19:42 / 05.08.2023
18364

Навоийда қарийб 3,3 млн долларлик “яшил лойиҳа” қаровсиз қолди

Бундан 7 йил олдин Корея Республикаси халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA)нинг 2,5 млн доллар қийматидаги грант маблағлари эвазига “Навоий” эркин иқтисодий зонаси атрофи кўкаламзорлаштирилганди. Ҳудуднинг суғориш тизимини йўлга қўйиш учун ўша пайтда маҳаллий бюджетдан 725 минг доллар сарфланган. 

Фото: KUN.UZ

Кармана туманида жойлашган “Навоий” эркин иқтисодий зонаси атрофидаги дарахтлар қаровсизликдан қуримоқда. Ҳудудда 2015 йилда Ўзбекистон-Жанубий Корея дўстлик боғи ҳам барпо этилганди

Фото: KOICA ваколатхонаси
Фото: KOICA ваколатхонаси

2013-2016 йилларда Корея Республикаси халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA)нинг 2,5 млн доллар қийматидаги грант маблағлари ҳисобидан “Навоий” эркин иқтисодий зонаси атрофидаги 140 гектар майдонда кўкаламзорлаштириш лойиҳаси амалга оширилган. Ўша пайтда ушбу майдонда суғориш тизимини йўлга қўйиш учун эса давлат бюджетидан қарийб 725 минг доллар миқдорида маблағ ажратилган. 

Бугунги кунга келиб мазкур боғ ва яшил ҳудуд масъулларнинг эътиборсизлиги туфайли қаровсиз ҳолга келиб қолган.

Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz

Дўстлик боғидаги дарахтларнинг кўпчилиги сувсизликдан қуриш арафасида. 725 минг долларлик суғориш тизими нега ишламаётгани эса маълум эмас.

Ҳудуднинг аниқ бир эгаси ҳам йўққа ўхшайди: 2-3 йил олдин яхши қарашарди, машиналарда йўл устидаги дарахтларга сув қуйиб туришарди. Ҳозир эса эътиборсиз қолган: на ҳокимлик, на иқтисодий зона дирекцияси дарахтларни парвариш қилмаяпти.

Тўғри, ҳудудда сув муаммоси бор, ер ости сувлари ҳам пасайиб бормоқда. Чўл ҳудуди бу ерлар. Аммо буни била туриб туман ҳокимлиги 3 йил олдин мана шу ерда “Келажак” боғи ҳам барпо қилди. Ҳозир уям йўқолиб қолган”, дейди Kun.uz манбаси.

Кармана тумани ҳокимлиги 2020 йилда ҳақиқатдан ҳам мазкур ҳудудда “Келажак боғи” ташкил қилган. Ҳокимлик ахборот хизматининг ёзишича, 10 гектар бўш турган чўл майдонида ташкил этилган “Келажак боғи”га ўша пайти 1500 туп дарахт кўчати ўтқазилган.

Фото: Кармана тумани ҳокимлиги
Фото: Кармана тумани ҳокимлиги

Бугунги кунга келиб “Келажак боғи” йўқолиб қолган, унга сарфланган маблағ эса “ҳавога учган”. Катта эҳтимол билан бу ерда дарахт кўчатлари униб кетмаган бўлиши мумкин. 

Олдинроқ Бош прокуратура “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасига масъулиятсиз ёндашган 29 нафар раҳбар жавобгарликка тортилишини маълум қилганди. Масъуллар томонидан яшиллаштириш сиёсати ва белгиланган вазифаларга совуққонлик билан қараш, ҳисобдорликда кўзбўямачиликка йўл қўйиб, кўрсаткичларни бўрттириб кўрсатиш ҳолатлари аниқланган.

Руслан Сабуров, 
Kun.uz

Top