давлатлар деган тасаввур ҳам уйғонади. Эгамбердиевнинг айтишича, бундай тасаввур тўғри эмас. Руандада одамлар бугунги замонавий дунё одамларидек яшайди.
“Фақат бир жойда вулқон бор ва ўшанинг атрофида лилипутлар қабиласи сақланиб қолган. Бу кичкина қабила давлат томонидан ҳимоя қилинади. Вулқон атрофида ёмғир ўрмонлари бор. У ерда ҳар кун ёмғир ёғади. Юрган вақтингиз ҳам булутлар орасида юрасиз. Қабила ҳам ўша жойда дейишади. Қабила аъзолари ҳам шаҳарга тушиб, одамларга қўшилишни хоҳлашмайди”, – дейди Эгамбердиев.

Ўзбекистондан Руандага саёҳатга бориш қанчага тушади?
Ўзбекистондан Руандага рейс йўқ. Шунинг учун ўзбекистонликлар Истанбул, Миср, Дубай, Қатар орқали Руандага боришлари мумкин. Меҳмонхоналар 30 доллардан бошланиб, 1,5 минг долларгача етади. Эгамбердиевнинг айтишича, 30-40 долларлиси ҳам ўрмон ичида шароити жуда яхши. Шундай қилиб, 10 кунлик саёҳатга ўртача 300 доллар, еб-ичишга 200 доллар атрофида пул сарфлаш мумкин. 30-40 долларга машина ижарага олсангиз, билетдан ташқари тахминан 1000 долларга саёҳат қилиб келсангиз бўлади. Лекин бу ерда энг машҳур туристик жой гориллалар макони бўлиб, сайёҳлар асосан уни кўриш учун келишади. Нархи – 1,5 минг доллар. Бундан ташқари, Акегара деб номланган миллий боғи бор. У ерда сафар қилиб, зебра, антилопа, жирафа ва йиртқич ҳайвонларни ўз кўзингиз билан кўришингиз мумкин. Булар қиммат турмайди. Бемалол чўнтагингиз кўтаради.
"Агар омадингиз келса, ов қилиш жараёнини ҳам кузата оласиз", – деб қўшимча қилади Эгамбердиев.

Гориллалар ватани
Гориллалар Конго Уганда ва Руанда чегарасида яшайди. Лекин уларни кўриш учун энг хавфсиз ва сифатли турларни фақат ва фақат Руандадан топиш мумкин. Гориллалар лагерига туристларни махсус ўқитилган гидлар олиб боради. Ва ҳудудга киришдан олдин сайёҳга горилла билан қандай муносабат қилиш ва қилмаслик ўргатилади. Чунки улар қафас билан ўралмаган, лагер ҳудудида очиқликда юради.

Гориллалар яшайдиган жунглигача пиёда боришга тўғри келади ва бу ярим кун вақтни олади. Хуллас, қоидаларга амал қилсангиз, гориллалар сизга ҳужум қилишидан хавотир олмасангиз бўлади.

Нон ейилмайди, сабзавотлар алоҳида пиширилади
Туристлар кўп келадиган жой бўлгани учун Руандага борганлар овқатдан қийналмайди. Мусулмонлар учун ҳам алоҳида менюлар бор. Тадбиркор руандаликлар ейдиган мева-сабзавот, овқатлар ҳақида ҳам гапириб берди. Айтишича, Руандада нон умуман истеъмол қилинмайди. Чунки мамлакат аксар қисми тоғ бўлгани учун буғдой етиштирилмайди.
“Уларни нонга ўргатиб қўйдик. Ҳозир секин-секин пиширишяпти. Маҳаллий аҳолида овқатларни бизникига ўхшаб сабзавот ва турли маҳсулотларни аралаштириб пишириш маданияти йўқ. Масалан, гуруч, ловия ёки бошқа дуккаклиларни ҳам алоҳида қайнатиб олиб келишади. Асосий овқати эса гуруч ва гўшт. Гўшт нархи сўмда 50 мингга тўғри келади”, – дейди у.
“Беморлар дори-укол билан даволанмайди”
Бахтиёр Эгамбердиевдан Руандада қайси касб эгаларига талаб кўплиги, тиббиёт ва таълим Ўзбекистондагидан қанчалик фарқ қилиши ҳақида ҳам сўрадик. Олган маълумотларимиз кўп ўзбекистонликларнинг ҳайратига сабаб бўлмасдан қолмаса керак.
Унинг айтишича, ёшларнинг деярли ҳаммаси инглиз тилини билади. Аҳоли орасида қайси соҳа бўлмасин дипломлиларнинг мавқейи ва ойлиги баланд. Дипломли бўлиш келажакни кафолатлашдай гап.
“Охирги 10 йиллардан бери ҳамма ўқишга ҳаракат қилади дейишади. Ўзим болаларим ўқийдиган мактаб ўқитувчиси неча пул олиши билан қизиқдим. Ҳеч қанақа сертификат ва тоифаси бўлмаган оддий ўқитувчи 600 доллар оларкан. Банк ходимлари маоши эса 2000 доллар атрофида. Муҳандис ва архитекторлар ҳам шунақа қийматда ойлик олади”, – деди тадбиркор.
У Руандада тиббиёт даражаси ҳақида ҳам гапириб бераркан, даволаш усуллари Ўзбекистондагидан фарқ қилишини айтади. Дорихонадан исталган дорини олиш имконсиз, ҳаммаси шифокор йўриқномаси асосида берилади.
“Укол қилиш энг охирги чора. Ўзи одамлар кам касал бўлади. Семиз одамнинг ўзи йўқ. Чой кам ичилади, лекин турли дамламалар кўп ичиб юрилади. Шу ҳам уларни соғлом тутса керак. Суғурта системаси жуда ривожланган. 90 фоизгача даволанишингизни суғурта қоплаб беради. Бироқ суғурта қиммат. Масалан, оилавий 5 кишига 800 доллар атрофида суғурта қилдирдик”, – дейди Бахтиёр Эгамбердиев.
Бахтиёр Эгамбердиевнинг ҳикояси кўпчиликнинг Африка ҳақидаги тасаввурини ўзгартирган бўлса керак. Руанда кўздан панада асралган давлат бўлгани учун у ҳақида кўпчилик билмайди. Тоза ҳаво, дарахтлар ва чинакам ёввойи табиат шайдоси бўлсангиз, саёҳат режаси рўйхатингизга ҳеч иккиланмай Руандани ҳам киритиб қўйсангиз бўлаверади.
Зуҳра Абдуҳалимова, журналист
Тасвирчи – Мирвоҳид Мирраҳимов
Монтаж устаси – Муҳиддин Қурбонов
Мавзуга оид
23:35 / 17.06.2026
“Қора қитъа”ни қутқармоқчи бўлган Райан — африкаликлар учун қудуқ қазиб берган 6 ёшли бола
08:35 / 12.06.2026
Трансаква: Африка харитасини ўзгартириши мумкин бўлган мегалойиҳа
08:43 / 11.06.2026
Жаҳон нефть савдоси маркази Осиёга кўчмоқда
08:17 / 25.05.2026