Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Украина НАТОга аъзо бўлмай ҳам хавфсизлик кафолатига эга бўладими? — Исроил, Корея ва Тайван мисоли
НАТОнинг Вилнюсда ўтган саммитида алянсга тезлаштирилган тартибда аъзо бўлиш кафолатини қўлга кирита олмаган Украина ғарблик иттифоқчилар мамлакатни Россия босқинига қарши қўллаб-қувватлашда давом этишидан бироз умидсизликка тушди.
«Идея» рукни муҳаррири Максим Трудолюбов Ғарбнинг коллектив институтлари — ўз манфаатларига эга кўплаб суверен давлатлар розилиги талаб қилинадиган НАТО ва Евроиттифоқда иштирок этишга муқобил бор — улар иккитомонлама келишувлар бўлиб, энг аввало Ғарб давлатларининг Исроил, Жанубий Корея ва Тайван каби мамлакатлар билан муносабатларида ўзини оқлаган. Миллийликдан юқори институтларнинг умумий қарорини кутиб ўтирмасдан Украина ўзининг хусусий, бошқаларга боғлиқ бўлмаган хавфсизлик моделини қуриши мумкин.
Гоҳ-гоҳида урушга айланиб кетадиган можаролар вазиятида ўнлаб йиллар давомида яшаётганига қарамасдан, Исроил бугун ривожланган давлат, технологик ривожланиш ва таълим бўйича дунё етакчиларидан бири ҳисобланади. У аҳоли жон бошига номинал ЯИМ даражаси бўйича дунёдаги йигирмата бой давлатлар рўйхатидан ўрин олган. Ўтган йили The Economist журнали Исроилни Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти аъзолари ичра энг муваффақиятли ривожланаётган иқтисодиётлар орасида тўртинчи ўринга жойлаштирган. Бу рейтингда таҳририят ЯИМ ўсиши, инфляция даражаси, фонд бозори динамикаси ва давлат қарзини ҳисобга олади.
Исроил бу масалада асло уникал эмас. Жанубий Корея тажрибаси ҳам бор. У КХДР билан тугалланмаган уруш шароитида улкан муваффақиятларга эришган. Бугунги кунда Жанубий Корея саноат, технологиялар ва таълим бўйича энг етакчи барқудрат давлатлардан бири, у сайёранинг энг йирик йигирмата иқтисодиёти сирасига киради.
Ўз навбатида, бугунги кунда материкдаги Хитой билан ечилмаган можаросига қарамасдан Тайван — гуллаб-яшнаётган иқтисодиёт, дунёда 21-ўринда туради. Бу оролда дунёдаги энг йирик яримўтказгичлар ишлаб чиқарувчи TSMC компанияси жойлашган, унинг мижозлари дунёдаги энг йирик ва муҳим технологик компаниялар ҳисобланади.
Исроил, Жанубий Корея ва Тайван мисоллари — ташқи хавф доимо мавжуд бўлган шароитда ҳам НАТО каби блокларга аъзо бўлмасдан жамият инсон салоҳияти, жамият ва иқтисодий ҳаётда улкан муваффақиятларга эришиши мумкинлигини исботлайди.
Бундай ҳолатларда ишончли хавфсизлик кафолатлари муваффақиятнинг зарур шарти сифатида ўринга эга. Бу кафолатлар албатта коллектив бўлиши ҳам шарт эмас экан.
Исроил хавфсизлик модели тарихи
1970-йилларгача Исроилни энг аввало Буюк Британия ва Франция қўллаб-қувватлаган. Масалан, Сувайш инқирози билан боғлиқ ҳарбий ҳаракатларда исроил, британ ва француз кучлари биргаликда иштирок этишган. Кейинроқ, совуқ уруш авж олиши баробарида Исроил хавфсизлик моделининг бош таянчи АҚШ бўлиб қолди.
1973 йилда Миср ва Суриянинг советпараст режимлари Исроилга қарши янги урушни бошлагач, АҚШ президенти Ричард Никсон Пентагонга «учадиган барча нарсани Исроилга жўнатиш»га буйруқ берди. Бироқ, Саудия Арабистони томонидан нефт эмбаргоси жорий қилинишидан чўчиган Европа давлатлари ўз аэродромларидан Исроилга қурол-яроғ етказиш учун фойдаланишни рад этишди.
Америка транспорт учоқлари Азор оролларида жойлашган ҳарбий базадан учиб, жанубдаги душманона кайфиятдаги араб давлатлари нишонига айланмаслик, шимолдаги Европа давлатларига ташвиш олиб келмаслик учун Ўрта Ер денгизининг қоқ ўртасидан аниқ парвоз режасига амал қилган ҳолда учиши лозим эди. Ўз навбатида, советлар иттифоқи денгиз орқали ўз мижозлари Миср ва Сурияга қурол-яроғ етказа бошлаган. Ҳарбий ҳаракатлар алал-оқибатда америкалик иттифоқчилари томонидан қўлланган Исроилнинг ғалабаси билан тугаган. Исроил қўшинлари Қоҳирага 100 км қолганда позицияларни эгаллашган.
1975 йилда бош вазир Исҳоқ Рабин ва президент Жералд Форд даврида Исроил ва АҚШнинг стратегик ҳамкорлиги ўзаро англашув меморандуми кўринишида расмийлаштирилди. Ижроия ҳокимиятнинг ушбу ҳужжати Сенатнинг ратификациясига муҳтож эмасди. Орадан олти йил ўтиб бош вазир Менаҳэм Бегин ва президент Роналд Рейган даврида — муносабатлардаги бироз совуқлашувдан сўнг — келишув яна тасдиқланди ва қайта имзоланди. Келишув маълум бир ҳажмдаги Амерка ҳарбий ёрдами, биргаликда ҳарбий машқлар ўтказиш мажбурияти, Ўрта Ер денгизида жойлашган АҚШ Олтинчи флотининг Исроил бандаргоҳларидан фойдаланиш ҳуқуқи, шунингдек, савдо шартномасини қамраб олган эди.
1981 йилда ёрдам ҳажми йилига 425 млн доллар даражасида белгиланди. 2016 йилга келиб у 3,8 млрд долларга етди. 2016 йилда президент Барак Обама ва бош вазир Бинямин Нетаняҳу мудофаа ёрдами тўғрисидаги келишувни имзолашди. Унга кўра 2019 йилдан 2028 йилгача Исроилга 38 млрд доллар ёрдам ваъда қилинган. Бу битим аввалгиси — 2007 йилдан 2018 йилгача 30 млрд доллар ажратишни назарда тутган битим ўрнига имзоланди.
Мана шу ҳолатда ҳам АҚШ ва Исроил расман иттифоққа кирмаган. Лекин Яқин Шарқда жойлашган ушбу давлатга айнан Америка ёрдами 2006 йилдаги иккинчи Ливан урушида — Исроил қўшинлари Ливан жанубини ўзга душманона кайфиятда бўлган «Ҳизбуллоҳ» гуруҳидан тозалашда қўл келган.
Украина моделини қуриш
НАТОга муқобил, блоклардан ташқари бўлган иккитомонлама келишувлари Украина билан мудом муҳокама мавзуси бўлиб турибди. НАТОнинг яқинда Вилнюсда ўтган саммитида ҳам Буюк Британия, Италия, Германия, Канада, АҚШ, Франция ва Япония («катта еттилик» иштирокчилари бўлган давлатлар) уларнинг ҳар бири блок аъзоси сифатида эмас, якка ўзи Украина хавфсизлигини узоқ муддатга таъминлаш мажбуриятини гарданига олишга тайёр эканини билдиришган. Агар фаол шуғулланилса Украинада бундай иккитомонлама келишувлар тармоғини қуриш учун муддат ўз вақтида Исроилга талаб этилганидан камроқ кетади. Биринчидан, бу жараён аллақачон кетмоқда. Иккинчидан, Украинада ғарблик иттифоқчилар 1950–1970 йилларда Исроилда бўлганидан кўпроқ ва улар мазкур масалада бирдам.
Пул билан ифодаланганда АҚШ Украинага бериш мажбуриятини олган ёрдам ҳажми сўнгги ўттиз йилда Исроилга кўрсатилаётган ёрдам ҳажмига тенг. Кил жаҳон иқтисодиёти институти маълумотларига кўра, Россиянинг Украинага қарши урушининг ўтган бир ярим йили ичида Байден администрацияси ва АҚШ Конгресси Украинага 70 млрд евролик ҳуманитар, молиявий ва ҳарбий ёрдам юборган. Июл ойи бошига келиб, Украинага етказилган ёрдамнинг умумий ҳажми 165 млрд евродан ошган. Ҳаттоки ортиқча эҳтиёткорлиги учун танқид қилинадиган Германиянинг ёрдами фаол позициядаги Буюк Британияники билан тенг (ҳар икки давлат тахминан 10 млрд евродан сарфлашган).
Кўплаб ҳарбий экспертлар кўрсатилаётган ушбу ёрдам ҳажми ҳам етарли эмас, деб ҳисоблашмоқда. (Масалан, 1973 йилги уруш даврида АҚШ Исроилга ҳарбий самолётларни дарҳол етказа бошлаган, Украина эса ҳамон кутмоқда). Бироқ, ёрдам ҳажми анча катта. Муҳими қўллаб-қувватлаш келгусида ҳам юқори даражада сақланиб қолиши.
Исроил тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, муайян уруш давомидаги ёрдам (Никсон давридагидек) доимийга айланиши, блокдан ташқари бўлса ҳам (Рейган давридагидек) алоқалар ўрнатилиши керак. Бу алоқалар ҳокимиятдаги партия алмашишига боғлиқ бўлмаслиги шарт. Исроил билан боғлиқ ҳолатда републикачилар Никсон ва Рейган даврида ривожланган ва демократ Барак Обама даврида ҳозирги миқёсига етган. Обама Исроилга ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги келишув ундан мерос қолишини айланишни истаган.
Ишлаётган модел нимадан иборат бўлиши керак?
«Модел»нинг биринчи элементи сиёсий ва юридик асос. Ҳозирча Украинага НАТО Низомининг умуммажбурий 5-моддаси (бир давлатга ҳужум барча давлатга ҳужум саналади) кучи тааллуқли эмас, ҳар бир ҳамкор билан алоҳида-алоҳида кафолат бўйича келишиш лозим. Бу ерда шуни ҳам эътиборга олиш жоизки, 5-модда ҳеч қачон амалда текшириб кўрилмаган. 2001 йил сентябрида АҚШ агрессия қурбони бўлганини эълон қилиб, алянсга аъзо бошқа давлатларни ёрдамга чақиради. Ҳамма дарҳол рози бўлади. Лекин бу АҚШ — алянснинг энг йирик ва жанг қилишга энг лаёқатли аъзоси. Бундан ташқари, 5-модда имзо чекканлардан иттифоқчиларни қўллаш учун «зарур чоралар» (necessary action) кўришни талаб қилади, шартномада ҳарбий ҳаракатларга тўғридан тўғри аралашиш ҳақида мажбурият йўқ. АҚШ билан 11 сентябр воқеалари рўй берганда ҳам фақат разведка учоқларини етказиб бериш ва мамлакатнинг ўзида Америка объектларини ҳимоя қилиш ҳақида гап борган.
Нима бўлганда ҳам, Украинанинг ҳамкорлари билан шартномалари ҳеч қандай кафолат тақдим этмаган 1994 йилги Будапешт меморандумидан мустаҳкамроқ бўлиши керак. Ўшанда шартноманинг рус тилидаги матнида «хавфсизлик кафолатлари» («гарантии безопасности») деб ёзилган, инглиз тилида эса «хавфсизлик ваъдалари» («security assurances») ҳақида гап боради. Будапешт меморандумида Украинага нисбатан агрессия рўй берганида «ваъда берганлар»нинг жавоб ҳаракатлари механизми ҳам ёзиб қўйилмаган. Шунчаки БМТ Хавфсизлик Кенгашига мурожаат қилиш таклиф қилинган.
Масалан, Жанубий Корея ва Япония — АҚШнинг блоклардан ташқаридаги иттифоқчилари билан ўзаро мудофаа тўғрисидаги шартномаси бор, унда кафолатлар ва жавоб ҳаракатларининг аниқ механизми битилган. Исроил билан имзоланган ўзаро англашув меморандумида бундай кафолатлар йўқ, лекин уларнинг ролини қайсидир даражада Исроилнинг ўз душманларидан бирига ядровий зарба бериши имконияти ўйнайди. АҚШ бунга йўл қўйишни истамайди, шу сабабли Исроилга қарши агрессия рўй берганида катта эҳтимол билан ёрдамга етиб келади. Украинада ядровий қурол йўқ, шу сабабли АҚШ ва бошқа йирик ҳарбий барқудрат давлатлар билан тузилажак шартномалар идеалда Вашингтоннинг Жанубий Корея ва Япония билан тузган шартномасига ўхшаш бўлиши керак.
Тайван билан боғлиқ ҳолат
Яна бир хавфсизлик модели — Тайванники, у жуда мураккаб ва уникал. АҚШ Тайванга нисбатан стратегик иккиланиш сиёсатини юритади. Худди Хитой АҚШга нисбатан сиёсат юритганидек: америкаликлар Хитой учун ғоявий душман ва ўта муҳим иқтисодий ҳамкор ҳисобланади.
АҚШ коммунистик Хитойни тан олган 1979 йилгача Тайван билан ҳозир АҚШ ҳамда Жанубий Корея ва Япония ўртасида имзоланган шартномага ўхшаш шартнома амал қилар эди.
Айни пайтда Тайван бўғозининг икки соҳилида яшовчи хитойликлар битта қонуний ҳокимияти Пекинда жойлашган давлатга мансуб, деб ҳисоблайди («Ягона Хитой сиёсати»). Бироқ, 1979 йилда Конгресс Тайван билан муносабатлар тўғрисида қонун (Taiwan Relations Act) қабул қилади ва унга кўра, АҚШ орол ҳокимиятини ўзини ўзи ҳимоя қилиш учун етарли тарзда қурол-яроғ билан таъминлаш мажбуриятини олади.
Энди яна Украина масаласига қайтсак.
Хавфсизлик тизимининг яна бир муҳим таркибий қисми — қурол-яроғ етказиб берилишининг режалиги ва ишончлилигини таъминлаш (бу ҳам узоқ муддатли иккитомонлама келишув предмети бўлиши мумкин). Бугун Украина дучор бўлганидек, Исроил бир неча бор ўзидан сон жиҳатдан устун душманга рўпара бўлган. Бу муаммони ҳал қилиш учун АҚШ Исроилнинг «сифатли ҳарбий устунлиги»ни таъминлаш мажбуриятини ўз зиммасига олган, яъни Исроил армияси ҳар доим потенциал душманларидан ҳарбий техника бўйича устунликка эга бўлади.
Бундай кўринишдаги келишувларни узоқроқ муддат учун имзолаш керак, йўқса қурол-яроғ ишлаб чиқарувчилар ишлаб чиқаришга пул тикишмайди. Бу борада ўн йиллик муддат учун имзоланадиган АҚШ-Исроил меморандумларига қараш мумкин.
Ғарб давлатлари билан блокдан ташқари иттифоқчилик қилишнинг учинчи муҳим таркибий қисми — сиёсий ҳамкорлик, БМТ ва бошқа халқаро ташкилотларда шерикларнинг қўллаб-қувватлашидан умид қилиш имконияти.
Украина бу мақсадларга етишиш учун барча имкониятларга эга. Албатта, идеал вазиятда Ғарбнинг йирик институтлари бўлмиш НАТО ва Европа Иттифоқига аъзолик Украинага ишончлироқ қўллов тақдим этарди. Бироқ ўз хавфсизлик моделини яратиш ҳам прагматик, ҳам узоқни мўлжалловчи ечим бўлиши мумкин. Жаҳоннинг тобора бўлиниб бораётгани ва жаҳоннинг йирик барқудрат давлатларининг суверенизацияси ҳисобга олинса.
НАТОга аъзр бўлиш учун уруш тугаши — зарур шарт. Бундан ташқари, Ғарбдаги сиёсатчилар коллектив ташкилотларда аъзолик олдига доимо кўплаб институционал чекловлар қўйиш билан банд бўлишади. Бироқ, қурол-яроғ етказиб бериш ва уни ишлаб чиқариш шартлари битилган келишувда бу шартлар бўлмайди. АҚШ томонидан қўллаб келинаётган Жанубий Корея бир неча ўн йиллар давомида демократик давлат ҳам бўлмаган.
Украинага нима етишмаслиги ва нима ёрдам бериши мумкин?
Исроил хавфсизлик модели (Жанубий Корея ва Тайванники сингари) совуқ урушнинг тарихий шароитларидан келиб чиқиб пайдо бўлган. Исроил-Америка ҳамкорлиги ривожланаётган чоғларда Исроил ёрдамга ўта муҳтож эди, Америка сиёсатчилари эса Яқин Шарқдаги Москвага дўстона режимлардан келаётган таҳдидни тийиб туришга уринган. АҚШ ва Европанинг кўплаб давлатларидаги сиёсатчилар совет иттифоқи ва сациалистик ғояни Ғарб олами учун экзистенциал таҳдид ўлароқ қабул қилишган. Сайловчилар ўз етакчиларига сайёранинг барча нуқталарида совет экспансиясига қарши чиқиш учун мандат беришга тайёр эди.
Украинанинг ташқи сиёсий аҳволи бу маънода у қадар барқарор бўлиб чиқмаслиги мумкин: Вашингтонда 2024 йилда ҳокимиятнинг эҳтимолли алмашинуви АҚШ ташқи сиёсатининг РФ билан эмас, ХХР билан қаттиқ қарама-қаршиликка киришишга олиб келиши ёки янги изоляционизмга сабаб бўлиши ҳам мумкин. Ғарбда Путин режими бутун жаҳонда демократияга таҳдид ўлароқ гапирилмоқда, лекин бу қанчалик даражада навбатчи ибора, қанчалик қатъий ишончлиги ҳозирча тушунарсиз.
Америка истеблишментининг маълум бир қисми учун Украинадаги уруш — шунчаки АҚШнинг Европадаги таъсир минтақасидаги можаролардан бири. Европада эса Россия билан урушгача, ҳаттоки Қримгача бўлган муносабатларга қайтишни ёқлаётган сиёсий кучлар машҳурлашмоқда (масалан, «Германия учун муқобил» сингари). Исроилга ёрдамни Америка жамиятининг турли жабҳаларида чуқур ўрнашган кучли диаспора ҳам кўрсатган. Украинада ҳозирча бундай кучли ресурс йўқ, улар АҚШ ва бошқа асосий давлатларда маданий, ижтимоий ва сиёсий даражада кенг қамровли украинапараст ҳаракатни шакллантиришлари керак.
Унутмаслик жоизки, Украина учун хавфсизлик тизимини барпо этиш жараёни аллақачон кетмоқда. Уни фақат режали ва олдиндан тахмин қилиш мумкин бўлган даражага етказиш керак. Ўша Исроилнинг тажрибаси кўрсатмоқдаки, бехато ташқи сиёсат Кремл пропагандаси тасвирлаётган даражада «коллектив» бўлмаган Ғарб давлатлари ўртасида усталик билан ҳаракат қилиш имконини беради. Ўзининг дастлабки урушларида Исроил энг аввало Европа давлатларига таянган, кейинчалик, Франция ундан юз ўгиргач, АҚШдан нажот излаган.
Россиянинг агрессив босқини келтириб чиқарган шокни етарлича баҳоламаслик мумкин эмас. Урушни бошлаган режим билан яна муносабатларни «нормаллаштириш» жамоатчиликнинг эҳтимолли норозилигини келтириб чиқариши ҳам мумкин. Араб давлатларининг Исроилга қарши кураши ҳам, Корея уруши ҳам эффекти бўйича Россия агрессиясига тенглаша олмайди. Ҳаттоки Кремл билан мустаҳкам алоқалари билан машҳур Франциянинг «Миллий фронт»и етакчиси Марин Ле Пен ҳам Россиянинг бу урушдаги ғалабаси «ҳалокат» бўлади, деган маънода чиқиш қилган.
Мавзуга оид
09:00
Россиянинг оммавий ҳужуми: Киевда 4, Харкивда 5 киши ҳалок бўлди
18:44 / 14.06.2026
Украина дронлари Россиянинг камида 14 регионига ҳужум қилди
10:02 / 13.06.2026
Украина армиясида кенг кўламли ислоҳотлар бошланди
23:16 / 12.06.2026