Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Туркияда силос минорасидаги портлаш оқибатида 12 киши жароҳат олди
Anadolu хабарига кўра, портлаш Туркия ғарбидаги Деринже порти яқинида дон олиб келган кемадан юк тушираётганда силос минорасида содир бўлган. 12 киши жароҳатланган.
Туркия ғарбидаги Деринже порти яқинида дон олиб келган кемадан юк тушираётганда силос минорасида портлаш содир бўлиб, 12 киши жароҳат олди, улардан 3 нафари оғир аҳволда. Бу ҳақда 7 август, душанба куни Кожаэли шаҳар ҳокими Тоҳир Буюкакин маълум қилди. Унинг сўзларини Anadolu агентлиги келтирмоқда.
Унга кўра, 13 та силос ва бошқа хўжалик иншоотлари шикастланган. Фавқулодда вазият юзага келган ҳудудга шифокорлар, қидирув-қутқарув ва ўт ўчириш хизматларидан иборат гуруҳлар жўнатилди. Ижтимоий тармоқларда пайдо бўлган видеотасвирларда портлашдан кейин зич тутун булути пайдо бўлганини кўриш мумкин.
Кожаэли губернатори Седдар Явузнинг сўзларига кўра, ҳодиса сабаблари ўрганилади.
«Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, портлаш буғдойни кемадан силосга ўтказиш вақтида чангларнинг сиқилиши натижасида содир бўлган», — дея қўшимча қилди у. «Бизга бу «техник жиҳатдан мумкин» деб айтишди, аммо барча эҳтимолий сабабларни кўриб чиқмоқдамиз», деди Явуз.
Туркия Транспорт ва инфратузилма вазирлиги маълумотларига кўра, Деринже порти яқинидаги кемаларга зарар етмаган.