Жаҳон | 21:53 / 04.08.2023
11840
2 дақиқада ўқилади

Россияда меҳнат мигрантлари қарзлари боис жиддий таҳдидга дуч келиши мумкин

Россияда 100 минг хорижлик қарзлари туфайли ноқонуний мигрант мақомини олиши мумкин. 

Фото: РИА Новости

Россияда 2023 йил декабрига қадар 50 мингга яқин хорижлик микромолия ташкилотлари (ММТ) олдидаги қарзи туфайли ноқонуний мигрантга айланиши мумкин. Шу билан бирга, 2024 йилда уларнинг сони 100 мингга етиши кутилмоқда. Бу ҳақда Москвадаги ўзбек диаспораси раҳбари, ҳуқуқшунос Баҳром Исмоилов «Ведомости» билан суҳбатда гапирди.

Миграция қонунчилигига кўра, чет элликлар мамлакатда бўлишнинг қонуний муддати тугаганидан кейин Россияни тарк этиши шарт. Бироқ, меҳнат мигрантлари томонидан қарз ва кредитларни тўламаслик суд ижрочилари томонидан Россиядан чиқиб кетишнинг тақиқланишига олиб келади. Бир фуқарога тўғри келадиган ўртача қарз миқдори 70-80 минг рублни ташкил қилмоқда.

Ўзбек диаспораси маълумотларига кўра, март-июль ойлари давомида Россия судларига мигрантларга нисбатан 300 мингга яқин шундай даъво аризалари киритилган. Судга асосан Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон фуқароларига кредит беришга ихтисослашган микромолия ташкилотлари мурожаат қилган. Даъволарнинг умумий миқдори 21-24 миллиард рублга баҳоланмоқда.

Исмоиловнинг таъкидлашича, жорий йилнинг март ойидан бошлаб судга берилган даъволар сони кескин ўсишни бошлаган. Бу ҳолат микроқарз тартиб-қоидаларининг онлайн форматга ўтиши туфайли юзага келган, бу эса кредит олишни анча осонлаштирган. Исмоилов мигрантларнинг ҳуқуқий саводхонлиги пастлигига ҳам ишора қилмоқда.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид